Жамиятда коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса сифатида намоён бўлиб, унга қарши курашишга қаратилган фаолият комплекс-мажмуавий тарзда мунтазам равишда изчил амалга оширилиши яхши натижа бериши мумкин. Шу мақсадда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятида ҳам коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш устида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ҳатто, жамғарма фаолияти ISO 9001:2015 ва ISO 37001:2016 халқаро стандартлар бўйича сертификациядан ўтказилди. Шу муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда халқаро сертификатнинг аҳамияти ва у юклайдиган мажбуриятлар ҳақида сўз борди.
Таъкидланишича, Жамғарма олдига Халқаро стандартлар ISO 9001:2015 “Сифат Менежменти Тизими”, ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежмент (пора олиш-бериш билан курашиш) тизими” талаблари асосида интеграциялаштирилган менежмент тизимини жорий қилиш вазифаси белгиланган эди.
Шу асосда, халқаро стандартлар тизими талаблари асосида интеграциялаштирилган менежмент тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишда консультация хизмати ҳамда сертификатларини олиш бўйича Товар хомашё биржасининг махсус ахборот порталида эълон жойлаштирилиб, танлов ғолиблари аниқланди. Ҳозирда ISO 9001:2015 ва ISO 37001:2016 халқаро стандартлар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишда консультация хизматларидан фойдаланган ҳолда барча зарурий хужжатлар ишлаб чиқилиб, Жамғарма тизимида амалда жорий қилинмоқда.
— Жамғармада ИМТ (интеграциялаштирилган менежмент тизими)ни жорий қилишдан мақсад ишда сифатни таъминлаш, шу билан бирга, манфаатдор томонлар ишончини қозонишга эришишдан иборат, — дейди Жамғарманинг Лизинг фаолиятини амалга ошириш бўлими бошлиғи Аббос Мадиев. — Умуман, жорий қилинган ИМТ яъни, сифат менежменти тизими(СМТ) ва коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими фаолиятига таъсир қилиши мумкин ҳисобланган (“ички” ва “ташқи” муҳитларда) салбий ва ижобий омилларни аниқлаш мақсадида, Жамғарма мутахассис ходимлари иштирокида SWOT таҳлил ўтказилди, рискларни идентификациялаш амалга оширилди, натижада фаолиятни яхшилаш учун энг долзарб ҳисобланган йўналишлар танланди.
Жамғарма фаолияти ISO 9001:2015 ва ISO 37001:2016 халқаро стандартлар бўйича сертификатциядан ўтказилишининг аудити дастлабки босқичи жорий йилнинг 17-18 август кунлари, иккинчи босқичи эса 18-19 октябрь кунлари ўтказилган. Аудит натижаларига кўра, Жамғарманинг “Фермер, деҳқон хўжаликлари, “Томорқа хизмати” МЧЖлар ва томорқа ер эгаларини кредитлаш учун тижорат банкларига ресурс ажратиш, шунингдек шу соҳада лизинг фаолиятини амалга ошириш” фаолияти соҳаси ISO 9001:2015 ва ISO 37001:2016 халқаро стандартлар бўйича сертификатциядан муваффақиятли ўтказилди.
Жамғарма томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш ишлари келгусида Жамғарма маблағларининг самарали ва манзилли ишлатилишига, коррупцияга қарши курашишда қонун ҳужжатларини талаб даражасида такомиллаштиришга, ходимлар ва мижозларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, уларнинг онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни мунтазам равишда шакллантириб боришга хизмат қилади.