Иқлим ўзгариши, аҳолининг кўпайиши, саноатлаштириш, сув ресурсларидан ноўрин ва самарасиз фойдаланиш натижасида одамлар ҳаёти қийинлашмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозир Ер юзида қарийб 1 миллиарддан ортиқ одам турли даражадаги сув етишмовчилиги шароитида яшамоқда.
Мазкур муаммо Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Ўтган йил 16 декабрда Президентимиз Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, шаҳар муҳитини яхшилаш ва муносиб яшаш шароитини яратиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда бу масалага алоҳида тўхталиб, ёмғир суви йиғиладиган 17 та иншоот барпо қилиниши, уларда жамланган обиҳаёт дарахт ва яшил ҳудудларни суғоришга ишлатилишини таъкидлаган эди.
Минтақамиз табиий-иқлим шароитига кўра сув ресурсларига бой ҳудудлар қаторига кирмайди, аммо аҳолининг ўсиши, иқтисодиётнинг кенгайиши ва иқлим ўзгаришлари таъсири муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Ўзбекистон сув ресурсларининг катта қисми трансчегаравий дарёларга боғлиқ бўлиб, бу ҳолат сув хавфсизлигини стратегик масалага айлантирмоқда.
Асосий муаммолардан бири сув манбаларининг қисқариб бориши ва барқарор эмаслигидир. Сўнгги ўн йилликларда Марказий Осиёдаги музликлар майдонининг сезиларли камайиши Амударё ва Сирдарё каби асосий сув манбаларига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Натижада сув оқими нотекис тус олмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги, саноат ва аҳоли таъминотида узилишлар хавфини кучайтирмоқда.
Иккинчи муаммо — сувдан фойдаланиш самарадорлигининг пастлиги. Амалиётда ичимлик сув техник ва хўжалик эҳтиёжлари учун кенг қўлланмоқда. Кўп қаватли уйлар, хизмат кўрсатиш объектлари, жумладан, автомобиль ювиш шохобчалари, кўкаламзорлаштириш ва санитария тизимларида ичимлик сув ишлатилиши сув таъминотига катта босим бермоқда. Сув тармоқларидаги йўқотишлар ва эскирган баъзи инфратузилма эса бу муаммони янада кескинлаштиради.
Учинчи муаммо муқобил сув манбаларидан етарлича фойдаланилмаётганидир. Ёмғир суви, қайта ишланган оқова сув каби ресурслар амалда ўта зарур бўлса-да, ҳозирча тизимли ва мажбурий ёндашув йўқлиги сабабли кенг жорий этилмаган. Аслида, ёмғир сувини йиғиш ва техник эҳтиёж учун қайта ишлатиш орқали ичимлик сувга талабни сезиларли даражада камайтириш мумкин.
Ёмғир сувидан фойдаланиш лойиҳаси Ўзбекистонда сув танқислиги шароитида ичимлик сув таъминотига тушаётган босимни камайтириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини барқарорлаштиришга қаратилган комплекс тизимдир. Мазкур лойиҳа ёмғир сувини табиий жараёнда йўқотиб юбормай, йиғиш, тозалаш, сақлаш ва техник эҳтиёжлар учун қайта ишлатиш тамойилига асосланади. Тизимнинг ишлаш механизми бир неча босқичдан иборат.
Аввало, биноларнинг том қисми ёмғир сувини йиғиш учун асосий майдон вазифасини бажаради. Ёмғир суви махсус том новлари ва қувурлар орқали йиғилиб, “first-flush” ажраткичдан ўтказилади. Ушбу механизм ёмғирнинг дастлабки ифлос қатламини ажратиб, чанг ва зарарли аралашмаларни тизимга киришидан олдин ажратиб олади. Шундан сўнг сув механик ва қумли фильтрлардан ўтказилиб, ёпиқ ва гигиеник талаблар асосида жиҳозланган резервуарларда сақланади. Сақланган ёмғир суви ичимлик учун эмас, балки техник эҳтиёжлар учун мўлжалланади. Хусусан, кўкаламзорлаштириш ва боғларни суғориш, ҳожатхона бакларини тўлдириш, ҳовли ва йўлакларни ювиш, совитиш тизимлари, шунингдек, автомобилларни ювиш жараёнида фойдаланиш мумкин. Бундай ёндашув орқали ичимлик сувга талаб 30-50 фоизгача қисқаради, айрим объектларда эса техник сув эҳтиёжи деярли тўлиқ ёмғир суви ҳисобидан қопланади. Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати экологик ва иқтисодий самарасидир. Ёмғир сувини йиғиш тизимлари дренаж ва канализация тармоқларига тушадиган босимни камайтиради, сув тошқинлари хавфини пасайтиради ҳамда ернинг табиий тўйинишига хизмат қилади. Шу билан бирга, ичимлик сувни қайта ишлаш ва етказиб беришга кетадиган энергия сарфи қисқариб, коммунал харажатлар камаяди.
