Олий таълим муассасаларининг узоқ йиллик тизгинлардан қутулиб, замонавий ривожланиш ва сифатли таълимга эришиб бораётганига ҳам барчамиз бирдек гувоҳмиз.
Ўзининг қарийб бир асрлик салобати билан йилдан йилга юксак мақом ва нуфузини баландлатиб келаётган отахон университет – Фарғона давлат университети ҳам бугунги ислоҳот ва янгиланишлардан тўла баҳраманддир. Яратилган имкониятлар натижасида университетимиз халқаро эътирофларни қўлга киритиб келаётгани эса барчамиз учун катта ютуқ, фахр, албатта.
Қувонч ва ифтихор билан таъкидлаш жоизки, бутун дунёга ўз нуфузи ва шаффофлиги билан танилган Буюк Британиянинг Times Higher Education — “THE” рейтингида Фарғона давлат университети натижалари эътироф этилганининг ўзи нафақат Фарғона, балки Ўзбекистон олий таълимининг ютуқ ва афзалликлари турли йўналишларда самарали, ўз ўрнида мақбул эканлиги халқаро даражада тан олинаётганини кўрсатди.
Унга кўра, “THE” рейтинг агентлиги – дунё университетларининг БМТ – “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га (SDGs) мувофиқлигини баҳоловчи глобал рейтингда 14 та йўналиш бўйича Фарғона давлат университети юқори кўрсаткичлар билан 1000+ натижани қайд этди.
Эътиборли жиҳати, олийгоҳ сифатли таълим бўйича 43,8 балл билан 601-800 ўринда эътироф этилди. Шунингдек, “University Impact Ranking-2023» натижаларида университет очликка барҳам бериш бўйича 41,8 балл билан 301-400 ўринда, тенгсизликни камайтириш бўйича 601-800, қуруқликдаги экотизимларини асрашда 401+, гендер тенглиги, муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш ҳамда тинчлик, адолат, самарали бошқарув йўналишида 801+ ўринни эгаллаб тургани таҳсинга лойиқдир. Қувонарлиси, жонажон олийгоҳимиз жаҳон халқаро рейтинги — “Round University Ranking” – “RUR” рейтингида ҳам ўқитиш индикатори бўйича янада юқорилаган эди.
Нафақат мамлакат миқёсида, балки халқаро стандартлар асосида ўз ривожланиш йўлини танлаб олиш ва бу йўлдан дадил одимлар бориш, шубҳасиз, кучли билим ва меҳнат, қатъий изланувчанлик орқали амалга ошади. Бу борада Фарғона давлат университети эришаётган ютуқлар олийгоҳимиз тарихига муносиб равишда қайд этилиб бормоқда.
Бундай эзгу натижаларни, аввало, юртимизда олий таълим тизимидаги самарали ислоҳотлар, қолаверса, педагогика фанлари доктори, профессор Баҳодиржон Шермуҳаммадов бошчилигидаги катта жамоа адо этиб келаётган шарафли ва машаққатли меҳнатларнинг бугунги ҳосиласи, деб баҳолаш мумкин.
Бугун университетда ўз меҳнат фаолиятини олиб бориб, юксак илмий муваффақиятларга эришаётган, қарийб 35 минг нафар талаба-ёшларга муносиб билим ва тарбия бериб келаётган профессор-ўқитувчилар, илм уфқларини забт этиб бораётган ёш олимлар, шубҳасиз, университетимизнинг ёруғ ишончидир.
Ишонч билан қайд этиш лозимки, отахон олийгоҳимиз ўз тараққиёт йўлидан дадил қадам ташлаб, Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш мезонларига мос қиёфа касб этиб бораверади. Университетимизнинг илмий салоҳияти ва имкониятлари халқаро даражада эътироф этилаётгани эса унинг энг муносиб ва тўғри йўлдан бораётганининг ёрқин исботидир.
Соҳиба ЗОКИРОВА,
Фарғона давлат университети доценти, филология фанлари доктори (DSc)