Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 январда қабул қилинган “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшлар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш каби мақсадларга хизмат қилади. Маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, самарали фаолият олиб бормоқда. Хусусан, вилоятдаги 1 минг 62 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг барчасида ёшлар етакчилари тизимли ишларни амалга оширмоқда.


Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган танлов  ёшларга оид давлат сиёсатини самарали ташкил этиш, ёшлар етакчиларининг маънавий савияси ва билимини ошириш орқали маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ривожига ҳисса қўшиш, ёшларда Ватанга муҳаббат, халқимизга садоқат туйғуларини тарбиялашни қўллаб-қувватлаш ҳамда бу борадаги етакчилар иш тажрибасини оммалаштириш ва уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилмоқда.

Вилоят ҳокими ўринбосари Жамшед Ҳатамов танловнинг очилиш маросимида ёшлар етакчилари маҳаллаларда катта куч эканини таъкидлаб, барча иштирокчиларга омад тилади.

Танлов якунига кўра, Фарғона шаҳар “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Жаҳонгир Исроилов биринчи ўринни қўлга киритди. Бувайда туманидаги “Янгиқадам” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси  Бунёджон Отақулов иккинчи, Қўқон шаҳар “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Иродахон Қаюмова учинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом ва совғалари билан тақдирланди.