Айни пайтда ижодий гуруҳимизда 10 нафарга яқин ёш – чолғучилар, маъмурлар, режиссёрлар фаолият олиб боради. Уларнинг аксарияти Санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаган. Шу маънода уларни соҳанинг истеъдодли, умидли вакиллари дейиш мумкин. Гуруҳ раҳбари сифатида мени ўйлантирадиган оғриқли бир масала – турли вилоятлардан келган бу шогирдларимнинг оилавий шароити – уй-жой муаммоси эди.
Президентимиз томонидан жорий йилнинг 2 февраль куни имзоланган “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги тарихий қарорда айни шу муаммолар ечими ҳам ўз аксини топди. Жумладан, узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида субсидиялар берилиши таъкидлаб ўтилди.
Зеро, Уй-жойи тайин, оиласида ҳаловати бор ижодкорнинг хаёли фақат ижодда, яхши асарлар яратишда бўлади, Президентимиз таъбири билан айтганда, ёниб ишлайди. Шунингдек, қарор билан камида 3 та миллий мусиқа чолғусида маҳорат билан куй ижро эта оладиган мутахассисларни асосий иш жойидан бўш вақтида, яъни ўриндошлик асосида умумий ўрта таълим муассасаларида мусиқа фани ўқитувчиси ва мусиқа йўналишидаги тўгарак раҳбари лавозимида тўлиқ ставкада ишлашига рухсат берилди. Бу эса юқоридаги имкониятдан фойдаланиш учун яна бир имконият.
Бу ерда узвийликнинг мавжуд эканига ҳам аҳамият берилган. Ипотека кредити асосида уй олиш, кредитни вақтида тўлаб бориш учун яхши даромад ҳам керак. Рўзғордан ортиб, кредит тўлаш осон эмас, албатта. Топиш-тутиши яхши бўлган одам иккиланмай имтиёзли кредитлардан фойдаланади.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қарорда миллий мусиқа санъатимизни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Энг яхши миллий қўшиқларни қайта ишлашга давлат буюртмаси берилиши ҳам жуда эзгу ишлардан бири бўлди. Миллий мусиқа санъатимиз, милий қўшиқчилигимиз ҳақида гап кетганида, албатта, бахшичилик, фольклор санъатига тўхталишни жоиз, деб биламан.
Сўнгги 2–3 йил ичида Президентимиз санъатимизнинг бу ноёб турларини ривожлантиришга ҳам ниҳоятда жиддий эътибор қаратяптики, бу саъй-ҳаракатлар келажак авлодлар, бутун дунё олдида ҳам Ўзбекистонимизнинг маданий салоҳияти ошиб боришида муҳим омил бўлади. Зеро, миллий мусиқа санъати, бахшичилик, халқ оғзаки ижоди ёшлар онгига бирданига сингиб қолмайди. Масалан, мен ўзим ҳам ижодимда бахшичилик санъатини имкон қадар замонавийликка уйғунлаштириб ёшлар учун мураккаб бўлмаган тарзда сингдиришга ҳаракат қиламан.
Умуман олганда, юқоридаги қарор маданият ва санъат соҳасининг янги даврини бошлаб бериши, шу пайтга қадар соҳага доир мавжуд ҳужжатларнинг энг улуғвори, залворли экани билан ҳам катта оламшумул воқелик бўлди, десам хато бўлмайди. Зеро, қарор билан амалга оширилиши белгиланган ҳар бир эзгу мақсад мамлакатимизни дунёга янада танитишга, ёш авлоднинг маънавий қиёфасини шакллантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Маҳмуд НАМОЗОВ,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти