Бу ҳақда академия матбуот хизмати хабар қилди.
Ушбу материал асосида сувни тозалашга мўлжалланган WATER-TOL номли фильтр-пресс қурилмасининг лаборатория намунаси ишлаб чиқилди.
Сўнгги йилларда углерод асосидаги замонавий материаллар — графен, углерод нанотрубкалари, фуллеренлар ва графен оксиди кенг кўламда тадқиқ этилмоқда. Ушбу материаллар юқори мустаҳкамлик ва ноёб физик-кимёвий хусусиятларга эга бўлишига қарамай, уларнинг аксариятини ишлаб чиқариш жараёнида заҳарли моддалар қўлланилиши сабабли тиббиёт соҳасида фойдаланиш чекланган.
Фанлар академияси олимлари томонидан яратилган кўп қатламли графен эса бу жиҳатдан мутлақо хавфсиз ҳисобланади. У инсон организми учун зарарсиз бўлган нанокарбон материал бўлиб, олиб борилган илмий тадқиқотлар натижаларига кўра:
- инсон тўқималарига салбий таъсир кўрсатмайди;
- яраларнинг тез битишига ёрдам беради, жумладан, диабет сабабли узоқ вақт битмайдиган яраларнинг қисқа муддатда тузалиши қайд этилган;
- бактериялар, вируслар ва замбуруғларга қарши фаол таъсирга эга;
- ҳужайра ва тўқималарнинг тикланиш жараёнини рағбатлантиради.
Шу боис, кўп қатламли графен инсон танаси тўқималари билан мос келувчи, яъни биомос янги авлод материали сифатида баҳоланмоқда. У тиббиётда яраларни даволаш, тикловчи муолажалар ва антибактериал қопламалар яратишда, фармацевтика соҳасида дори воситаларини етказиб берувчи ташувчи сифатида, саноатда эса мустаҳкам ва юқори чидамли материаллар тайёрлашда қўлланилиши мумкин.
Энг муҳими, глобал экологик муаммоларни инобатга олган ҳолда, кўп қатламли графен сув ва ҳавони тозалаш, заҳарли моддалар ҳамда радионуклидларни ютиб олишда юқори самарадорликка эга.
Кўп қатламли графеннинг графен оксидидан асосий фарқи шундаки, у таркибида кислородли гуруҳларни сақламайди. Шу сабабли, мазкур материал тиббиёт ва экология соҳалари учун хавфсиз, юқори салоҳиятга эга бўлган ҳамда XXI асрнинг истиқболли инновацион материалларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.