Мен болалигимдан Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг гўзал шеъриятини мутоола қилиб, эшитиб улғайдим. Биз илк мактабга қадам қўйган йилларимиз мамлакатимиз эндигина мустақилликка эришган, мактаб остонасига ҳар куни матни Абдулла Орипов қаламига мансуб давлат мадҳиясини тинглаб борар эдик.
“Катта шоир ҳамиша ўз вақтида майдонга келади, у – ҳамиша тарихий. Зотан, катта шоир ўз халқининг овози, унинг орзу умидлари ва инсон қалби изтиробларининг ифодасидир. Бироқ, энг асосийси, у ўз даврининг ҳаками ва куйчиси, у жарчи ва файласуф, у сўз сеҳргари ва узлатга чекинган мутафаккир – дарвеш. Буларнинг бари унга қалб изҳорини ҳаммага бирдай тушунарли, севимли, шу билан бирга, кўтаринки, теран маънолар моҳиятини ифодалаш учун ато этилган. Шу боис шоирнинг сўзларидан замондошлари ҳам, келгуси авлодлар ҳам фахрланиб юрадилар. Абдулла Орипов менга ХХI асрга қадам қўйиш давримизнинг буюк маданий аҳамиятга молик ана шундай шоири бўлиб гавдаланади...” дея таъкидлаган эди Чингиз Айтматов. Атоқли шоир ҳақидаги Чингиз Айтматовнинг мулоҳазаларини мутоола қилар эканман, Абдулла Ориповни унинг “....файласуф, у сўз сеҳргари ва узлатга чекинган мутафаккир – дарвеш”, деган жумлалари эътиборимни тортди. Халқимизнинг севимли шоири Абдулла Ориповнинг шеърлари ҳам нақадар севимли, ҳам ҳар бир юракка яқин нафасга эга. Аммо менинг эътиборимда буюк шоирнинг шеърият дунёси эмас, унинг назмга сиғмаган сатрлари, яъни фалсафий қатралари эди. Бу қатраларда бевосита шоирнинг қаламидан тўкилган, аммо шеър бўлиб эмас, насрий фалсафий сатр бўлиб юрагидан битилганлари эди. Жумладан шоир ёзади: “Ҳаётда ҳар бир инсоннинг, ҳар бир миллатнинг нимага эришиши, ҳеч шубҳасиз, унинг орзу ҳаваси, қилган нияти ва шу йўлдаги интилишига бевосита боғлиқ”. Сатрларда айтилганидек, миллатнинг келажаги ҳақиқатдан унинг интилишларига боғлиқ. Бу жараён қанчалик ҳақиқат эканлигини ҳозирги даврда амалга оширилаётган “Беш ташаббус” ҳаракатларида ҳам гувоҳи бўлиш мумкин. Ёки асл инсоннинг қадр-қиммати ҳақида гапирганда шоир шундай дейди: “Инсоннинг қадр-қиммати унинг ташқи кўриниши-сурати билан эмас, руҳий дунёсининг нечоғлик бой ёки қашшоқ эканлиги-сийратига қараб белгиланади. Шоир бу билан маънавий баркамол инсон ҳар қадамда қандай ҳолатда бўлмасин қадр-қимматга эга бўлиши, аксинча қанчалик “пўрим” қиёфада бўлмасин, маънавий қашшоқлигини намоён этишини таъкидлайди. Яқин кунларда нашрга тайёрланган “Қизимга” номли эсселар тўпламимда болаликнинг нақадар поклиги, болалик руҳияти тенгсиз бир руҳият, айни дамда, болаликда бўлган, яшаган кўнгил хотиржамлигини бугунда ҳеч қаердан топа олмаслигимни келтирган эдим. Покиза ҳис-туйғулар, ёшлик софлигини сақлаш, унинг аҳамияти хусусида эса севимли шоиримизнинг қуйидаги сатрларини ўқийсиз: “Ёшлик софлигини сақлаб қолишнинг энг яхши йўли-ёмон ҳисларга кўнгилдан ўрин бермаслик. Болаликни сақлаб қолиш. Болалик софлигини сақлаб қолган кишилар бу дунёда энг бахтиёрлардир!”.
