Шу маънода, мазкур ташриф ҳудудни комплекс ривожлантириш, иқтисодий драйверларни шакллантириш ва “Янги Ўзбекистон” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги муҳим стратегик қадам бўлди.

Президентимиз уй-жой қурилиши, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва рақамли технологиялар каби кўплаб соҳалардаги истиқболли лойиҳалар, қилинаётган ишлар билан танишди. Бу Фарғона вилояти бугун нафақат иқтисодий, балки инновацион ва ижтимоий ривожланиш марказига айланиб бораётганини кўрсатади. Ташрифнинг Қўқон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивидан бошланганида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Бу массив халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган йирик ижтимоий лойиҳадир. У ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий қиёфасини тубдан ўзгартирувчи замонавий марказ сифатида қад ростламоқда.

Мамлакатимизда аҳоли учун муносиб яшаш шароити яратиш миссияси йил сайин амалий натижаларда намоён бўлаётганини Қўқон шаҳрида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви мисолида кўриш мумкин. Қадимий Қўқонда ҳам тадбиркорлик ­тараққий этган. Шу боис, у доим гавжум, серҳаракат одамлар яшайдиган шаҳар бўлган. Лекин йиллар давомида шаҳар қиёфаси деярли ўзгармади. Оқибатда аҳоли сони ошиб, уй-жойга эҳтиёж кучайди. Эски инфратузилма туфайли эса бу талабни тўлиқ қаноатлантириш жуда мушкул эди. Янги массив айнан шу муаммога замонавий ечим сифатида барпо этилмоқда.

Президентимиз аввалги ташрифи чоғида массивни бунёд этиш борасида топшириқлар берган эди. Ушбу топшириқ ва кўрсатмалар асосида ишлар жадал бажарилди. Натижада оилалар қисқа муддатда замонавий, барча шароитга эга хонадонларда яшамоқда.

— Оилам билан “Янги Ўзбекистон” массивидан уй сотиб олишни режалаштир­япмиз. Биринчи навбатда, бу ердаги инфратузилма ва шароитлар маъқул келди. Мактаблар, боғлар, савдо марказлари — ҳаммаси бир жойда. Хонадонлар тайёр таъмирланиб, барча замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Бу — оиламиз учун катта қулайлик. Чунки уйни жиҳозлашга қўшимча харажат қилиш шарт эмас, — дейди қўқонлик Музаффаржон Маҳкамов. —

Биз бошланғич тўлов ва йиллик ставка ҳам қулай деб биламиз. Шу тарзда уй сотиб олиш биз учун яхши имконият. “Янги Ўзбекистон” массиви нафақат янги хонадонлар, балки янги ҳаёт бошлаш имконияти дегани.

Ҳудудга 1 триллион 850 миллиард сўм йўналтирилиб, 25 минг киши яшайдиган макон барпо этилаётгани оддий кўрсаткич эмас, балки минглаб оилаларнинг осуда ҳаёти ­демакдир. Кўп қаватли 84 та уй билан бирга мактаблар, боғчалар, ОТМ, бизнес ва савдо марказлари, дам олиш ҳудудлари қурилаётгани эса массивнинг тўлиқ шаклланган кичик шаҳарчага айланишини таъминламоқда.

Ҳозир лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, 4000 дан ортиқ хонадонли 56 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилгани ишларнинг сўзда эмас, амалда бажарилаётганини кўрсатади. Тайёр хонадонлар нисбатан енгил шартлар асосида, 35 фоизли бошланғич тўлов эвазига 20 йил муддатга берилаётгани кўплаб оилалар учун катта қулайлик.

Фарғона водийси шаҳарларини боғловчи янги электропоезд қатнови йўлга қўйилиши ҳам тарихий воқеа бўлди. 324 километрли темир йўл ҳалқаси водий вилоятларини ўзаро яқинлаштириб, аҳоли ва тадбиркорлар учун хавфсиз ҳамда арзон транспорт хизматини таъминлайди.

Қишлоқ хўжалигида ҳам Фарғонада ўзига хос “тажриба мактаби” яратиляпти. Қува туманидаги “Қува Агростар” мажмуаси ана шундай замонавий манзиллардан. Бу ерда маҳсулот етиштиришдан экспортгача бўлган жараён битта тизимда занжир ҳалқасидай бирлашган. Унинг аҳамиятли жиҳати шундаки, тизим тўлиқ замонавий технология ва илмий салоҳиятга асосланган. Шу боис,  деҳқонлар 10 сотих томорқадан 250 миллион сўмгача даромад олиш мумкинлигига ишоняпти. Бунинг сирини ўрганишга рағбат кучаймоқда. Мамлакатимизда илк бор агроволтаика технологияси жорий этилди. Бу сўзни илк бор эшитганимизда нима эканини англамаганимиз табиий. Ўргансак, бу битта жойнинг ўзида қуёш энергиясини олиш учун панеллар ўрнатиш, уларнинг соясида эса деҳқончилик ва чорвачилик қилиш экан. Бу технология сув сарфини 40 фоиз камайтириб, ҳосилдорликни 25 фоиз ошириш имконини бермоқда.