Ўзбекистонда ёмғир сувидан фойдаланишга эҳтиёж ниҳоятда юқори. Сув хавфсизлигини таъминлашда фақат анъанавий манбаларга таяниш етарли эмас, муқобил ва қўшимча манбаларни ишга солиш зарур. Шаҳарсозлик нуқтаи назаридан қараганда, ёмғир сувидан фойдаланиш, айниқса, жуда муҳим. Сўнгги йилларда шаҳарлар кенгайиб, янги турар жой массивлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, йўллар ва қаттиқ қопламали майдонлар кўпаймоқда. Бу эса табиий инфильтрацияни камайтириб, ёмғир сувининг катта қисми канализация ва дренаж тизимлари орқали йўқотиб юборилишига олиб келмоқда. Аслида, ушбу сувни биноларнинг том қисмидан йиғиб, техник эҳтиёжларга йўналтириш орқали шаҳар инфратузилмасини янада барқарорлаштириш мумкин.
Инфратузилма нуқтаи назаридан ёмғир сувидан фойдаланиш тизимларига сув ва канализация тармоқлари босимини енгиллаштирувчи омил сифатида қаралиши лозим. Ҳозир ҳудудларда сув тармоқлари эскирган, йўқотишлар талайгина. Техник эҳтиёжлар учун ичимлик сув ишлатилиши эса муаммоларни янада кучайтирмоқда. Ёмғир сувини йиғиш ва қайта ишлатиш тизимлари йўлга қўйилса, ичимлик сув асосан истеъмолга йўналтирилади, инфратузилмага босим камаяди.
Ҳуқуқий-меъёрий асослар нуқтаи назаридан эса ушбу масалага ихтиёрий ташаббус сифатида эмас, балки мажбурий ва тизимли ёндашув сифатида қараш зарур. Амалдаги шароитда ёмғир сувидан фойдаланиш бўйича аниқ миллий стандартлар ва қурилиш меъёрларида мажбурий талаблар етарли даражада мустаҳкамланмаган. Шу сабабли Шаҳарсозлик кодекси ва қурилиш нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш, янги қурилаётган биноларда ёмғир сувини йиғиш тизимларини мажбурий жорий этиш долзарб вазифа.
Автомобиль ювиш шохобчаларида катта миқдорда ичимлик сув сарфланади — битта машина ювиш учун ўртача 150-200 литр сув кетади. Автомобиль ювиш жараёнининг дастлабки босқичида чанг, лой ва йирик ифлосликларни кетказиш, кўпиклаш ва чайиш ичимлик сув талаб қилмайди. Ушбу жараёнларда йиғилган ва фильтрациядан ўтказилган ёмғир сувидан самарали фойдаланиш мумкин. Ичимлик сувдан эса фақат якуний чайиш босқичида фойдаланиш кифоя қилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, замонавий ёндашув ва ёмғир суви асосидаги тизимлар жорий этилган автоювиш шохобчаларида ичимлик сувга эҳтиёжни камида 60-70 фоиз қисқартириш мумкин. Масалан, кунига 50 та автомобилга хизмат кўрсатилса, анъанавий усулда 9000 литр ичимлик сув сарфланади. Ёмғир сувидан фойдаланилганда эса кунига қарийб 3500 литр ичимлик сув тежалади. Бундан ташқари, ёмғир сувидан фойдаланиш автоювиш шохобчалари учун иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали. Сув харажати ва оқова сув тўлови камайиши хизмат таннархини пасайтиради, тадбиркорлик фаолиятининг барқарорлигини оширади.
Ёмғир сувидан фойдаланиш кўплаб мамлакатларда самарали амалиётга айланган ва турли соҳаларда ижобий натижа бермоқда. Бу ечим сув танқислиги кучли, шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги ва техник эҳтиёжлар учун сув ресурсларини тежаш зарур бўлган ҳудудларда кенг жорий этилган.
Хитойдаги баъзи шаҳар ва инфратузилмаларда ёмғир сувини йиғиш тизимлари фаол қўлланмоқда. Масалан, Пекиндаги Миллий стадион ва Миллий сув спорти маркази бинолари томидан йиғилган ёмғир суви ҳожатхоналарни ювиш, майдонларни суғориш каби техник эҳтиёжларни қисман қондирмоқда. Пекин шаҳрида йиғилган ёмғир суви ҳажми йилига ўнлаб миллион куб метрга етмоқда.
Cингапурдек кичик шаҳар — давлат ҳам сув бошқаруви бўйича илғор тажрибага эга. У ерда техник эҳтиёжлар учун сувнинг тахминан 45 фоизи ёмғир суви ҳисобидан қопланади. Бу қишлоқ хўжалиги ва шаҳар инфратузилмасида сувни тежашга катта ҳисса қўшади.
Германия ва Япония шаҳарсозлик тизимларида ҳам ёмғир сувидан фойдаланиш орқали дренаж тизимларига тушадиган босим камайтирилиб, шаҳар ҳудудларида тошқин хавфи пасайтирилмоқда. Германияда боғлар ва санитария тизимларида ёмғир суви қайта ишланади. Япония эса шу орқали шаҳарларни барқарор сув бошқаруви тизимига ўтказмоқда.
Ҳиндистонда анъанавий ҳамда замонавий тизимлар орқали ёмғир сувини йиғиш амалиёти кенг ёйилган. Хусусан, қурғоқчил ҳудудларда сув йиғиш иншоотлари захираларни мустаҳкамлаш, сув тақчиллиги юқори бўлган вақтларда таъминотга хизмат қилади. Бу тажрибалардан фойдаланиш сувни тежаш билан бирга, инфратузилма барқарорлигини ошириш, шаҳар муҳитини яхшилаш ва сув таъминотидаги хавфларни камайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг иқлим шароити ёмғир сувидан фойдаланиш учун қулай. Мамлакатимизда йиллик ёғингарчилик миқдори ўртача 186 миллиметр бўлиб, тоғли ва тоғолди ҳудудларда кўрсаткич 300-900 миллиметргача етади. Бу ёмғир сувини йиғиш учун етарли ҳажмдир. Ўзбекистон шимолий текисликлардан тоғли ҳудудларгача катта географик хилма-хилликка эга. Ёмғир суви йиғиш тизимлари учун турли шароитларда мослашувчан ёндашувлар қўлланиши мумкин. Қурғоқчил марказий вилоятлар учун катта сақлаш резервуарлари, тоғли ҳудудларда эса табиий дренажлардан фойдаланиш имкони бор. Йиғилган ёмғир сувидан техник эҳтиёжлар, суғориш, ҳожатхона тизимлари, автоювиш, кўкаламзорлаштиришда фойдаланилади. Бу ичимлик сувни етказиб бериш, тозалаш ва насослаш харажатларини қисқартиради, шу билан иқтисодий тежамкорликни оширади ва даромад келтиради. Бу тизим орқали шаҳар микроиқлимини яхшилаш, ичимлик сувга бўлган талабни камайтириш ва дренаж тизимларига тушадиган юкни пасайтиришга қаратилган ишлар бошланмоқда.