“Қудратли тарихга ворис бўлган, ўз ўтмишидан ғурурланишга ҳақли ўғил-қизлар улуғвор маънавий булоқлардан тафаккур чанқоқлигини қондириб, буюк қаҳрамонликларга юз буришади. Бундай камолотга етишган авлодларнинг эртанги куни ёруғ, манглайи ярқироқ, келажаги албатта буюк бўлади”. Шоирнинг тарихнинг улуғворлиги, ўз тарихини чуқур англаш нечоғлик аҳамиятга эга эканлиги ҳамда ёшларнинг тарихий тафаккурини ўстириш заруратини қаламга олганлигини мутоола қилар эканман, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатидаги қуйидаги фикрлари ёдимга тушди: “...барчангизни тарихни ўрганишда янада уйғоқ, янада фаол бўлишга чақирмоқчиман. Тарихга сергак қараган одамгина доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшайди. Бугунги вазиятга ҳам, келгуси жараёнларга ҳам холис ва ҳаққоний баҳо бера олади. Бу эса ҳозирги мураккаб ва шиддатли замонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, юксак тараққиётга эришишнинг энг муҳим шартидир”. Ёхуд истеъдод ва интилиш хусусида “Туғма истеъдодни, албатта, фақат стихиядан иборат ҳолат деб тушуниш нотўғридир. Ҳақиқий қалб эгаси ўз фуқаролик даражасини, билим ва қувваи ҳофизасини муттасил кенгайтирган ҳолдагина тарихий санъаткорга айланиши мумкин”. “Истеъдодларни қадрлай билиш, мубҳам биқиқликлардан мустасно миллий маданият равнақига жонкуяр халқ, унинг жонкуяр фарзандлари онги юксаклигини белгилайдиган мезонлардан биридир. Ҳақиқий истеъдодни тарихни ўзи танлаб олади”, дея мулоҳазаларини баён қилади. Сўз қадри ва қудрати, унинг аҳамиятини эса Абдулла Орипов шундай баён этган: “Тил бу – одамларга табиат томонидан берилган, инсонларнинг минг йиллар мобайнида ўзаро муносабатларида сайқалланиб келган шундай бир жавоҳирки, бу жавоҳирни сочиб юбориш, беҳурматлик қилиш эмас, кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак”. Чин ижодкорлик, унинг мазмунини англаш ҳамда улғайиш хусусида: “Ижоднинг этагидан маҳкам тутиб, қочмасдан, иқтидорини чархлаб борган инсонгина ижодкор бўла олади. Ижодкор учун ижод – бу фалончи кундан пистончи кунгача бўлган “командировка” эмас. Ижодкор минг уринсин, яхши маънода ҳам, ёмон маънода ҳам, жамиятдан узилиб яшай олмайди. Чунки у жамият фарзандидир. Ижоднинг кўпчилик учун марҳаматлик эҳсони шундаки, унинг завқидан доҳий санъаткор ҳам, ғўр ҳаваскор ҳам бебаҳра қолмайди”. Инсонпарварликка оид: “Эл-юрт агар сени яхши одам деб ҳисобласа, инсонийлигинг ҳам шу бўлса керак”. Жисмоний ва маънавий гўзаллик ҳақида: “Гўзаллик шундай нарсаки, у инсонда беғараз меҳр-муҳаббат, шодлик, эркинлик ва шунга ўхшаш туйғуларни уйғота олиши шарт. Инсонлардаги маънавий бойликни, ахлоқий покликни ривожлантиришга хизмат қилиш гўзалликнинг олий вазифаси ҳисобланади.”
Шоир ўз қатраларида маърифатсизлик, инсонга хос бўлган ёмон иллатлар, унинг оқибатлари, ҳасадгўйлик, манманлик кабиларни қаттиқ қоралайди. Улар ҳақида фикрларини шундай баён этади: “ Одам боласининг қонида азалдан маърифатсизлик белгилари мавжуддир, уни бартараф этмасанг, у тамомила жаҳолат ботқоғига ботиб кетиши мумкин. Дунёда маънавият илдизини чопиш, кишилар руҳиятини карахт этишдан ортиқ жаҳолат, ёвузлик топилмайди”. “Инсониятнинг азамат фарзандлари ёхуд фидойи инсонлар ҳамиша ичи қораларнинг уйқусини қочиради. Ичи қоралар ўз қадрларини билмайдилар”. “Ичиқоралик, ҳасадгўйлик, гуруҳбозлик иллатлари миллатни зимдан емирадиган наркотик заҳарлардир”.
