Тадбир Президентнинг тадбиркорлар билан ўтказадиган очиқ мулоқоти арафасида илғор фермерлар иштирокида ташкил этилди.
Конференцияда соҳадаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими бўйича таклифлар ва келгусидаги ривожланиш йўналишлари муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш, имтиёзли кредит ва солиқ енгилликларини бериш, кооперация алоқаларини йўлга қўйиш бўйича ҳуқуқий асослар яратилди.
2025 йилда 91,9 мингдан ортиқ фермер хўжалиги ихтиёрида 3,85 млн гектар ер мавжуд. Шу йилнинг биринчи ярмида 15 мингдан ортиқ фермер кўп тармоқли фаолият йўлга қўйди. Мамлакатда 9 млн тонна дон, 16 млн тоннадан зиёд сабзавот ва полиз, 5 млн тонна мева ва узум, 15 млн тоннадан ортиқ гўшт ва сут, 30 минг тонна пилла етиштирилди.
Фермерлар ердан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, такрорий экинлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жорий йилда 896,5 минг гектар ғалладан бўшаган майдонда такрорий экинлар етиштирилиши режалаштирилган. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 24,8 млн дона кўчат ўтқазилди.
Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йилнинг биринчи ярмида “Агросубсидия” тизими орқали 242,6 млрд сўм субсидия, Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 24,6 млрд сўм ажратилди. Шу даврда 847,6 минг фуқаро, жумладан 126,1 минг хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Конференцияда экин майдонларини кенгайтириш, сув ресурсларини тежаш, замонавий техника жорий этиш ва фермерларнинг бозор имкониятларини ошириш асосий вазифалар сифатида белгиланди.
Зулҳумор Акбарова