Қадим халқларнинг кўҳна оҳангларини ўзида мужассам этган куй-қўшиқларда ўзбекона руҳ бор. Асрлар силсиласидан ўтиб келаётган, тингловчи кўнглида сокинлик бахш этаётган дурдона оҳанглар умрбоқийдир. Бахши куйлаган достоннинг ҳар бир сўзи инсонни ўзига оҳанграбодек тортаверади. Чунки бу хониш инсон, унинг қалб фазилатлари, ватанга бўлган муҳаббати туйғулари билан уйғунлашган ва маржондек терилган. Ўзбек халқ оғзаки ижодининг қайси бир шодасига мурожаат қилманг барчасида шундай туйғу мужассамдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 апрелдаги “II Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яраташга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 17-20 сентябрь кунлари Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган II Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида бахши, оқин ва жиров ижрочилари кўрик танловининг республика босқичи бошланди.
– Фестивалдан кўзланган асосий мақсад шарқ халқлари халқ оғзаки ижодиётининг етакчи жанри бўлган бахшичилик санъати, фольклор анъаналари ва қадриятларини чуқурроқ ўрганиш, ривожлантириш тарғиб қилиш, ёшларимизни аждодлар меросига юксак садоқат руҳида тарбиялаш, бахши-шоир, оқин, жировлар ижодининг шарқ маданияти ва санъатидаги ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш, маданий-маънавий муносабатларни халқаро миқёсда кенгайтиришдан иборат, – дейди Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий методик маркази директори Салим Сайимов.
Халқаро бахшичилик фестивали доирасида ўтказилаётган мазкур танловда юртимизда фаолият олиб бораётган 70 дан зиёд бахши, жировлар иштирок этмоқда.
Ушбу фестиваль санъатга ошуфта қалблар учун унутилмас маданий тадбир, ёш ижодкорлар учун эса маҳорат мактаби бўлади.
Нилуфар КАРИМОВА
Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази бўлим бошлиғи