Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов финляндиялик инвесторларни қабул қилди.

Тадбир аввалида ҳоким меҳмонларга вилоятнинг иқтисодий имкониятлари, таълим соҳасида эришилган ютуқлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, ўз навбатида, финляндиялик инвесторлар ўзларининг фаолияти ва компанияларининг имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.

Муҳокамаларда сентябрь ойига қадар финляндиялик ўқитувчиларни Бухоро вилоятидаги мактабларга жалб қилиш, SASKY консорциуми билан ҳамкорликда профессионал таълим муассасалари битирувчиларини Финляндияга ўқиш ва ишлаш учун юбориш ҳамда олий таълим бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Шу билан бирга, Бухоро ва Турку шаҳарлари ўртасида биродарлик меморандумини имзолашга келишиб олинди.

Музокаралар якунида Edunation компанияси вакиллари Бухоро давлат университети ва Бухоро муҳандислик технология институти билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

Хусусан, Бухоро давлат университети билан имзоланган меморандумга кўра, информацион технологиялар, туризм, иқтисодиёт, биотехнологиялар йўналишида ҳамкорлик олиб борилади.

Бу жараёнда мутахассис, талаба, тадқиқотчи ва ўқитувчиларга Финляндияда ўқиш, малака ошириш ва стажировка ўташ имкониятларини яратиш, финляндиялик экспертларнинг Бухоро давлат университетига қисқа муддатли курсларни ўтиб бериш учун келишини ташкиллаштириш, томонлар ўртасида илмий, ўқув-услубий соҳаларда таълим ресурсларини ўзаро алмашиш кабилар назарда тутилган.