Ўтган йилги ўрганишлар натижасида Қўқон шаҳрида давомат жуда пастлиги аниқлангач, ўқувчилар давоматини юздан аниқлаш тизими тажриба сифатида жорий қилинди. Ота-она – мактаб – маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу тизим ўз яхши самарасини берди, давомат ўсиши 15 фоизни ташкил этди. Ўқувчиларни мактабга қатнаш давоматини яхшилашга қаратилган давоматни назорат қилиш ахборот тизими энди барча таълим масканларида йўлга қўйилади.
Таълим соҳасида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва вилоятда татбиқ этиш мақсадида энг яхши ўқитувчилардан ташкил этиладиган делегациялар хорижий давлатларга йил давомида вилоят ҳокимлиги томонидан тажриба ўрганиш ва малака ошириш учун юборилади.
Мактаб дастурига киритилган ҳар бир фан бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган ўқитувчилар учун мавжуд устамаларга қўшимча равишда вилоят ҳокимлигининг махсус устамаси жорий этилади. Бу устама бир ўқув йили давомида тўлаб борилади, унинг талаблари ҳамда низоми ишлаб чиқилиб, барча педагогларга етказилади. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров аҳолига қилган мурожаатида маълум қилди.