Ҳар гўшада янгиланиш, бунёдкорлик, яратиш шижоати ҳукмрон. Одамлар тилида шукрона, дилида мамнунлик. Халқимиз ҳаётимизда рўй бераётган ўзгаришлар, фаровонлик йўлида амалга оширилаётган ташаббуслардан мамнун.

Сўнгги йилларда юртимизнинг тобора чирой очиб, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиб бораётган ҳудудларидан бири Фарғона вилояти ва унинг чекка-чекка қишлоқлари, маҳаллаларида ҳам ушбу ўзгаришлар руҳини сезиш қийин эмас. Туман ва шаҳарларда ҳам фуқароларимиз турмуши фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган катта-катта ўзгаришлар рўй беряпти.

Аввало, вилоятдаги иқтисодий кўрсаткичларга қисқача тўхталадиган бўлсак, барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида кейинги олти йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 56 триллион сўмни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 3,1 баробар ўсди. Ушбу кўрсаткич билан вилоятимиз республикада 5 ўринни қайд этди. Хусусан, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2022 йил якуни билан 14,2 миллион сўмга етказилиб, 2016 йилга нисбатан қарийб 3 баробар ортган.

Мамлакатимизда тадбиркорларга яратилган шароитлар, берилган имтиёзлар натижасида Фарғонада тадбиркорлар сони 55,7 мингга етди ва 2016 йилга нисбатан 2,3 баробар кўпайди. Шу даврда вилоятда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга 39 триллион сўм кредит йўналтирилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида 2017–2022 йилларда 828,4 мингта иш ўрни яратилиб, бу кўрсаткич олдинги йилларга солиштирганда 18 баробар ошган. 2022 йилнинг ўзида ҳудудда 559,3 минг фуқаро бандлиги таъминланган. Биргина оилавий тадбиркорлик дастури доирасида фуқароларга ажратилган 3,3 триллион сўм кредит ҳисобига 155 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланган.

Кейинги йилларда аксарият соҳаларга хорижий инвестицияларни киритиш ҳамда иқтисодиётнинг ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё ва Ислом тараққиёти банклари, бошқа халқаро молия институтлари ҳамда кўплаб хорижий давлатлар билан олиб борилаётган ўзаро ҳамкорлик натижаларига кўра, мамлакатимизда инвестициялар ҳажми йилдан-йилга ошмоқда.

Жумладан, вилоятда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида хорижий инвестицияларни жалб этиш кўлами кенгаймоқда, пировардида, янги қувватлар ишга туширилиб, қўшимча иш ўринлари яратиляпти. Жозибадор инвестиция муҳити яратилаётгани туфайли хорижий инвесторларнинг ҳам шу ерда бизнес юритишга интилиши ортиб бораётганини кузатиш мумкин.

Бу борада 2016 йилда вилоят иқтисодиётига 5,1 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган бўлса, 2022 йилда 957,4 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 2016 йилга нисбатан қарийб 190 баробар кўпайган.

Кейинги йилларда ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар натижасида вилоятда улар сони 3 баробар кўпайиб, 779 тага етди. Таққослайдиган бўлсак: 2016 йилда маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорлар 275 тани ташкил қилган. Шунга мутаносиб равишда 2022 йилда вилоятда экспорт ҳажми 829,4 миллион долларни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 2,1 баробар ортган.

Биз бу рақамларни бежиз келтирмадик. Улар – тилсиз. Шу боис, ҳар бир рақам ортида одамлар ҳаёти фаровонлиги билан боғлиқ катта ўзгаришлар борлигини теран тушуниш учун иқтисодий юксалиш моҳиятини шарҳлашга тўғри келади.

Эътибор беринг, биргина 2022 йилнинг ўзида Фарғона вилоятида 559,3 минг фуқаро бандлиги таъминланган. Бу ярим миллион атрофидаги оилаларга тўкислик ва ҳамжиҳатлик муҳити, ишонч руҳи, меҳр ришталари кириб келди, дегани. Зеро, жамиятда бир кишини рози қилиш қанчалик қийин бўлса, унинг самараси шунчалик шукуҳли ҳамдир. Демак, ярим миллион оила ва уларда яшаётган ёшу кекса қалбига хотиржамлик бағишлаш саодати жамиятимизнинг мутлақо янги қиёфасига асос бўлаётгани ҳам бор гап.

Шундагина юқорида келтирилган ҳар бир рақам ва иқтисодий юксалиш ортида ҳаёт қуввати ва келажакка буюк ишонч руҳи, яратувчанлик кайфияти зоҳир эканини англаш кўп ҳам мушкул эмаслигини тушунамиз.

      Кейинги йилларда Фарғона вилояти том маънода ижтимоий юксалиш водийси сифатида ҳам бўй кўрсатди. Ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида салмоқли ишлар қилинди. Масалан, вилоятда кейинги олти йилда 2690 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиб, улар сони 3348 тага етди. Бу рақамлар мактабгача таълим ташкилотлари 2016 йилга нисбатан 5,1 баробар кўпайганини кўрсатади. Болаларни боғчага қамраб олиш даражаси эса 34,2 фоиздан 86,3 фоизга оширилиб, бугунги кунда республикада 1-ўринга кўтарилди.

