Мажлисда Қўмита аъзолари, экспертлар гуруҳи аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик, идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган масалалар муҳокама этилди.

Хусусан, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I чораги ижроси якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, Қўмита томонидан «Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий хизматлар тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Ушбу Қонун аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг ҳуқуқ ва эркинликлари бўйича қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишларнинг мантиқий давоми эканлиги таъкидланди. Қонун юзасидан мажлис иштирокчилари ўз фикрларини билдирди. Муҳокамалардан сўнг Қўмитанинг Қонунни навбатдаги ялпи мажлис муҳокамасига киритиш ҳақидаги хулосаси тасдиқланди.

Шунингдек, кун тартибида Қўмита ишчи гуруҳи томонидан 11-15 апрель кунлари «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Жиззах вилоятидаги Ахборот-кутубхона марказларидаги ижроси бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, биноларнинг қурилиш ва санитария нормаларига мувофиқлиги ҳамда моддий-техник таъминот билан боғлиқ масалалар танқидий кўриб чиқилди. Масала юзасидан мутахассислар фикрлари эшитилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.