Унда юртимиз заминида ҳукм сурган цивилизациялар, сулолалар ва подшоликлар ҳаётидан, санъати, маданияти ва тарихидан ҳикоя қилувчи кўплаб экспонатлар намойиш этилади. Дунё аҳли мамлакатимиз тарихи билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади. Бу Ўзбекистонни дунёга янада танитиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, маданий ҳамкорлик учун янги эшиклар очиши кутилмоқда.
Кўргазмани ўтказиш ғояси, аслида, анча аввал пайдо бўлган, бироқ турли сабаблар туфайли уни ташкил этиш билан боғлиқ ишлар ортга сурилган. 2018 йилда давлатимиз раҳбари Францияга ташрифи чоғида Лувр музейига ҳам борган эди. Олий даражадаги ташриф чоғида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Лувр музейи ўртасида кўргазма ташкил этиш бўйича келишув имзоланди.
Кўргазмада намойиш этиладиган экспонатлар юртимиз тарихининг милоддан аввалги III-II асрларидан темурийлар ҳукмронлиги ниҳоясигача бўлган даврларга оид. Улар орқали тарих ихлосманд лари Марказий Осиё тарихининг энг ривожланган даврлари ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш имконига эга бўлади.
Ушбу улкан тарихий давр оралиғида Ўзбекистон заминида турли давлатлар ва подшоликлар ҳукм сурган. Дастлаб воҳа-давлатлар деб аталувчи, кейинчалик юнонлар истилосидан сўнг пайдо бўлган Юнон-Бақтрия давлати, кушонлар салтанати, эфталийлар давлати, турк хоқонлиги, сомонийлар, қорахонийлар, салжуқийлар ва хоразмшоҳлар давлати мўғиллар босқинига қадар ҳукм сурган энг йирик подшоликлар эди. Улар ўз даврида бутун дунёда энг йирик салтанатлар қаторида тилга олинган.
Мўғиллар истилоси юртимиз тарихида зулмат рамзи сифатида қолган. Ушбу даврни ривожланишда ортда қолиш даври, дейиш ҳам мумкин. Истилодан олдинги кўплаб маданий бойликлар таланди, шаҳарлар вайрон бўлди. Қадим Самарқанд шаҳри ҳувуллаб қолди, Урганч ва Бухоро сингари шаҳарлар харобага айлантирилди. Кейинчалик буюк саркарда Амир Темур даврида бу ҳудудлар қайта тикланди. Жумладан, Самарқанд шаҳри ўз ўрнидан бошқа ерда қайта қад ростлади ва Шарқнинг энг йирик илм-маърифат, маданият марказига айланди. Бу давр тарихимизда “Темурийлар Ренессанси” деган ном билан эсланиши бежиз эмас. Бу жабҳада буюк Темурнинг набираси Мирзо Улуғбекнинг хизматлари беқиёс.
Намойиш этиладиган экспонатлар орасида биз ҳали кўришга улгурмаган янги топилмалар, турли хорижий коллекция ва музейларда сақланаётган мамлакатимизга тегишли бойликлар, шунингдек, Ўзбекистон музейлари захирасидан олиб борилган турли санъат дурдоналарини кўриш мумкин. Улар орасида Далварзинтепа хазинаси, Кофирқалъадаги ёғочга ишланган ўймакор нақшлар, Бухоронинг Варахшасидан топилган деворий суратлар ҳамда Самарқанддаги Афросиёб деворий суратлари, турли ҳайкалтарошлик буюмлари, Катта Лангар Қуръони марказий ўриндан жой олган. Барча экспонатлар қиймати жиҳатидан бир-биридан асло қолишмайди. Бу хоҳ кушонлар салтанатига оид деворий суратлар бўлсин, хоҳ ислом даврига тегишли кумуш тангалар ёки металл буюмлар бўлсин, ҳар бирининг ўз тарихи бор.
Кўргазманинг аҳамиятли жиҳати шундаки, у мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама алоқаларда янги даврни бошлаб беради. Франция Ўзбекистоннинг маданий соҳадаги энг асосий ҳамкорларидан биридир. Ушбу нуфузли тадбир орқали бу шериклик янги босқичга кўтарилади. Чунки бундай кўламли лойиҳа мамлакатимиз тарихида ҳали кузатилмаган. Кўргазманинг дунёдаги энг кўп сайёҳ борадиган маданият даргоҳи — Лувр музейида ташкил этилиши унинг даражасини кўрсатиб турибди.
Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва имижини кўрсатишда ҳам кўргазма муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Чунки юқорида таъкидланганидек, Лувр музейи дунёда сайёҳлар ташриф буюриши жиҳатидан энг юқори ўринда туради. Кўргазма мамлакатимизга янада кўпроқ сайёҳ жалб қилиш учун ажойиб имконият.
Кўргазма доирасида қилинган ишлардан бири сифатида ўзбек ва француз тилларида нашр этилган “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли каталогни ҳам санаб ўтиш лозим. Китоб дастлаб француз тилида тайёрланиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинди. Бир гуруҳ маҳаллий ва европалик тарихчи, санъатшунос, шарқшунос олимлар мақолаларидан иборат ушбу китобнинг ўзбекча нашри Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимов ҳамда Санъат шунослик институти директори, тарих фанлари номзоди Шокиржон Пидаев умумий таҳрири остида Лувр музейи томонидан нашр қилинди.
Мазкур каталогни чиқаришдан мақсад Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида тамаддунлар кесишуви, кўплаб маданий ўзига хосликлар, етук санъатнинг бир қанча қирраларини юзага келтирадиган бадиий хусусиятларни кўрсатиб бериш орқали ўқувчида юртимиз тарихи ҳақида ёрқин ва тўлиқ тасаввур ҳосил қилишдир. Ушбу китоб кўргазма мазмунига мос равишда воҳа-давлатлар ва Юнон-Бақтрия салтанатининг ташкил топишидан темурийлар салтанатининг охиригача бўлган даврни қамраб олган беш бўлимдан иборат.
Биринчи бўлимда воҳа давлатлар вужудга келган давр ва уларнинг маданий юксалиши ҳақида сўз боради. Саклар, сарматлар, қанғуйлар ва юэчжилар миграцияларининг маданий тавсифи, археологик топилмалар, хусусан, Далварзинтепа ва Холчаён тарихий ёдгорликлари ҳақида қимматли маълумотлар олиш мумкин.
Иккинчи бўлимда III-VIII асрлардан иборат беш асрлик давр ҳақида сўз боради. Бу давр хунлар ва туркларнинг янги миграцияси билан алоҳида аҳамиятга молик. Шунингдек, мазкур давр Хитой, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё ўртасида ипак савдоси орқали машҳур суғд савдогарларининг олтин даври сифатида ҳам тилга олинади. Евроосиё минтақасида савдо-сотиқ ривожи билан бирга туташ ҳудудлар маданиятининг барча унсурлари жам бўлган сарой санъатининг энг юксак чўққига кўтарилган даври ҳисобланади. Савдогарлар нафақат тижоратчи, балки маданий мулоқотни таъминловчилар, маданият экспорт ёки импорт қилувчилар сифатида ҳам ҳурматга сазовор бўлган. Афросиёб, Варахша ва Болаликтепа манзилгоҳларидан топилган деворий тасвир ва тимсоллар, шунингдек, Кофирқалъанинг ўймакорлик намуналари ўша давр сарой санъати ва унинг улуғворлиги билан тўлиқ танишиш имконини беради. Китобдан мазкур давр тарихи ва ёдгорликлари ҳақида қимматли маълумотларни олиш мумкин.
Навбатдаги бўлимда ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши ва унинг юртимиз тарихидаги ўрни ҳақида сўз боради. Бу даврдан бошланган илк Шарқ Ренессансига улкан ҳисса қўшган,
Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимлар ҳақидаги мақолалар, ислом оламида мўътабар саналган китоблар ва Қашқадарё вилоятидан топилган Катта Лангар Қуръони ҳақидаги муҳим маълумотларни айнан шу бўлимда ўқиш имконияти мавжуд.
Тўртинчи бўлимда сифат, бойлик ва бадиий тараққиёт мезонларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмасдан, минтақадаги сиёсий ва маданий аҳволнинг ўзгаришига сабаб бўлган давр тарихи ёритилган.
Айнан қорахонийлар даврида Юсуф Хос Ҳожиб туркий тилда “Қутадғу билиг” асарини ёзган. Асарларнинг аксарияти жамиятдаги илғор қатлам вакиллари орасида, шунингдек, бутун мусулмон дунёсида тарқалиши учун араб тилида ёзилган. Илм-фан, хусусан, тиббиёт ривожланган. Ғарбда лотинча Materia medica номи билан авлодларга сақланиб қолган юнон шифокори Диоскориднинг асари 1083 йилда Самарқандда араб тилига ўгирилган.
ХI аср ўрталари қорахонийлар сулоласининг давлат бошқаруви, шунингдек, ҳукмдор Тамғачхон шарофати билан Мовароуннаҳрда илк мадраса қурилган давр сифатида тарихга муҳрланган. Минтақага туташ ҳудуд — Орол денгизининг жанубидаги Хоразмда 1110 йилда, яъни хоразмшоҳлар сулоласи даврида форс тилида тиббиётга оид қомус ёзилган бўлиб, унга Абу Али ибн Сино асарлари киритилган. Бу даврнинг охири Чингизхон ва мўғил қўшинларининг ХIII-ХIV асрларда Ғарбга босқинчилик юришлари билан изоҳланади. Улар ўзидан кейин ҳеч қандай муҳим маданий ва бадиий мерос қолдирмаган.
Китобнинг сўнгги бўлимида минтақанинг юксалиш даври ҳисобланган темурийлар сулоласининг ҳокимиятга келиши тарихи баён қилинган. Сулола асосчиси Амир Темур сиёсий ва ҳарбий истеъдоди туфайли ҳокимият тепасига келди ва Самарқандни пойтахтга айлантирди. У Ўртаер денгизи ва Хитой ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва бадиий марказга айланган ҳақиқий салтанатни барпо қилди. Самарқанд шаҳри ва бугунги кунгача сақланиб қолган ранг-баранг обидалар бу буюкликдан далолат беради. Бу давр темурийлар сарой кутубхоналарида китобат санъатига ҳомийлик қилгани туфайли миниатюра рассомчилигининг олтин даври ҳамдир. Барча китобат санъати ижодкорлари Самарқанд ва Бухорода жам бўлган.
Хулоса қилганда, кўргазма ва унинг доирасида нашр этилган китоб Ўзбекистон тарихининг муҳим даврлари ҳақида дунё аҳлини хабардор қилишда катта амалий қадамлардан бири бўлади.
Жаҳонгир Остонов,
Фанлар академияси Шарқшунослик институти таянч докторанти