БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети билан “Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида нарх ва бозор маълумотларининг ахборот тизимини жорий этиш ва қиймат занжирларини мақсадли таҳлил қилиш” бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолади. Университет қошидаги Амалий тадқиқотлар маркази лойиҳани амалга оширишда қатнашади.
Ҳужжатни имзолаш маросимида ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров ва Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ректори Баҳром Мирқосимов иштирок этди.
— Яқин ҳамкорлик ва ўзаро ҳурматга асосланган ушбу шартнома бўйича биргаликдаги ҳаракатларимиз таъминот занжири ривожланишига ёрдам беради ҳамда нарх ва бозор ахборот тизимларини такомиллаштириш орқали қишлоқ хўжалигининг рақобатбардошлигини мустаҳкамлайди, — дейди Шерзод Умаров. — Бу эса, ўз навбатида, бир вақтнинг ўзида бир нечта барқарор ривожланиш мақсадларига, яъни, қашшоқликни бартараф этиш, очликни бартараф этиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва барча учун муносиб иш, шунингдек, оқилона истеъмол ва ишлаб чиқаришга эришишга ёрдам беради.
Нарх ва бозор маълумотлари ахборот тизимлари (MIS) қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда, айниқса, кичик фермерлар ва озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар учун муҳим аҳамият касб этади. Ишончли бозор маълумотлари шаффофликни, рақобатбардошликни оширади ва маркетинг тизимларининг асосий иштирокчилари ўртасида даромадларни янада адолатли тақсимланишини таъминлайди, шунингдек, қиймат занжирининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшади. Бундан ташқари, MIS юзага келадиган озиқ-овқат муаммолари, шунингдек, нисбатан қисқа муддатли тақчиллик ёки узоқ муддатли таркибий муаммоларга боғлиқ бўлган соғлом овқатланиш имконияти ва қийматини ҳисоб-китоб қилиш йўли билан юзага келадиган озиқ-овқат муаммолари тўғрисида огоҳлантирувчи нархлар тенденциясини аниқлаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга сезиларли даражада таъсир қилиши мумкин. MIS, шунингдек, ҳукуматларга қишлоқ хўжалиги соҳасида қарорлар қабул қилиш жараёнларида яхши қўлланма бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ўзаро ҳамкорликдан кутилаётган натижалари қуйидагилардан иборат:
- танлаб олинган устувор ишлаб чиқариш-сотиш қиймат занжирлари учун мавжуд нархлар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатиш бўйича мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш;
- танлаб олинган устувор қиймат занжирлари учун товар бозорларини ривожлантириш ва бозор стратегиясини кузатиш, таҳлил қилиш, прогнозлаш бўйича мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш;
- ҳақиқий маълумотлар асосида ахборот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва стратегияни режалаштириш, турли таъсирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича миллий салоҳиятни кучайтириш.
Маълумот учун, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети Ўзбекистондаги биринчи халқаро университет, шунингдек, ўз йўналишидаги халқаро олий таълим берувчи Марказий Осиёдаги илк университет ҳисобланади. Лондондаги Вестминстер университети томонидан тўлиқ тан олинган. Университетнинг вазифаси Марказий Осиё ва халқаро миқёсда жамиятларнинг интеллектуал, ижтимоий ва касбий ривожланишига ҳисса қўшадиган халқаро стандартларга мувофиқ талъим ва тадқиқот имкониятларини тақдим этишдан иборат.
ФАО эса 1945 йилда ташкил этилган бўлиб, 194 аъзо давлатни ўзига бирлаштиради ва 130 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритади. ФАОнинг мақсади озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳолининг юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш имкониятларини таъминлашдан иборат. 2001 йилда Ўзбекистон ФАОга аъзо бўлган ва 2014 йилда ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иш бошлади.