Айни пайтда вилоятда 976 мактабда 675 минг ўқувчи таълим олмоқда. Қолаверса, ўтган йилларда Фарғона шаҳрида Президент мактаби ҳамда вилоятнинг ҳар бир ҳудудида 1 тадан ихтисослашган мактаб ташкил этилиб, мактаблар қуввати 2016 йилга нисбатан 128 минг 105 тага оширилди.

Яна бир устувор масала, албатта, бу аҳоли саломатлигини сақлашдир. Фарғона вилоятида ўтган олти йилда тиббиёт муассасалари сони 1233 тага етказилиб, 2016 йилга нисбатан 1,7 баробар кўпайган. Соҳани ривожлантиришга 2022 йилнинг ўзида 2,4 триллион сўм ажратилиб, ушбу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 4,5 баробар ошган.

Муҳандислик тармоқларини яхшилашга ўтган олти йилда қарийб 3,2 триллион сўм маблағ йўналтирилган.

Бунинг ҳисобига:

– ичимлик суви таъминоти даражаси 2016 йилдаги 58 фоиздан 76,3 фоизга кўтарилди;

– йўл инфратузилмаси аҳоли ва транспорт воситалари ҳаракатланишига қулай шароит яратиш мақсадида вилоятдаги 5,5 минг километр узунликдаги йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 2016 йилга нисбатан 11 баробар кўп маблағ сарфланди;

– электр таъминотини яхшилаш мақсадида 5 минг километр электр тармоғи, 1320 трансформатор пунктини қуриш ва таъмирлашга 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп маблағ йўналтирилди.

Фарғонада 300 гектарли улкан май­донда жадал қурилиш кетмоқда. Бу ерда 65 мингдан зиёд аҳолига мўлжалланган 298 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Аҳоли зич яшайдиган шаҳар ва вилоят учун бу муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Бу йил массивда 73 та уй барпо этил­моқда. Уларнинг дастлабкилари фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, ҳудудда мактаблар, мак­табгача таълим ва тиббиёт муассаса­лари, савдо ва маиший хизмат шохоб­чалари, спорт мажмуалари қад ростлайди. 50 гектарда ташкил этиладиган кичик са­ноат зонаси аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Массив ўзига хос экошаҳар бўлади — 70 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” ва сунъий кўл барпо қилинади. Бўш майдон­ларга ҳам дарахтлар экилиб, сунъий кўл атрофида сўлим хиёбон ташкил этилади.

Мен Фарғона фарзандиман. Шу гўзал водийда болалигим, ўсмирлик чоғим ўтган. Унинг ҳар бир гули, меваси, тотли суви, бир тишлам нони мен учун азиз. Вилоятда битта ўзгариш бўлса, қалбим тоғдек юксалади, бир камчилик кўрсам, юрагим ачийди. Шу боис, кейинги йилларда Фарғонада бўлаётган ўзгаришлар билан ҳақли равишда фахрланиш ва ғурурланишга ўрганиб қолдик. Одамлар ҳаёти ўзгарди, дунёқараши, фикрлаши ўзгарди.

Буни ҳозир биз таҳлил қилган ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар мисолида ҳам таҳлил қилиш мумкин. Бундан бир-неча йил олдин фарғоналик одамларни фарзанди тақдири кўп ўйлантирар, чунки болаларнинг ярмидан кўпи боғчага бормас, мактаблар хароб аҳволда эди. Ишсизлик муаммоси эса авжига чиққан, норғул, айни кучга тўлган йигитлар оиласини боқиш учун чет элларда сарсон-саргардон юришга мажбур бўларди. Бундан ким азият чекади? Албатта, шу йигитларнинг ота-онаси, ёру биродари, фарзандлари. Бора-бора бу вазият одамлар ўртасида чуқур тушкунлик кайфиятини содир этди. Жамиятдан, ҳаётдан, давлатдан норозилик кайфиятини вужудга келтирди.

Бугун ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар мана шу каби нохуш манзараларни тубдан ўзгартириб юборди. Юқоридаги рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, кейинги йилларда мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя воситалари жой-жойига тушган. Яъни, Ўзбекистон том маънода ижтимоий давлат вазифасини тўлақонли бажара бошлади.

  Албатта, барча хайрли ишлар, аввало, аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш, оилалар фаровонлигини таъминлашга замин бўлмоқда. Шу билан бирга, аҳолини рози қилиш, бу сиёсатни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш борасида ҳали кўплаб қиладиган ишларимиз бор. Президентимизнинг Фарғона вилоятидаги сайловчилар билан учрашувида ҳамда жорий йил 27–28 июль кунлари вилоятга ташрифи чоғида бу борадаги устувор вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, сайловчилар билан учрашувида “Янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда қурамиз!” деган ғояни мужассам этган сайловолди дастури доирасида Фарғона вилоятини келгуси етти йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди. Унга кўра, Фарғона вилоятида кейинги етти йилда 2 мингта давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилиши, янги мактаблар қуриш ва мавжудларининг қувватини ошириш, хусусий секторни қўллаб-қуватлаш ҳисобига қўшимча 125 минг ўқувчи ўрни яратиш вазифаси белгиланди.