Халқимиз қувончига сабаб бўлган яна бир йирик лойиҳа ҳақида айтиб ўтиш жоиз. “Каркидон” сув омбори ҳудудида 635 миллиард сўмлик замонавий туризм мажмуаси барпо этилмоқда. Шу орқали Фарғона экотуризм марказига айланади. Илгари ­“Каркидон” сув омбори ҳудуди қаровсиз, яйдоқ қирлар ва даштдан иборат эди. Энди бу жой энг замонавий дам олиш ҳудуди ва яшил маконга айланмоқда. Эътибор қилинг: 508 гектарни эгаллаган мажмуада агротуризм, экотуризм ва экстремал туризм имкониятлари бирлашади. Бундай кенг қамровдаги танлов эса сайёҳлар оқимининг кескин кўпайишига сабаб бўлади. Шунга яраша замонавий меҳмон уйлари, шалелар ҳам қурилади. Ресторанлар ва экобозор сабаб мажмуа янада жозибадор қиёфа касб этади. Лойиҳа амалга оширилса, юздан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритади. Расмий манбаларга кўра, ҳудудда 2000 га яқин иш ўрни очилар экан. Бу — жуда катта рақам. Ҳеч­ ­шубҳасиз, уни ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги янги саҳифа десак бўлади. Режалар ҳам шунга яраша баланд олинган. Масалан, ҳар йили 750 минг сайёҳ “Каркидон”га келиши кутилмоқда. Ана шу кўрсаткичнинг ўзиёқ миллиардлаб сўм даромад, бюджет тушуми дегани.

Фарғона вилоятидаги ўзгаришлар ҳақида гап кетганда, Қува туманидаги техникумни алоҳида тилга олиш керак. Чунки бу ердаги янгиланишлар шунчаки рақам ёки ҳисобот эмас, балки ёшлар ҳаётидаги реал имкониятларга айланиб бормоқда. Техникумга назар ташлаб, бугун меҳнат бозорида қандай касбларга талаб юқори эканини дарҳол ҳис қилиш мумкин. Немис ва хитой тилларини ўрганаётган ёшлар, логистика ёки дронлар орқали қишлоқ хўжалигини бошқаришни ўзлаштираётган ўқувчилар келажакка мустаҳкам пойдевор қўймоқда. Айниқса, “ақлли” ирригация ёки қуёш панеллари билан боғлиқ йўналишлар бугуннинг талабига жуда мос келади. Муҳими, бу ерда назария билан чекланиб қолинмаяпти. Дуал таълим тизими орқали 550 ўқувчи билимни амалиёт билан уйғун ҳолда ўзлаштиряпти. Бу уларнинг иш топиши ёки фаолиятини бошлашида қўл келади. Стартап марказида фарғоналик ёшлар янги ғоялар ишлаб чиқмоқда. Улар робототехника, СММ, мобилография, дизайн каби йўналишларда ўзини синаб кўряпти, изланмоқда. Даромади юқори бўлган келажак касбларини ўрганяпти. Шу маънода, Қува техникуми ёшлар замонавий касбларни эгаллаб, келажак йўлини белгилаб оладиган ишонч қўрғонига айланиб бормоқда.

Янги Ўзбекистондаги янгиланишлар сабаб Фарғонада яна бир гўзал ва бетакрор мажмуа пайдо бўлди. Мамлакатимиз етакчисининг 2025 йил 1 апрелдаги қарори асосида “Бурҳониддин Марғиноний” мажмуаси барпо этилди. Бу ерга келган киши миллий меъморчилик анъаналарини кўради. Марғилон тарихи ҳақида тасаввурга эга бўлади. Замонавий туризмнинг талабларига тўла жавоб берадиган шарт-шароитларда сайёҳлар қулайликни ҳис этади. Бу ерда меҳмонхона, карвонсарой, савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари, ҳунармандлар маркази, миллий бозор ва музейлар қуриб битказилган.

Айниқса, “Отабек ва Кумуш уйи” музейи сайёҳларни ўзига чорлайдиган, миллийлик ва қадриятларимизни тараннум этадиган обод манзилга айланди. Деворларда “Ўткан кунлар” романи саҳналари жонлантирилган, адабиёт ва тарих уйғунлашган. Шунингдек, мақом театри, шоир ва рассомлар хиёбони, кутубхона ҳам сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун очиқ.

Фарғона бугун ислоҳотлар марказига, инновациялар майдонига ва янги имкониятлар ҳудудига айланмоқда. Муҳими, барча ислоҳотлар инсон манфаатлари, фаровон ҳаёт ва барқарор ривожланишга қаратилган. Шу боис, фарғоналиклар бугун ҳар доимгидан ҳам кўра кўтаринки руҳда, эртанги кунга мустаҳкам ишонч билан ҳаракат қилмоқда.

Президентимизнинг ташрифи вилоят аҳли учун янги имкониятлар эшигини очди. Халқимизга янада кўтаринки руҳ берди. Кўзланган юксак марралар иштиёқи, унга эришмоқ йўлидаги изланишлар шижоати ҳар биримизнинг қалбимизда жўш уряпти. Муҳими, кейинги йиллардаги амалий ўзгаришлар халқимиз қалбида кўзланган маррага, албатта, эришамиз деган ишончни мустаҳкамлаб бормоқда.

Дурдона ҒАФФОРОВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси