Ўзбекистон Шахмат федерацияси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов хотирасига бағишлаб ўтказиб келинаётган шахмат фестивали анъанага айланиб улгурди. Бу йилги фестиваль шоирнинг таваллуд санаси муносабати билан 27-28 декабрь кунлари Халқаро шахмат академиясида бўлиб ўтди.

Бу галги турнирда ҳам ҳар галгидек шахматга қизиқиши юқори бўлган ижодкорлар ва ҳаваскор шахматчилар, хусусан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари – Аҳмаджон Мелибоев, Ашурали Жўраев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Асрор Мўмин, Сувон Мели, Турсун Али, Яҳё Тоға, Зуҳриддин Исомиддинов, Ҳусан Карвонли, Ҳабиб Темиров ва Маъмура Зоҳидова иштирок этди.

Бугун – 28 декабрь куни Халқаро шахмат академиясида фестивалнинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Икки кун давом этган шахмат мусобақасида ҳакамлар ҳайъати барча иштирокчиларнинг ўйинларини кузатиб, хотира фестивалининг ғолибларини аниқлади. Уларни Ўзбекистон Шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Ҳусан Турдиалиев диплом, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади.

Фахрли биринчи ўрин ғолиби Асрор Мўминга 900 000 сўм, иккинчи ўрин ғолиби Ғайрат Мўйдиновга 700 000 сўм, учинчи ўрин ғолиби Сувон Мелига 500 000 сўм, тўртинчи ўрин ғолиби Турсун Алига 400 000 сўм, бешинчи ўрин ғолиби Яҳё Тоғага 300 000 сўм, олтинчи ўрин соҳиби Ҳусан Карвонлига 200 000 сўм пул мукофоти топиширилди.

Тадбир якунида шоирнинг ўғли Хуршид Воҳидов ташкилотчи ва иштирокчиларга ўз миннатдорлигини билдирди.