Иқлим ўзгариши, аҳолининг кўпайиши, саноатлаштириш, сув ресурсларидан ноўрин ва самарасиз фойдаланиш натижасида одамлар ҳаёти қийинлашмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозир Ер юзида қарийб 1 миллиарддан ортиқ одам турли даражадаги сув етишмовчилиги шароитида яшамоқда.

Мазкур муаммо Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Ўт­ган йил 16 декабрда Президентимиз Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ри­вожлантириш, шаҳар муҳитини яхшилаш ва муносиб яшаш шароитини яратиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда бу масала­га алоҳида тўхталиб, ёмғир суви йиғиладиган 17 та иншоот барпо қилиниши, уларда жамлан­ган обиҳаёт дарахт ва яшил ҳудудларни суғо­ришга ишлатилишини таъкидлаган эди.

Минтақамиз табиий-иқлим шароитига кўра сув ресурсларига бой ҳудудлар қаторига кирмайди, аммо аҳолининг ўсиши, иқтисоди­ётнинг кенгайиши ва иқлим ўзгаришлари таъ­сири муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Ўзбекистон сув ресурсларининг катта қисми трансчегаравий дарёларга боғлиқ бўлиб, бу ҳолат сув хавфсизлигини стратегик масалага айлантирмоқда.

Асосий муаммолардан бири сув манбала­рининг қисқариб бориши ва барқарор эмас­лигидир. Сўнгги ўн йилликларда Марказий Осиёдаги музликлар майдонининг сезиларли камайиши Амударё ва Сирдарё каби асосий сув манбаларига бевосита таъсир кўрсатмоқда. На­тижада сув оқими нотекис тус олмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги, саноат ва аҳоли таъминоти­да узилишлар хавфини кучайтирмоқда.

Иккинчи муаммо — сувдан фойдаланиш са­марадорлигининг пастлиги. Амалиётда ичим­лик сув техник ва хўжалик эҳтиёжлари учун кенг қўлланмоқда. Кўп қаватли уйлар, хизмат кўрсатиш объектлари, жумладан, автомобиль ювиш шохобчалари, кўкаламзорлаштириш ва санитария тизимларида ичимлик сув ишлати­лиши сув таъминотига катта босим бермоқда. Сув тармоқларидаги йўқотишлар ва эскирган баъзи инфратузилма эса бу муаммони янада кескинлаштиради.

Учинчи муаммо муқобил сув манбалари­дан етарлича фойдаланилмаётганидир. Ёмғир суви, қайта ишланган оқова сув каби ресурслар амалда ўта зарур бўлса-да, ҳозирча тизимли ва мажбурий ёндашув йўқлиги сабабли кенг жо­рий этилмаган. Аслида, ёмғир сувини йиғиш ва техник эҳтиёж учун қайта ишлатиш орқали ичимлик сувга талабни сезиларли даражада ка­майтириш мумкин.

Ёмғир сувидан фойдаланиш лойиҳаси Ўзбе­кистонда сув танқислиги шароитида ичимлик сув таъминотига тушаётган босимни камайти­риш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини барқарорлаштиришга қаратилган комплекс тизимдир. Мазкур лойиҳа ёмғир сувини табиий жараёнда йўқотиб юбормай, йиғиш, тоза­лаш, сақлаш ва техник эҳтиёжлар учун қайта ишлатиш тамойилига асосланади. Тизимнинг ишлаш механизми бир неча босқичдан иборат.

Аввало, биноларнинг том қисми ёмғир су­вини йиғиш учун асосий майдон вазифасини бажаради. Ёмғир суви махсус том новлари ва қувурлар орқали йиғилиб, “first-flush” ажрат­кичдан ўтказилади. Ушбу механизм ёмғирнинг дастлабки ифлос қатламини ажратиб, чанг ва зарарли аралашмаларни тизимга киришидан олдин ажратиб олади. Шундан сўнг сув меха­ник ва қумли фильтрлардан ўтказилиб, ёпиқ ва гигиеник талаблар асосида жиҳозланган резервуарларда сақланади. Сақланган ёмғир суви ичимлик учун эмас, балки техник эҳти­ёжлар учун мўлжалланади. Хусусан, кўкалам­зорлаштириш ва боғларни суғориш, ҳожатхона бакларини тўлдириш, ҳовли ва йўлакларни ювиш, совитиш тизимлари, шунингдек, авто­мобилларни ювиш жараёнида фойдаланиш мумкин. Бундай ёндашув орқали ичимлик сув­га талаб 30-50 фоизгача қисқаради, айрим объ­ектларда эса техник сув эҳтиёжи деярли тўлиқ ёмғир суви ҳисобидан қопланади. Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати экологик ва иқтисодий самарасидир. Ёмғир сувини йиғиш тизимлари дренаж ва канализация тармоқларига туша­диган босимни камайтиради, сув тошқинлари хавфини пасайтиради ҳамда ернинг табиий тўйинишига хизмат қилади. Шу билан бирга, ичимлик сувни қайта ишлаш ва етказиб бериш­га кетадиган энергия сарфи қисқариб, комму­нал харажатлар камаяди.

Ўзбекистонда ёмғир сувидан фойдаланиш­га эҳтиёж ниҳоятда юқори. Сув хавфсизлиги­ни таъминлашда фақат анъанавий манбаларга таяниш етарли эмас, муқобил ва қўшимча манбаларни ишга солиш зарур. Шаҳарсозлик нуқтаи назаридан қараганда, ёмғир сувидан фойдаланиш, айниқса, жуда муҳим. Сўнгги йилларда шаҳарлар кенгайиб, янги турар жой массивлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, йўллар ва қаттиқ қопламали майдонлар кўпаймоқда. Бу эса табиий инфильтрацияни камайтириб, ёмғир сувининг катта қисми кана­лизация ва дренаж тизимлари орқали йўқотиб юборилишига олиб келмоқда. Аслида, ушбу сувни биноларнинг том қисмидан йиғиб, тех­ник эҳтиёжларга йўналтириш орқали шаҳар инфратузилмасини янада барқарорлаштириш мумкин.

Инфратузилма нуқтаи назаридан ёмғир су­видан фойдаланиш тизимларига сув ва канали­зация тармоқлари босимини енгиллаштирувчи омил сифатида қаралиши лозим. Ҳозир ҳудуд­ларда сув тармоқлари эскирган, йўқотишлар талайгина. Техник эҳтиёжлар учун ичимлик сув ишлатилиши эса муаммоларни янада ку­чайтирмоқда. Ёмғир сувини йиғиш ва қайта ишлатиш тизимлари йўлга қўйилса, ичимлик сув асосан истеъмолга йўналтирилади, инфра­тузилмага босим камаяди.

Ҳуқуқий-меъёрий асослар нуқтаи наза­ридан эса ушбу масалага ихтиёрий ташаббус сифатида эмас, балки мажбурий ва тизимли ёндашув сифатида қараш зарур. Амалдаги шароитда ёмғир сувидан фойдаланиш бўйича аниқ миллий стандартлар ва қурилиш меъёр­ларида мажбурий талаблар етарли даражада мустаҳкамланмаган. Шу сабабли Шаҳарсозлик кодекси ва қурилиш нормаларига тегишли ўз­гартиришлар киритиш, янги қурилаётган бино­ларда ёмғир сувини йиғиш тизимларини маж­бурий жорий этиш долзарб вазифа.

Автомобиль ювиш шохобчаларида катта миқдорда ичимлик сув сарфланади — битта машина ювиш учун ўртача 150-200 литр сув кетади. Автомобиль ювиш жараёнининг даст­лабки босқичида чанг, лой ва йирик ифлосликларни кетказиш, кўпиклаш ва чайиш ичимлик сув талаб қилмайди. Ушбу жараёнларда йиғил­ган ва фильтрациядан ўтказилган ёмғир суви­дан самарали фойдаланиш мумкин. Ичимлик сувдан эса фақат якуний чайиш босқичида фойдаланиш кифоя қилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, замонавий ён­дашув ва ёмғир суви асосидаги тизимлар жорий этилган автоювиш шохобчаларида ичимлик сувга эҳтиёжни камида 60-70 фоиз қисқартириш мумкин. Масалан, кунига 50 та автомобилга хизмат кўрсатилса, анъанавий усулда 9000 литр ичимлик сув сарфланади. Ёмғир сувидан фойдаланилганда эса куни­га қарийб 3500 литр ичимлик сув тежалади. Бундан ташқари, ёмғир сувидан фойдала­ниш автоювиш шохобчалари учун иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали. Сув харажати ва оқо­ва сув тўлови камайиши хизмат таннархини пасайтиради, тадбиркорлик фаолиятининг барқарорлигини оширади.

Ёмғир сувидан фойдаланиш кўплаб мам­лакатларда самарали амалиётга айланган ва турли соҳаларда ижобий натижа бермоқда. Бу ечим сув танқислиги кучли, шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги ва техник эҳтиёжлар учун сув ресурсларини тежаш зарур бўлган ҳудудларда кенг жорий этилган.

Хитойдаги баъзи шаҳар ва инфратузилма­ларда ёмғир сувини йиғиш тизимлари фаол қўлланмоқда. Масалан, Пекиндаги Миллий стадион ва Миллий сув спорти маркази бино­лари томидан йиғилган ёмғир суви ҳожатхона­ларни ювиш, майдонларни суғориш каби тех­ник эҳтиёжларни қисман қондирмоқда. Пекин шаҳрида йиғилган ёмғир суви ҳажми йилига ўнлаб миллион куб метрга етмоқда.

Cингапурдек кичик шаҳар — давлат ҳам сув бошқаруви бўйича илғор тажрибага эга. У ерда техник эҳтиёжлар учун сувнинг тахминан 45 фоизи ёмғир суви ҳисобидан қопланади. Бу қишлоқ хўжалиги ва шаҳар инфратузилмасида сувни тежашга катта ҳисса қўшади.

Германия ва Япония шаҳарсозлик тизимла­рида ҳам ёмғир сувидан фойдаланиш орқали дренаж тизимларига тушадиган босим камай­тирилиб, шаҳар ҳудудларида тошқин хавфи па­сайтирилмоқда. Германияда боғлар ва санита­рия тизимларида ёмғир суви қайта ишланади. Япония эса шу орқали шаҳарларни барқарор сув бошқаруви тизимига ўтказмоқда.

Ҳиндистонда анъанавий ҳамда замонавий тизимлар орқали ёмғир сувини йиғиш ама­лиёти кенг ёйилган. Хусусан, қурғоқчил ҳу­дудларда сув йиғиш иншоотлари захираларни мустаҳкамлаш, сув тақчиллиги юқори бўлган вақтларда таъминотга хизмат қилади. Бу тажрибалардан фойдаланиш сувни тежаш билан бирга, инфратузилма барқарорлигини ошириш, шаҳар муҳитини яхшилаш ва сув таъминотида­ги хавфларни камайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг иқлим шароити ёмғир су­видан фойдаланиш учун қулай. Мамлакати­мизда йиллик ёғингарчилик миқдори ўртача 186 миллиметр бўлиб, тоғли ва тоғолди ҳудуд­ларда кўрсаткич 300-900 миллиметргача етади. Бу ёмғир сувини йиғиш учун етарли ҳажмдир. Ўзбекистон шимолий текисликлардан тоғли ҳудудларгача катта географик хилма-хилликка эга. Ёмғир суви йиғиш тизимлари учун турли шароитларда мослашувчан ёндашувлар қўл­ланиши мумкин. Қурғоқчил марказий вилоят­лар учун катта сақлаш резервуарлари, тоғли ҳудудларда эса табиий дренажлардан фойда­ланиш имкони бор. Йиғилган ёмғир сувидан техник эҳтиёжлар, суғориш, ҳожатхона ти­зимлари, автоювиш, кўкаламзорлаштиришда фойдаланилади. Бу ичимлик сувни етказиб бериш, тозалаш ва насослаш харажатларини қисқартиради, шу билан иқтисодий тежамкор­ликни оширади ва даромад келтиради. Бу ти­зим орқали шаҳар микроиқлимини яхшилаш, ичимлик сувга бўлган талабни камайтириш ва дренаж тизимларига тушадиган юкни пасайти­ришга қаратилган ишлар бошланмоқда.

Мазкур ғояни амалиётга жорий этиш тизим­ли, босқичма-босқич ва аниқ масъулият меха­низмларига таянган ҳолда амалга оширилиши лозим. Биринчи босқичда ҳуқуқий-меъёрий асос яратиш масаласи турибди. Аввало, ёмғир сувини йиғиш ва техник эҳтиёжларда фойдала­нишни тартибга солувчи аниқ талаблар ишлаб чиқилиши зарур. Бунинг учун Шаҳарсозлик кодекси ва амалдаги қурилиш меъёрларига те­гишли ўзгартиришлар киритилиб, янги қури­лаётган турар жойлар, савдо ва хизмат кўрса­тиш объектлари, ижтимоий бино-иншоотларда ёмғир сувини йиғиш тизимлари мажбурий та­лаб сифатида белгиланиши лозим. Шу билан бирга, ичимлик сув ва ёмғир суви тармоқлари­ни ажратиш, санитария ва хавфсизлик талабла­рини аниқ кўрсатиб берувчи миллий стандарт ишлаб чиқилиши лозим бўлади.

Иккинчи босқичда пилот лойиҳалари ишга туширилади. Лойиҳани дарҳол бутун республика бўйича жорий этишдан кўра, иқлим ва қурилиш фаоллиги юқори бўлган ҳудудларда синов тариқасида бошлаш мақсадга мувофиқ. Масалан, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги янги қурилаётган уй-жой массивлари, автоювиш шохобчалари, савдо марказлари пилот ҳудуд сифатида танланиши мумкин. Ушбу босқичда техник ечимлар, реал сув тежаш ҳажми ва иқтисодий самарадорлик амалий ҳисоб-китоблар орқали баҳоланади.

Учинчи босқичда молиявий ва иқтисодий рағбатлантириш амалга оширилиши керак. Ёмғир сувидан фойдаланиш тизимларини ўр­натаётган қурувчилар ва тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари, кредитлар ёки субсидия ме­ханизмларини жорий этиш лойиҳанинг омма­лашувини тезлаштиради. Айниқса, автоювиш шохобчалари ва хизмат кўрсатиш объектлари учун бундай қўллаб-қувватлаш қисқа муддатда сезиларли натижа беради.

Қурилиш объектларини фойдаланишга қа­бул қилишда ёмғир сувини йиғиш тизимининг реал мавжудлиги ва ишлашини мажбурий тек­ширув шарти сифатида белгилаш зарур. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимликлар, сув хў­жалиги ва қурилиш идоралари ўртасида аниқ ваколатлар тақсимоти йўлга қўйилиши керак.

Ҳисоб-китоблар ва амалий мисолларга кўра, ўртача 100 квадрат метр том майдонига эга бино йилига тахминан 300 миллиметр­ли ёғингарчилик шароитида 30 минг литрга яқин ёмғир сувини йиғиш имконига эга. Агар 500 квадрат метр том, 5 қаватли 18 хонадон­ли турар жой биносини олсак, йилига ўртача 150 минг литр техник сув захираси шакллана­ди. Ушбу сув ҳожатхона тизимлари, кўкалам­зорлаштириш ва умумий хўжалик эҳтиёжлари­да ишлатилса, ҳар бир хонадонда ичимлик сув истеъмоли 30-50 фоизгача камаяди. Йирикроқ миқёсда қаралганда, агар фақат 10 мингта хо­надонда ёмғир сувини йиғиш тизими жорий этилса, йилига камида 180 минг куб метр (180 миллион литр) ичимлик сувни тежаш мумкин. Автоювиш шохобчалари мисолида эса самара­дорлик янада яққол кўринади: йилига 1 миллион литрдан ортиқ ичимлик сув тежалади. Агар бу тизим камида 1000 та автоювиш шо­хобчасида жорий этилса, йилига 1,2 миллиард литрдан зиёд сув иқтисод қилинади.

Иқтисодий самарадорлик, аввало, ичимлик сувни ишлаб чиқариш, тозалаш ва етказиб бе­ришга кетадиган харажат камайишида намоён бўлади. Сув таъминоти тизимларига тушади­ган босим камаяди, энергия сарфи 8-12 фоиз­гача қисқаради, оқова сув ҳажми камайиши ҳисобига канализация харажати озаяди. Хона­донлар бўйича олганда, бир йилда коммунал тўловлар ўртача 120-250 минг сўмгача қисқа­риши мумкин. Хуллас, ёмғир сувидан фойда­ланиш лойиҳаси нафақат экологик, балки аниқ рақамлар билан исботланган иқтисодий фойда келтирадиган, ўзини ўзи тўлиқ оқлайдиган са­марали ечимдир.  

Муҳсиддин НИЗОМИДДИНОВ,

халқ депутатлари

Тошкент вилояти кенгаши депутати