Шу йилнинг 6 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда янги Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқишда хорижлик экспертлар, жумладан, Финляндиянинг малакали мутахассисларини жалб қилиш назарда тутилган.
Мамлакатимиз таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишда нима учун финляндиялик мутахассисларни жалб қилиш кўзда тутилмоқда? Финляндия таълим тизимининг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат?
Таълим тизимига оид шу каби саволлар билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инcпекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоевга мурожаат қилдик.
— Финляндия таълим соҳасида юқори натижаларга эришган давлатлар сирасига киради. Ушбу мамлакат тажрибаси ва амалиётининг устуворлиги нималарда кўринади?
— Президентимиз 30 октябрь куни мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим сифатини ошириш бўйича мулоҳазаларини билдирар экан, мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигини таъкидлаганди. Бу борада жаҳон тажрибасида энг илғор мамлакатлардан бири сифатида Финляндия тажрибаси мисол қилиб келтирилди.
Бу мамлакат сўнгги йиллар давомида бир қатор халқаро рейтингларда мунтазам равишда нуфузли ўринларни эгаллаб келади. Улар бундай натижага таълим тизимига киритилган сармоя ва билимга асосланган иқтисодиётни яратиш ҳисобига эришди, десак муболаға бўлмайди.
Биламизки, ушбу мамлакат бугунги кунда умумий саводхонлик, табиий ва математика фанлари ўқитилиши бўйича дунёда энг илғорлардан бири. Умуман финлар таълим соҳасида изчил равишда юқори натижаларни эгаллаб келмоқда.
Финляндияда айни пайтда асосий эътибор таълим сифатига қаратилган. Таълим жараёни доимо мамлакат ишлаб чиқариш сектори эҳтиёжлари билан чамбарчас боғлиқ кечади. Яъни Финляндия таълим жараёнларига ёндашувни ўзгартириш ва ўқувчиларни имтиҳонга эмас, ҳаётга тайёрлаш эвазига ушбу кўрсаткичларга эришди.
Ушбу мамлакат таълим сифатини баҳолаш бўйича ўтказилган халқаро тадқиқотлардаги муваффақиятларини ҳам эътироф этишимиз керак. Фин ўқувчилари халқаро тадқиқотлардаги барча йўналишларда саводхонлик ва таълим тенглиги кўрсаткичлари бўйича энг олдинги ўринларда.
Мазкур тадқиқотларда ўқувчиларнинг маълумотларни эслаб қолиш қобилиятига эмас, балки эгаллаган билимларини реал ҳаётий вазиятда қўллай олиш, мантиқий ва ижодий фикрлаш қобилияти баҳоланади. Айни шу нуқтаи назардан ҳам таълим соҳасига ўқувчиларни ёдлашга эмас, фикрлашга ўргатадиган ўқитиш методикасини жорий этишда Финляндия тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.
— Финларнинг бу борадаги муваффақияти асосан нималарда намоён бўлади?
— Бунинг асосий омили, аввало, ўқувчи ва талабаларни ҳаёт давомида керак бўладиган амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган таълим стандартлари ва ўқув дастурларининг жорий этилганлиги, талаблар ҳамма учун баробар эканлиги ҳамда педагоглар тайёрлашнинг аъло даражадаги тизими мавжудлигида. Финляндия таълим тизими негизи “Ҳар қандай ўқувчи юқори натижага эришиши мумкин, ҳар қандай мактаб у қаерда жойлашганидан қатъий назар сифатли таълим бериши керак” деган тамойилга асосланади. Асосий эътибор таълим жараёнида иқтидорли ўқувчиларга эмас, балки ўзлаштиришда орқада қолаётган ўқувчиларга қаратилади. Чунки финларнинг қарашларига кўра, аълочи, иқтидорли ўқувчи ҳаётда ўз ўрнини топиши қийин эмас. Аммо ўзлаштириши қийин ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур.
Тадқиқотчилар финлар эришган муваффақият омилларини уч гуруҳга ажратади: ўқитувчилар салоҳияти, таълим соҳасидаги давлат сиёсати ва фин маданияти.
Биринчи омил, яъни ўқитувчилар салоҳияти, аввало, ўқув дастурига боғлиқ. Ўрта мактабнинг энг яхши битирувчилари бўлажак ўқитувчилар сифатида танлаб олинади. Улар учун алоҳида мактаб белгиланади ва бўлғуси педагоглар дарс вақтларининг 10-15 фоизини ушбу мактабларда ўтказади. Талаба-ўқитувчилар мактабларда барча керакли ўқув материаллари билан таъминланади, уларга алоҳида хона ажратилади. Бу билан улар ҳам дарс жараёнини кузатишади, ҳам мактаб фаолиятида бевосита иштирок этади, муайян тажриба ва кўникма ҳосил қилади.
