Маҳалла оралаб аҳоли билан учрашган давлат раҳбарини шу маҳаллада яшовчи онахонлардан бири 6 февраль куни бўлиб ўтиши режа қилинган ўғилларининг тўйига таклиф қилди. Президент тўй эгаларини табриклаб, ёш оилага бахт, соғлик тилаганди. Ва вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровга онахоннинг исм-фамилиясини ёзиб олиб, Президент номидан тўйга бориши лозимлигини тайинлаганди.

«Дарё» мухбирининг маълум қилишича, вилоят ҳокими бугун, 6 февраль куни «Шодиёна» маҳалласида яшовчи Каримберди Мамажонов ва Саодат Акрамованинг ўғиллари — Комилжон ва Маҳмуджоннинг никоҳ тўйида меҳмон бўлган.

Ҳоким Хайрулла Бозоров келин-куёвларга давлат раҳбари номидан музлатгич, кир ювиш машинаси, телевизор каби маиший техника воситалари ва тўёна улашган. Шунингдек, онахонга Президентнинг табрикларини ҳам етказиб, Шавкат Мирзиёев билан тушган суратини совға қилган.

«Президентимиз номларидан келдим. Табриклаймиз, тўйлар муборак бўлсин. Президентимиз ҳам табрикларини билдирдилар. Илоҳим, ёшлар бахтли-саодатли бўлсин, ўзларидан кўпайсин, қўша қариб, ота-онасининг хизматини қилиб юришсин, дедилар. Президентимизнинг табрикларини қабул қиласизлар», — деган тўй соҳибларига Хайрулла Бозоров.