Глобаллашётган дунёда, жумладан мамлакатимизда ҳам геоахборот технологияларини ҳаётга кенг жорий этиш ва деярли барча соҳаларда геоахборий фаолият турига ўсиб бораётган эҳтиёжни таъминлаш учун сиёсий ва ҳуқуқий муносабатларни янги шаклда ташкил этиш ҳамда Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини муваффақиятли яратиш ва ривожлантиришни институционал қўллаб-қувватлаш заруратга айланди.
Шу мақсадда «Геодезия ва картография тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча равишда, қонунчилик жараёни ривожланишининг янги босқичи ва фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги фаолият юритишда ҳуқуқий, иқтисодий, бошқарув ва ташкилий асосларини юридик мустаҳкамлаш мақсадида «Фазовий маълумотлар тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқилди.
Ушбу Қонун тасдиқланиши билан фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш, фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини яратиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида муносабатлар тартибга солинади.
Шунингдек, Қонун фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳасида қонунчиликни тартибга солиш ва тизимлаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фазовий маълумотлар миллий инфраструктурасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади.
Ушбу Қонунда фазовий маълумотлар, фазовий маълумотларга ишлов бериш, фазовий маълумотларнинг метамаълумотлари, фазовий объектлар каби тушунчаларнинг мазмун-моҳияти акс этиш, улар ҳақидаги ахборот ижтимоий ҳаётимиз учун нақадар зарур ва долзарб эканлигини англатади.
Қонун қабул қилиниши орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини яратиш, амал қилиши ва ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари белгилаб қўйилмоқда;
Геодезия ва картография соҳасига янги ахборот ва инновацион рақамли технологияларни кенг жорий этишга эътибор қаратилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.