Хабарингиз бор, 2022 йил 25 июнь куни «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Айни кунларда ушбу қонун муҳокамаси бўйича жойларда учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Ана шундай давра суҳбатларидан бири Олмалиқ шаҳрида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон қаҳрамони, “Қалмоққир” кон бошқармаси меҳнат фахрийси Жонсаид Турдиев, шаҳар кенгаши депутати Баҳодир Миралимов, комбинат ишчи-ходимлари, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари иштирок этди.

- Бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларда жамиятимизнинг барча вакиллари ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол иштирок этмоқда, - дейди комбинат ходимлари касаба уюшмаси кенгаши раиси Абдурашид Ҳайдаров. - Давлатимиз раҳбари Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда юртдошларимиз фаоллиги, хусусан, Комиссияга фуқаролардан 48 мингдан ортиқ таклиф келиб тушганини алоҳида эътироф этди, тўртта устувор йўналишга эътибор қаратиб, уларнинг ҳар бири бўйича таклифларини айтди. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи биринчи йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Иккинчи йўналишда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғоя илгари сурилди.

Маълумки, ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун муносиб яшаш шароитлари яратиб беради, ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди. Шу боис бу йўналишда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, оиланинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, болаларнинг манфаатлари ва тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, инсон саломатлиги ва экологияни асрашга оид таклифлар билдирилди. Учинчи йўналиш Конституцияда маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини аниқ белгилаш ҳақида бўлди.

Бунда маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиши, бунинг учун давлат органлари уларга кўмак кўрсатишига оид тамойиллар ўз ифодасини топади. Тўртинчи йўналиш мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш, халқ ҳокимиятчилигини кучайтиришга қаратилгани билан жуда муҳим.

Давра суҳбатлари комбинат таркибий бўлинмаларида давом этмоқда.

Умида Жалилова,

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ходимлари касаба уюшмаси кенгаши етакчи мутахассиси