Умумий майдони 2,5 гектар ерда лимончилик йўналишида иссиқхона қуриш лойиҳасига тамал тоши қўйилганига ҳам мана уч йил бўлди.
Амалда эса, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Маҳалла масъуллари ҳамроҳлигида бу ердаги ҳақиқий манзарани кўриб, эссиз шунча меҳнат, маблағ деган хулосага келдик.
2020 йилда даҳадаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерда иссиқхона ташкил этилиб, ҳудуддаги кам таъминланган, ишсиз, меҳнат миграциясидан қайтган 125 та оилага, 2 сотихдан, 50 фоиз субсидия (7 млн 840 минг сўм), қолган ярми АТБ “Туронбанк”нинг имтиёзли кредити ҳисобидан тақсимлаб берилди.
Яхши ниятда бошланган эзгу ишлар якунига етказилмади. Сувсизлик, қаровсизлик туфайли чала қолиб кетган иссиқхоналарнинг бугунги ҳолига маймунлар йиғлайди. Юзлаб оилалар мушкулини осон қилиб, рўзғорига барака келтириши керак бўлган иссиқхонадан ҳеч ким, ҳеч қандай мақсадда фойдалангани йўқ. Қовжираган ариқлар, йиртилиб кетган плёнкалар ҳудуд бўйлаб сочилиб ётибди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади? Бу иссиқхоналар ҳақиқатдан ҳам муҳтож оилаларга берилганми? Шунча вақтдан буён иссиқхонани бўлган оилалар нега даромад олишмаяпти?
– Яшаш жойимизга яқин ҳудудда қурилган иссиқхонадан умидимиз катта эди, – дейди “Янги аср” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Рустамжон Алимов. – Аммо бу ерда экин экиб, даромад олишнинг имкони йўқ. Чунки иссиқхонага сув тармоғи тортилмагани учун ҳар қандай экин эксак ҳам қуриб қолади. Икки сотихли иссиқхонадан бугунга қадар бир сўм ҳам даромад олганимиз йўқ. Лекин кредитни қайтаришнинг имтиёзли даври бўлгани учун бир амаллаб турибмиз. Имтиёзли даври тугагач, даромад олишнинг имкони бўлмаса, кредит қарзимизни қандай қайтаришга ҳайронман. Шифер заводида ишлайман. Иссиқхоналар сув билан таъминланса, қўшимча даромад олиш имкониятига эга бўлардик. Бу масалада масъулларга бир неча бор мурожаат қилганмиз. Ҳаммалари келиб, кўриб кетишади, амалда эса ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.
Йиллар давомида ҳақли эътирозларга сабаб бўлиб келаётган иссиқхонани сув билан таъминлаш борасида ўтган йили амалий ишларга киришилди. Мавжуд ҳолатни ўрганиш ва камчиликларни бартараф этиш, экин майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилиб қудуқ қазилди, сув минораси ўрнатилди. Аммо бу иш ҳам охирига етгани йўқ. Ўрнатилган сув минораси бошқа қурилиш объекти ҳудудида тиклангани боис кўчириб ташланди.
– Иссиқхоналарнинг ишга тушмаётганлигининг бирдан бир сабаби, сув таъминоти билан боғлиқ, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Шерзод Норматов. – Иссиқхона олган барча фуқаролар ҳақида аниқ маълумотларга эга эмасмиз. Чунки ер майдонлари тумандаги бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳам берилган. Ўрганишларимиз натижасига кўра, 7 нафари бизнинг маҳаллада яшаётган фуқаролар. Улар иссиқхона фаолиятини юритишга тайёр. Лекин деҳқончилик қилиш учун сув йўқ. Муаммо ҳал этилса, бу ерда ишлаш истагида бўлган ташаббускор томорқачилар кўпчиликни ташкил этади. Улар рўйхатини шакллантириб туман меҳнат бўлимига ҳавола қилганмиз. Маҳалламизда меҳнатга лаёқатли 120 нафар ишсиз фуқаро бор. Шунингдек, 117 нафар “Аёллар дафтари” 16 та “Ёшлар дафтари” ва 17 та “Темир дафтар” да туради. Аксарияти деҳқончилик қилишга иштиёқманд, қобилиятли кишилар.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли бандлигини таъминлаш, фаровонлигини ошириш йўлидаги лойиҳа бошланганидан буён, туманда уч бор ҳоким ўзгарди. Аммо муаммо ўша-ўша турибди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида масалага ижобий ечим топиш мақсадида “Водил Миндонобод лимонлари” кооперацияси ташкил этилди. Бироқ бошланган иш охирига етмай тўхтаб қолди. Нима учун?
– Бу ерда дастлабки босқичда юз миллион сўмга яқин инвестиция киритиб, ўндан ортиқ иссиқхоналарга лимон кўчатлар экдик, – дейди кооперация раҳбари Абдуғаффор Мамажонов. – Сув йўқлиги боис кўчатлар қуриб кетди. Мавжуд экин майдонларини қонуний бириктириб бериш масаласи ҳал этилмаётгани сабабли лойиҳага сармоя жалб этишни тўхтатиб турибмиз. Сув олиб келиш, томчилатиб суғориш тизими фаолиятини йўлга қўйиш, ободонлаштириш борасида имкониятларга эгамиз. Экин майдонларини шартнома асосида ҳужжатлаштириб бериш юзасидан амалий ёрдам сўраб бормаган жойимиз, бош суқмаган идорамиз қолмади. Масала ҳанузгача ҳал этилгани йўқ. Бу ишларга бевосита дахлдор бўлган туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши турли баҳоналарни рўкач қилиш билан овора.
Фарғона тумани ҳокимининг 2020 йил, 2 июль кунги №441-сонли қарорига кўра, ердан белгиланган мақсадларга мувофиқ фойдаланиш, кооперациялар фаолиятини йўлга қўйиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, белгиланган шаклдаги ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини (3 йил мобайнида ўртача йиллик ҳисобда) ерларнинг нормативдаги кадастр баҳосидан паст бўлмаган даражада бўлишини таъминлаш вазифаси белгиланган ва унинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари зиммасига юклатилган. Гувоҳи бўлганимиздек, чала-ярим қолган иссиқхоналар яроқсиз, ташландиқ бўлиб, юздан ортиқ оиланинг ҳеч бири ундан фойдалангани йўқ.
Мавжуд ҳолат билан боғлиқ вазиятни ўрганиш жараёнида туман ҳокимининг ўринбосари Шаҳбоз Сайфутдинов, фермер, деҳқон хўжалик ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Отабек Холиқов, банк соҳаси мутасаддилари билан ҳамсуҳбат бўлдик. Улар мавжуд масалалар шу кунларда бартараф этиш чоралари кўрилаётгани, масъулларга тегишли вазифалар юклатилгани, муаммога тез кунларда ечим топилишини бот-бот такрорлашди. Шундай бўлса-да, бу мавзуга яна қайтишга қарор қилдик.
Расулжон Камолов,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.
Шерзод Қорабоев олган суратлар.