Шу мавзу юзасидан бўлиб ўтган тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка берилаётганларга нисбатан анча юқорилигича қолмоқда. Хусусан, фарзанд асраб олиш учун 2018-2019 йилларда 1,9 мингта, 2020 йилда эса 1,5 минг нафар фуқаро васийлик ва ҳомийлик органларида навбатда турган. Фарзандликка берилаётганлар эса, ҳар йили ўртача 200 нафарни ташкил этади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, қасддан содир этган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганни фарзандликка олиши таъқиқланган. Мазкур норма ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турлари (иқтисодиёт, экология соҳасидаги жиноятлар ва ҳ.к.) учун ҳам татбиқ қилиниб келинмоқда. Бу каби ҳолатлар инсон ҳуқуқларининг чекланишига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, доимий даромадга эга бўлмаган ёки соғлиғи ҳолатига кўра ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажара олмайдиган шахсларнинг фарзандликка олиш ҳуқуқларини чеклаш қонунда аниқ белгиланмаган. Оқибатда фуқаролар томонидан ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олиш, шу жумладан бола савдоси каби ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, 2017-2020 йилларда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та жиноят аниқланган ва ушбу жиноятлар бўйича 286 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Соҳадаги ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа билан Оила кодексининг фарзандликка олиши мумкин бўлган шахслар рўйхатида муқаддам қасддан жиноят содир этган шахслар томонидан фарзандликка олинишига таъқиқ ўрнига қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги даражасига қараб шахсга фарзандликка олишни таъқиқлаш қоидаси жорий этилмоқда.

Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш, жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар ҳамда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятларни содир этган шахсларга фарзандликка олиш таъқиқланмоқда.

Лойиҳа билан фарзандликка олиш вақтидан олдин 1 йил давомида доимий даромадга эга бўлмаган ёки ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлган шахслар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхати асосида фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахсларнинг фарзандликка олишга бўлган ҳуқуқлари чекланяпти.

 Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бола ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши тўлақонли таъминлаш ,  болаларни қонунга зид равишда фарзандликка олиш, айниқса болалар савдоси ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати.