Франция ҳудудининг 85 фоизи иссиқ ҳаво ва ёғингарчиликнинг етарли эмаслиги туфайли қурғоқчиликдан зарар кўрди, деб хабар берди Kazinform.

Европа Иттифоқининг (ЕИ) "Коперник" Ерни кузатиш дастури эълон қилган маълумотларга кўра, жорий ёзда Франциянинг катта қисмида қурғоқчилик кузатилган.

Июль ойи ўрталаридаги ҳолатга кўра, мамлакат ҳудудининг 85 фоизида қурғоқчилик ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган. 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 65 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йил ёзида 2 фоиздан кам бўлган.

"Коперник" дастурининг "Sentinel-3" сунъий йўлдошидан олинган тасвирлар мамлакатдаги қурғоқчилик кўламини яққол намоён этди.

Франциянинг 2024 йил 11 август, 2025 йил 12 август ва 2026 йил 8 август кунлари олинган сунъий йўлдош тасвирларини таққослаш мамлакат бўйлаб ўсимлик қопламидаги ўзгаришларни аниқлаш имконини беряпти.

Франциянинг 2024 йилдаги тасвирида мамлакатнинг аксарият қисмида яшил ранг устун бўлган. 2025 йилда эса, айниқса, мамлакатнинг ғарбий қисми ва Париж агломерацияси ҳудудида оч жигарранг майдонларнинг кенгайиши кузатилган.

2026 йил 8 августда олинган сўнгги тасвирда Атлантика океани соҳилидан мамлакатнинг шимолигача бўлган кенг ҳудудда сариқ ва жигарранглар устунлик қилган.

Чекланган яшил ҳудудлар ва ландшафтдаги қурғоқчилик ҳолатига алоҳида эътибор қаратилган.