Мазкур ғояни амалиётга жорий этиш тизимли, босқичма-босқич ва аниқ масъулият механизмларига таянган ҳолда амалга оширилиши лозим. Биринчи босқичда ҳуқуқий-меъёрий асос яратиш масаласи турибди. Аввало, ёмғир сувини йиғиш ва техник эҳтиёжларда фойдаланишни тартибга солувчи аниқ талаблар ишлаб чиқилиши зарур. Бунинг учун Шаҳарсозлик кодекси ва амалдаги қурилиш меъёрларига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, янги қурилаётган турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ижтимоий бино-иншоотларда ёмғир сувини йиғиш тизимлари мажбурий талаб сифатида белгиланиши лозим. Шу билан бирга, ичимлик сув ва ёмғир суви тармоқларини ажратиш, санитария ва хавфсизлик талабларини аниқ кўрсатиб берувчи миллий стандарт ишлаб чиқилиши лозим бўлади.
Иккинчи босқичда пилот лойиҳалари ишга туширилади. Лойиҳани дарҳол бутун республика бўйича жорий этишдан кўра, иқлим ва қурилиш фаоллиги юқори бўлган ҳудудларда синов тариқасида бошлаш мақсадга мувофиқ. Масалан, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги янги қурилаётган уй-жой массивлари, автоювиш шохобчалари, савдо марказлари пилот ҳудуд сифатида танланиши мумкин. Ушбу босқичда техник ечимлар, реал сув тежаш ҳажми ва иқтисодий самарадорлик амалий ҳисоб-китоблар орқали баҳоланади.
Учинчи босқичда молиявий ва иқтисодий рағбатлантириш амалга оширилиши керак. Ёмғир сувидан фойдаланиш тизимларини ўрнатаётган қурувчилар ва тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари, кредитлар ёки субсидия механизмларини жорий этиш лойиҳанинг оммалашувини тезлаштиради. Айниқса, автоювиш шохобчалари ва хизмат кўрсатиш объектлари учун бундай қўллаб-қувватлаш қисқа муддатда сезиларли натижа беради.
Қурилиш объектларини фойдаланишга қабул қилишда ёмғир сувини йиғиш тизимининг реал мавжудлиги ва ишлашини мажбурий текширув шарти сифатида белгилаш зарур. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимликлар, сув хўжалиги ва қурилиш идоралари ўртасида аниқ ваколатлар тақсимоти йўлга қўйилиши керак.
Ҳисоб-китоблар ва амалий мисолларга кўра, ўртача 100 квадрат метр том майдонига эга бино йилига тахминан 300 миллиметрли ёғингарчилик шароитида 30 минг литрга яқин ёмғир сувини йиғиш имконига эга. Агар 500 квадрат метр том, 5 қаватли 18 хонадонли турар жой биносини олсак, йилига ўртача 150 минг литр техник сув захираси шаклланади. Ушбу сув ҳожатхона тизимлари, кўкаламзорлаштириш ва умумий хўжалик эҳтиёжларида ишлатилса, ҳар бир хонадонда ичимлик сув истеъмоли 30-50 фоизгача камаяди. Йирикроқ миқёсда қаралганда, агар фақат 10 мингта хонадонда ёмғир сувини йиғиш тизими жорий этилса, йилига камида 180 минг куб метр (180 миллион литр) ичимлик сувни тежаш мумкин. Автоювиш шохобчалари мисолида эса самарадорлик янада яққол кўринади: йилига 1 миллион литрдан ортиқ ичимлик сув тежалади. Агар бу тизим камида 1000 та автоювиш шохобчасида жорий этилса, йилига 1,2 миллиард литрдан зиёд сув иқтисод қилинади.
Иқтисодий самарадорлик, аввало, ичимлик сувни ишлаб чиқариш, тозалаш ва етказиб беришга кетадиган харажат камайишида намоён бўлади. Сув таъминоти тизимларига тушадиган босим камаяди, энергия сарфи 8-12 фоизгача қисқаради, оқова сув ҳажми камайиши ҳисобига канализация харажати озаяди. Хонадонлар бўйича олганда, бир йилда коммунал тўловлар ўртача 120-250 минг сўмгача қисқариши мумкин. Хуллас, ёмғир сувидан фойдаланиш лойиҳаси нафақат экологик, балки аниқ рақамлар билан исботланган иқтисодий фойда келтирадиган, ўзини ўзи тўлиқ оқлайдиган самарали ечимдир.
Муҳсиддин НИЗОМИДДИНОВ,
халқ депутатлари
Тошкент вилояти кенгаши депутати