Тадбирда дастлаб ДХА Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Абдусатторов мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсда бошланган ишлар доирасида бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Хусусан, вилоятдаги 22 та туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 1 млн.дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган. Шунингдек, 162 мингдан ортиқ фуқаро хизматлардан мустақил равишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали фойдаланди. Марказларидан узоқда жойлашган ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, вилоятда Давлат хизматлари марказининг 9 та филиаллари ташкил этилган бўлиб, 2021 йил давомида улар томонидан кўрсатилган хизматлар сони 9 мингдан ошди. Олис, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш мақсадида
15 минг 410 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан 75 минг 289 та туғилганлик, 25 минг 719 та никоҳ қайд этилган.
Матбуот анжуманида Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова ДХА фаолияти, соҳада амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режалар ҳақида ОАВ ва жамоатчилик вакилларига ахборот бериб ўтди.
Бугунги кунда марказлар орқали 170 га яқин хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июлдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган бўлиб, тизимда қатор устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, 2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш, шу жумладан давлат хизматлари марказлари орқали ҳам амалга оширила бошланди. Тошкент вилоятида тажриба тариқасида Нурафшон, Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарлари Давлат хизматлари марказлари орқали Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришни бошлади. Мазкур марказларимиз ҳамда Зангиота туман Давлат хизматлари маркази орқали шахсни тасдиқловчи ID-карта бериш ҳам жорий қилинди.
Тадбирда иштирок этган журналист ва блогерлар томонидан соҳага оид бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилиб, келгусида жамоатчилик билан алоқалар соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга, фуқароларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини оширишга кўмакчи бўлишлари айтиб ўтилди.
Анжуманда журналист ва блогерларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
матбуот хизмати