Ўқитувчиларнинг мослашувчанлиги ва мустақиллиги таълим сифатини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Агар улар малака оширишни хоҳласа, маъмурият ҳар доим қўллаб-қувватлайди. Ўқитувчи малака ошириш курсида олган билим ва кўникмаларини бошқа ҳамкасблари билан баҳам кўриши тавсия этилади.
Иккинчи омил, яъни таълим соҳасидаги давлат сиёсати изчил ва узоқ муддатли стратегия, билимга асосланган бўлиб, жамиятга содиқлик, таълимда тенг имкониятлар ва маҳаллий ҳокимиятнинг таълим соҳасидаги ваколатларининг кенглиги билан изоҳланади. 1970 йилдан буён муваффақиятли амал қилиб келаётган мазкур омиллар натижасида кучли таълим тизими яратилди.
Таълим сиёсати билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат — бу, таълим муассасалари билан марказий ҳамда маҳаллий бошқарувнинг мувозанати. Маҳаллий ҳокимият органлари, мактаб ва ўқитувчилар мустақил равишда қарор чиқариш ёки қабул қилиш ваколатига эга. Бу, ўз навбатида, уларга ўқув жараёнини самарали ташкил этишда ҳам катта имконият беради, ҳам масъулият юклайди.
Учинчи омил, яъни фин маданияти жамиятда таълим муассасалари ва ўқитувчиларга бўлган юксак ишонч, ўқитувчининг мавқеи ва обрўи юқори экани билан боғлиқ.
Ўқитувчилар салоҳияти – таълим муассасалари муваффақиятининг муҳим омилларидан бири. Синф раҳбари ҳам, фан ўқитувчиси ҳам ўзи ўқитадиган фанни жуда яхши билади, ўқувчиларнинг дарсда фаол бўлишлари учун ранг-баранг ўқитиш методикасидан фойдаланади.
Бундан ташқари, фин жамиятида китобхонлик маданияти жуда юқори. Бу, ўз навбатида, ўқувчиларнинг муваффақиятга эришишига бевосита таъсир кўрсатади. Кутубхоналар кўп ва доимо гавжум.
Мактабларда ўқув жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, компьютер ва планшетлардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилган.
— Финляндия таълим тизимининг 7 та асосий тамойили мавжуд: тенглик, бепул таълим, индивидуаллик, амалийлик, ишончлилик ва ўқитувчилар салоҳияти, ихтиёрийлик ҳамда мустақиллик. Ана шулар ҳақидаги фикрларингиз?
— Финляндиядаги барча мактаб ўқувчиларига бир хил шарт-шароит ва таълим тизими амал қилади.
Бепул таълим Финляндия таълим тизимининг ўзига хос хусусиятларидан саналади. Чунки унда мактабгача ва ўрта умумий таълим олиш бепул.
Индивидуаллик — ўқитувчилар дарсларни қийин ўзлаштирадиган ўқувчилар, яхши ўзлаштирган ўқувчилар билан алоҳида шуғулланади. Қўшимча дарслар ўтилмайди.
Амалийлик — ўқувчиларни имтиҳонга эмас, ҳаётга тайёрлашдан иборат. Масалан, ўқувчилар дарсларда виза картадан қандай фойдаланиш, шартномалар тузиш, сайтлар яратиш, тикиш, овқат пишириш, маркетинг ва сотув каби амалий ишлар билан ҳам шуғулланади.
Ишончлилик ва ўқитувчилар салоҳияти тамойили барча мактабдаги ўқитувчиларнинг магистратура даражасига эга бўлиши шартлигини англатади. Финляндияда ота-оналарнинг ўқитувчиларга ишончи юқори. Ўқитувчилар ҳурматли шахс саналади. Улар салоҳиятининг юқорилиги фин таълим тизими муваффақиятининг асосий омили ҳисобланади. Мактаб маъмурияти ва ота-оналар ўқитувчиларнинг ўз вазифасига сидқидилдан ва масъулият билан ёндашишига ишонади.
Ихтиёрийлик — ўқувчиларнинг дарсда иштирок этиш, этмаслиги ўзларининг ихтиёрида эканлигини англатади. Ўқитувчи агар ўқувчини қизиқтира олмаса, ўқувчи синфни тарк этиши ёки ўзи ёқтирган бошқа бир машғулот билан шуғулланиши мумкин.