Қолаверса, кейинги йилларда хусусий сектор иштирокида 300 дан зиёд клиника, Фарғона шаҳрида минг ўринга мўлжалланган кўп тармоқли тиббиёт кластери фаолияти йўлга қўйилади.

Яна бир муҳим масала – аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида ҳам улкан вазифалар белгилаб олинди. Яъни келгуси етти йилда вилоятда 2,5 мингта кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига, 100 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади. 5 минг километр узунликда ичимлик сув тармоғи барпо этилиб, вилоятда тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 96 фоизга етказилади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилади. Вилоятга келгуси етти йилда 18 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 10 мингта лойиҳа ишга туширилади. Шунингдек, 30 та саноат зонаси ташкил этилиб, уларда 50 минг юқори даромадли иш ўринлари яратилади.

Президентимиз одамлар турмушини яхшилашда маҳаллаларни марказий бўғинга айлантириш, аҳоли даромадини ошириш орқали эҳтиёжманд оилалар сонини кескин камайтиришга қаратилган қатор мақсад ва вазифаларни ҳам белгилаб берди. Умуман, Фарғонани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун етти йиллик дастур қабул қилиниб, унга жами 28 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтириш режалаштирилгани таъкидлаб ўтилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш масаласи ҳам устувор аҳамият касб этади, албатта. Ушбу йўналишда вилоятда 2030 йилгача бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 2,5 баробар ошириб, 7 минг долларга етказиш, экспортни эса 10 миллиард долларга чиқариш, соҳага 15 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мўлжалланмоқда.

Бунга эришиш учун албатта катта ишлар амалга оширилиши керак. Аввало, қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, илғор хорижий тажриба асосида алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, ер унумдорлигини ошириш, эрозиядан ҳимоялаш, деградацияга учраган яйловларни қайта тиклаш каби масалалар ҳал қилиниши муҳим аҳамият касб этади. Барча экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар жорий этилиши ва сув етказишдаги йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида ёпиқ қувурлар тизими қўлланилиши лозим бўлади.

Шунингдек, вилоятда келгуси етти йилда 100 та замонавий агрологистика маркази барпо этилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш даражаси ҳозирги 8 фоиздан 25 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, бир қатор ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар йиғилиб қолгани, уларни ҳал этиш учун мутасаддиларнинг масъулиятини янада ошириш борасида гап борди.

Бунинг учун вилоятнинг ишга солинмаган имкониятларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарга республикадан масъуллар бириктирилган. Улар томонидан 2 миллиард долларлик қўшимча захиралар аниқланган ва тадбиркорлар билан учрашиб, лойиҳалар шакллантирилган. Ушбу ишларни самарали амалга оширишда биз, депутатлар ҳам бор куч-имкониятимизни ишга соламиз, албатта.

Президентимиз лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади... Ўзини ўзгартира олган халқ, ҳеч шубҳасиз, ҳаётни ҳам, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади, ўз мурод-мақсадларига албатта етади”, деди.

Бугун барча юртдошларимиз қатори фарғоналиклар ҳам шу гапларнинг бор ҳикматини аниқ англаб етмоқда. Бу барча даражадаги раҳбарлардан тортиб, оддий одамлар фикру тафаккуригача етиб бораётгани Фарғонанинг янги ислоҳотлар шукуҳига чўмаётганида, ҳаётнинг кун сайин яхши томонга ўзгараётганида ҳам акс этади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истардикки, мамлакат миқёсида кечаётган янгиланишларнинг ҳудудий инъикоси жамиятимизнинг янги қиёфасига асос солмоқда. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, бир оилада фаровонлик таъминланса, унинг ортидан қанча-қанча одамлар хотиржамлиги таъминланади. Агар бу формулани маҳалла, ундан чиқиб, қишлоғу шаҳарлар ва бутун мамлакат миқёсида кўриб чиқсак-чи?

Шунда бугунги ҳаётимизнинг кечаги кунларимиздан фарқли жиҳатларини кўрамиз ва ҳис этамиз. Шунда ҳар биримизнинг қалбимизда шукроналик ҳисси жўш уради, бугунги фаровон ҳаётимиз қадрини англаб ета бошлаймиз.

Бугун мамлакатимизда барча соҳадаги ислоҳотлар чуқурлашиб, фуқароларимиз онгу тафаккурида кечаётган ўзгаришлар юртимиз қиёфасида ўз ифодасини топмоқда. Шу билан бирга, жойларда ҳали қилинадиган ишлар ҳам талайгина. Халқимизни рози қилиш, турмуш шароитини яхшилаш, ҳудудлар иқтисодиётини янада юксалтириш борасида барча масъуллар бирдек ҳаракат қилиши ва албатта, аҳолининг таклиф ва тавсияларини инобатга олган ҳолда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ишларни ҳам жадаллаштириши лозим бўлади.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси