Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йилдаги буйруғига кўра фуқаро Б.К.дан ундирувчи Х.У фойдасига икки нафар фарзанди учун алимент ундириш белгиланган. Давлат ижрочиси томонидан фуқарога фарзандлари таъминоти учун белгиланган пулни ўз вақтида тўлаш лозимлиги огоҳлантирилган. Аммо, ота бунга эътиборсизлик билан қарайди ва қарздорлик 17 ойдан бери тўланмай келади. Бу иш бўйича тўпланган ҳужжатлар судга юборилди ва бўлиб ўтган мажлисда унга нисбатан 10 суткалик қамоқ тайинланди.

Яна бир фуқаро, З.М ҳам узоқ вақтдан бери алимент тўламасдан келаётган масъулиятини унутган оталардан. Бўлмаса, давлат ижрочиси томонидан мажбурият бир неча бор эслатилмас эди. Фуқаро бўлса «ана тўлайман» «мана тўлайман» деб вақтдан ютиш пайида бўлади. Ойлар ўтиб қарздорлик салкам 7 миллион сўмга бориб етди. Бўлиб ўтган судда фуқаро бўйича тўпланган ҳужжатлар атрофлича кўриб чиқилиб, тарафлар эшитилди. Суд давомида унга қарздорликни бартараф этиш учун имконият ҳам берилди. Бироқ, у бундан ҳам тўғри хулоса қилмади ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасига асосан 10 суткалик қамоқ жазоси тайинланди. Бўлиб ўтган суд давомида яна 11 нафар қарздор отанинг маъмурий ҳуқуқбузарлик масаласи кўриб чиқилиб, уларга ҳам тегишлича чоралар кўрилди.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, Бюронинг Наманган шаҳар бўлими томонидан алимент ундирувлари билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш доимо назоратда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралар, ҳокимлик ва судлар билан алимент тўловчилар билан профилактика тадбирлар ўтказиб, амалдаги қонунчилик юзасидан тушунтиришлар бериб келинмоқда. Жумладан, куни кеча Наманган шаҳридаги «Ёшлар маркази» да бўлиб ўтган тадбир ҳам вояга етмаганларнинг ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди.

Отабек Отажонов,

МИБ Наманган шаҳар бўлими бошлиғи