Мустақиллик — ўқувчиларга билим ва кўникмаларни ўзлаштиришда имкон қадар эркинлик беришдан иборат. Олган билимларини ҳаётга татбиқ этиш кўникмаси амалий машғулотлар ёрдамида шакллантирилади. Ўқувчининг ҳар қандай фикри инобатга олинади ва қўллаб қувватланади.
Ўқувчига фақат ёдлаш ёхуд ўзимиз билган билим ва тажрибани ўргатиш билан чеклансак, у биз юрган йўлдан юриши ёки биз билган нарсанигина билиши мумкин. Биз агар ўқувчига мустақил фикрлашни ўргатсак, у ҳам узоққа боради, ҳам жамиятда ўз ўрнини топади.
— Президентимиз ташаббуси билан ўқитувчи мақомини ошириш ва бу борада қонун лойиҳасини тайёрлаш вазифаси белгиланган. Финляндияда бу борада қандай ижобий тажриба мавжуд?
— Ушбу давлат вакиллари билан мулоқот қилганимизда, тажрибасини ўрганганимизда ёшлар ўртасида ўқитувчилик касби эгаллашга иштиёқ жуда юқори экани маълум бўлди. Бу жуда муҳим. Чунки ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, таълим натижаларини баҳолаш ва соҳага оид қарорлар қабул қилишда ўқитувчи асосий ўрин тутади. Ўқитувчи билан ўқувчи ўртасидаги юқори даражадаги ҳамкорлик таълим тизимининг узлуксиз ишлашига ёрдам беради.
Ўқитувчи бўш вақтининг кўп қисмини ўзлаштира олмаётган, эътибор талаб қиладиган ўқувчиларга сарфлайди. Бунга унинг ассистенти ёрдам беради.
Ўқитувчиларни тайёрлаш ва малакасини оширишга “Таълим тизими сифати ўқитувчи сифатидан юқори бўла олмайди” тамойили асосида ёндашилади. Олий таълимнинг энг яхши битирувчилари ўқитувчиликка жалб қилинади.
Финляндия таълим тизими бу даражага етгунича соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилган. Таълим соҳасида қарорлар қабул қилишда кўп ваколатлар қуйи бўғинга берилди. Соҳага кўпроқ ҳудудий муниципалитетлар, яъни ҳокимликлар масъул этиб белгиланди. Шу боис бизда ҳам айни пайтда таълим соҳасида маҳаллий Кенгаш ва ҳокимликларнинг роли ҳамда масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Финляндия таълим тизимини ўрганиш ва мутахассисларни жалб қилиш юзасидан айни пайтда республикамизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Мазкур мамлакат таълим тизимидаги илғор жиҳатларини ўрганиш учун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда фин таълим тажрибасини ўрганиш ва мамлакатимизда самарали татбиқ қилишга қаратилган вазифалар, чора-тадбирлар белгиланди. Пандемия шароитига қарамай финляндиялик мутахассислар билан мунтазам равишда онлайн учрашув ва семинарлар ташкил этилмоқда. Шу йилнинг 25 ноябрь куни Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида Финляндиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Лиивала Маржа хоним, Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги таълим бўйича элчиси Салл Маряна хоним, Финляндия таълим ва маданият вазирлиги ҳамда Миллий таълим агентлиги мутасаддилари билан онлайн учрашув бўлиб ўтди. Унда келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Финляндия томони мазкур масалада биз билан ҳамкорлик қилиш ва қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. Бугунги кунда Финляндия тажрибасини ўрганиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи шакллантирилди ва унинг аниқ вазифалари белгиланди. Фин тажрибасини Ўзбекистонда жорий қилиш юзасидан фин мутахассислари ва Финляндиядаги фаол ватандошларимиздан иборат экспертлар гуруҳини ташкил этиш, улар билан ҳамкорлик ўрнатиш шу йил охири — келгуси йилнинг дастлабки ойларида амалга оширилади. Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси кўмагида экспертлар гуруҳига киритиш учун Финляндиядаги ватандошларимиз рўйхати шакллантирилади. Экспертлар гуруҳи аъзоларининг Ўзбекистон таълим тизими органлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлиги йўлга қўйилади.
Финляндия тажрибасини ўрганиш учун хорижий экспертлар жалб қилинади. Хорижий экспертлар билан онлайн учрашувлар ўтказиш, уларнинг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш, Финляндия томони билан келишган ҳолда 2 нафар фин мутахассисини юртимизга консультант сифатида доимий фаолиятга жалб қилиш кўзда тутилган.