Қайд этилганидек, Қўмита қонунчилик фаолияти доирасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва экспертларни жалб қилган ҳолда 16 та қонун ва 24 та масалани дастлабки тарзда кўриб чиқиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритган.

Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 13 та тадбир ўтказилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш соҳасидаги Қонунларнинг жойлардаги ижроси 7 марта, таълим соҳаси 5 марта, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги соҳаси 1 марта ўрганилган.

Бундан ташқари мактабгача таълим ва халқ таълими вазирларининг ахборотлари эшитилган.

Сенатга жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар, жойларда аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабуллар ҳамда ижтимоий тармоқларда кўтарилган масалалар юзасидан 3 та парламент сўрови юборилган. Уларнинг натижалари Қўмита мажлисларида ва Сенатнинг ялпи мажлисларида муҳокама қилинган.

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш доирасида ҳозирги кунда долзарб аҳамият касб этган «Онкологик касалликлар профилактикаси, уларни даволаш жараёнларидаги муаммолар ва ечимлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда онкологик касалликларни эрта аниқлаш, уларни даволаш жараёнидаги муаммолар, онкология муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш, республикадаги онкологик касалликларни даволашга ихтисослаштирилган муассасаларни замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш даражаси каби масалалар муҳокама қилинди ҳамда ҳукуматга қўмитанинг тегишли тавсиялар берилди.

Қонунлар ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинишини ўрганиш фаолияти доирасида 5 та қонунни татбиқ этишга қаратилган қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши ҳамда амалда қўлланилиши ҳолати мониторинг қилиниб, натижаси бўйича Сенат Кенгаши қарори қабул қилинган.

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш соҳасида Қўмита аъзолари томонидан ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 19 581 та ёзма мурожаат кўриб чиқилган, шундан 5 363 таси Сенатга келиб тушган мурожаатлардир.

Назоратга олиниб юборилган 2 582 та мурожаатдан 1 058 таси (41%) ижобий ҳал қилинган. Тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган мурожаатларнинг 1 524 тасига (59%) ташкилотлар томонидан фуқароларга тушунтиришлар берилган.

Сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва улар ечими юзасидан зарур чоралар кўриш мақсадида 887 та учрашув ўтказилган. Қўмита аъзолари томонидан Сенат ва жойларда жами 4 075 нафар фуқаро қабул қилинган.

Шунингдек, тегишли ҳудуд ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш борасида парламент назоратининг сенатор сўрови шаклидан самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахслар манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан жами 76 та сенатор сўрови юборилган.

Натижада ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган мактабгача ва ўрта таълим муассасаларини таъмирлаш ҳамда йўл қурилиши билан боғлиқ муаммолар ҳал этилган.

Сенат томонидан маъқулланган қонунлар мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтириш, фуқароларга давлат дастурларини ижро этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш мақсадида телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар ва босма даврий нашрларда 1 200 га яқин материаллар эълон қилинган.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.