Заводнинг ишлаб чиқариш қувватларини мақсадли янгилаш ҳамда Санег нефть-газ компанияси (2022 йил июнь ойидан бери ФНҚИЗга эгалик қилади) томонидан жалб қилинган инвестициялар туфайли қайта ишлаш ҳажмини оширишга эришилди.
Умуман олганда, Санег ФНҚИЗни модернизация қилиш учун 400 миллион доллардан ортиқ маблағ йўналтириб, йил давомида хомашёни қайта ишлаш тезлигини икки бараварга, 1 миллион тоннадан 2 миллион тоннагача ошириш ниятида.
Бундан ташқари, АИ-92 бензин ишлаб чиқариш ҳажми ҳам оширилди. Ҳар куни камида 500 тонна шу маркали маҳсулот савдоларга қўйилмоқда.
«Бугунги кунда корхонанинг барча ресурслари аҳолини ҳамёнбоп ёқилғи, хусусан, бензин билан таъминлашга қаратилган. Яқинда акциз солиғининг бекор қилиниши бозорга сезиларли таъсир кўрсатди ва талаб ҳам сезиларли даражада ошди. Бироқ биз ишлаб чиқариш дастурини ундан олдин, ноябрь ойида корхонанинг иш ҳажмини мослаштириб, куз-қиш мавсумининг максимал даври яқинлигини англаган ҳолда ўзгартирган эдик.
Қолаверса, завод технологик жараёнлар бўйича ҳам янги босқичга кўтарилди – бугунги кунда замонавий технологияларни қўллаш туфайли хомашёни аралаштиришда асбоб-ускуналар ишлашнинг энг самарали параметрларини белгилаб олдик.
Барча тайёр бензин маҳсулотлари эркин бозор нархини шакллантириш мақсадида биржа орқали сотилмоқда», - дейди корхона директори Хабиб Латипов.