Қарорга кўра, қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:
- жамият ва давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларга маслаҳат ва эксперт ёрдамини ташкил қилиш;
- мамлакатнинг барқарор ривожланиши мақсадидан келиб чиқиб қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар учун ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича таклифларни ўз ичига олган таҳлилий ҳужжатларни тайёрлаш;
- давлат ва ҳуқуқ соҳасида фанлараро фундаментал илмий тадқиқотларни бажариш;
- замонавий электрон-ахборот ва ўқув-педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда аҳолининг, шунингдек, давлат бошқаруви органлари
ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга кўмаклашиш;
— илмий фаолиятни давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари билан ҳамкорликда, шартномалар асосида амалга ошириш, энг долзарб ҳуқуқий тадқиқотларни амалга ошириш бўйича илмий йўналишдаги фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида шартномалар тузиш;
— юридик ихтисосликлар бўйича диссертациялар ҳимоясини ташкил қилувчи илмий кенгашлар тузиш йўли билан замонавий талабларга мувофиқ илмий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда бевосита иштирок этиш;
Институтга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси уставида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади ҳамда у Фанлар академиясининг тегишли вице-президенти билан келишилган ҳолда Институт директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга, жумладан илмий ишлар бўйича директор ўринбосари ҳамда умумий масалалар бўйича директор ўринбосарига эга бўлади.
Институт ноширлик фаолияти билан шуғулланиши ва ўзининг матбаа органини (”Давлат ва ҳуқуқ” журнали) ташкил қилиши мумкин.