Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, экспертлар гуруҳи аъзолари, Ёшлар парламенти, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Хусусан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йилнинг I чорагидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилди.
Шунингдек, сенаторлар томонидан Фермер хўжаликлари фаолияти кафолатларини таъминлаш ҳолати юзасидан Бош вазирнинг ўринбосари Ш. Ғаниевнинг ахбороти ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда фермер хўжаликлари фаолиятига оид статистик маълумотларни шакллантиришда ягона амалиёт мавжуд эмаслиги таъкидланди. Бу, ўз навбатида, фермер хўжаликлари тўғрисида аниқ маълумотларни шакллантириш, уларнинг фаолиятидаги муаммоларни тўғри таҳлил қилиш имконини бермаяпти. Шу боис ерга эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатларни янада такомиллаштириш ҳамда ер муносабатларини ҳақиқий бозор муносабатлари даражасига етказиш лозимлиги қайд этилди.
Қўмита аъзолари томонидан «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида»ги, «Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида»ги Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб, вазирлик ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий инспекциялари соҳада давлат назоратини амалга оширувчи орган эканлиги ҳамда уларнинг ваколатлари белгиланади.
Истеъмолчиларга асоссиз ҳисобланган тўловларнинг ярми миқдорида ичимлик суви таъминоти ташкилотидан компенсация (пеня) талаб қилиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига оқова сувни чиқариш қувурларига ифлослантирувчи моддаларни меъёридан ортиқча миқдорда оқизган шахсларга нисбатан компенсация тўловларини ундириш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, Қўмита мажлисида «Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши натижасида карантин остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, реализация қилишда зараркунандаларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга эришилади.
Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.