Аҳолига 170 га яқин давлат хизмати кўрсатаётган тизимда кун ора бир янгилик, кун ора бир хизмат келиб қўшиляпти.
«Суюнчи пули» ота ёки онанинг бирини пластик картасига ўтказилаётгани, фуқароларга пластик шаклдаги кадастр паспорти берилаётгани, 2022 йилдан ID-карталар, яъни фуқаролик паспортлари Давлат хизматлари марказлари орқали берилиши ёхуд никоҳдан ўтиш учун бериладиган бир ой муддат бекор қилиниши мумкинлиги хусусидаги хабарлар барчага қизик. Чунки, бундай янгиликлар фуқароларга қулайлик яратади ва ҳуқуқий жиҳатдан хабардорлигини оширади.
Вилоят бўйича аҳоли ва тадбиркорларга жорий йил 11 ойи давомида 1 миллионга яқин давлат хизмати кўрсатилган.
Айни пайтда 19 та туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 160 турдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатиляпти. Жорий йилнинг шу даврига нисбатан марказлар томонидан 963 минг 446 та хизмат кўрсатилган. Шунингдек, 23 минг 505 та янги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Шундан 14 минг 36 тасини жисмоний шахслар ҳамда 9 минг 559 тасини эса юридик шахслар ташкил этади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида, 54 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бундан ташқари, туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан 42 минг 259 та давлат хизматлари сайёр тартибда ҳамда 45 минг 527 та давлат хизматлари 11 та филиаллар томонидан кўрсатилган.
2021 йил 11 ойи давомида эса жисмоний ва юридик шахсларга 494 минг 089 та бепул давлат хизматлари кўрсатилган.
Шу кунга қадар энг кўп мурожаатлар тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, кадастр паспортини шакллантириш, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга ариза юбориш, болаларни мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш бўйича ариза бериш, қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш, 20 киловатдан юқори бўлмаган электр тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш бўйича келиб тушган.
Афсуски, амалга оширилаётган самарали ишларга қарамай, ҳамкор давлат органлари ва бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида кўплаб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги ҳам аниқланган. Ташкилотлар кесимида таҳлил қилинганда жорий йилнинг 11 ойида жами 5 минг 765 та қонунбузарлик ҳолатлари очиқланган. Айниқса, кадастр, архитектура ва қурилиш ҳамда маҳаллий ҳокимликларда меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этмаслик холатлари кўпроқ қайд этилди. Шу боис мазкур идораларга 37 та тақдимнома, 321 та огоҳнома киритилди, 205 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди, деб хабар беради Давлат хизматлари агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси матбуот хизмати.