Инсон умри ўтгани, ёши улғайгани сайин турли тоифадаги инсонлар, характерлар билан тўқнаш келади. Ва табиийки, бу инсон тафаккури учун сабоқ, бир манба бўлиб боради. Чунки жамиятда барча бирдек характерга эга бўлмаслиги бу оддий ҳаёт қонуни. Қайсидир йўл билан мансабга эришган, манманлиги ва такаббурли туфайли оёғи остида ерни ҳам кўрмайдган кишилар хусусида: “Унутмангки, такаббур одамдан Ватанига ҳам, халқига ҳам ҳеч қачон самимий бир яхшилик келмайди”, дейди. Ҳақиқат учун кураш йўлларининг залвори ҳақида эса: “Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди, дейдилар. Оҳ! Мана шу эгилишда унинг неча-неча қобирғалари синиб, пайлари узилиб кетишини билсангиз эди!”...
Қатралар давом этади. Маънолар эса денгиз-денгиз... Фикрим хотималарини шоирнинг мана бу қатраси билан тугатгим келди: “Мудом эзгуликнинг посбони бўлгил”....
Абдулла Орипов ижодининг илк тадқиқотчиларидан бири Норбой Худойберганов унинг шеърларини мўъжизага қиёслаган. Дарҳақиқат, чинакам шеър йўқликдан бор бўладиган тирик бир мавжудот сингаридир. Фарқи фақат абадий яшашида. Шеърият сеҳр – жозиба, юксак фикрларнинг уйғунлиги бўлса, фалсафий қатралар ҳаётнинг ҳаққоний кўзгуси. Ақл ва тафаккурни чархловчи мезон. Тафаккур ва ақл уйғунлиги улғайгани, теранлашгани сайин фалсафий қатралар тафаккур китобининг саҳифаларида томчини кузатганингизда тўлиб томганидек, томиб боради.
Абдулла Ориповнинг таваллуд куни эди. Қашқадарёга 20 дан ортиқ Ёзувчилар Уюшмасидан таниқли ижодкорлар ташриф буюришган. Атоқли шоирнинг тавваллуд кунини телекўрсатув қилиб эфирга узатиш менинг зиммамга топширилган. Телевидение ходимлари билан ўша пайтдаги Қарши Давлат Университетидаги ижодий учрашувга, улуғ ижодкор таҳсил олган 44-сонли ўрта мактабга бордик. У ердан лавҳалар ва суҳбатлар олгач, Косон туманидаги Некўз қишлоғи ҳамда Қўнғиртов тоғи ёнбағирларида бўлиб, халқимизнинг улуғ фарзанди, севимли шоиримизнинг таваллуд куни нишонланди. Шоирнинг рафиқаси, кенжа қизи ва шоира Бўритош Носирова билан суҳбатлашаётганимизда, Абдулла Ориповнинг ижодкорлардан айро ҳолда адирлар узра ёлғизоёқ йўлда олисларга термулиб хаёл сураётганига кўзим тушди. Айни дамда ҳам буюк шоиримизнинг тафаккуридан бир буюк асарга сарлавҳалар ёки гўзал бир ижод яралаётгандир, деган фикр ўтди кўнглимдан. Кейинчалик ушбу телекўрсатувга “Эҳтиром” деб ном бердим...
Халқимизнинг севимли шоири, азиз фарзанди Абдулла Орипов ижодининг рангин қирралари йиллар ўтгани сайин мен учун янги-янги саҳифаларни очиб бормоқда. Ҳақиқатдан ҳам, шоирнинг ўзи айтганидек, ҳақиқий ижодкорнинг ижоди абадий яшайди. Тадқиқ қилар экансиз, унинг фалсафий қатралари дунёси шунчаки дунё эмас, тафаккур томчилари дунёси, инсон онгининг маъвоси эканлигини англаб борасиз.
Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
тадқиқотчи