Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, жаҳон бўйича COVID-19 касаллигидан вафот этганлар сони 600 минг нафардан ошди, 14,1 миллион нафардан ортиқ одам ушбу вирусга чалинган. Коронавирус юқтирганлар сони, афсуски, кундан кунга рекорд даражада кўпайиб бормоқда.
Таассуфки, Ўзбекистонда ҳам бу борадаги аҳвол қониқарли даражада эмас. Давлатимиз раҳбари 20 июль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида маълум қилинганидек, мамлакатимизда пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда, жумладан, охирги тўрт кунда мамлакат бўйича янги аниқланган 2 136 нафар беморнинг 1 218 нафари (яъни, 57 фоизи) пойтахтимиз ва Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши мумкинлигини алоҳида таъкидлар экан, Президентимиз COVID-19 инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларни чуқур танқидий таҳлил қилди ҳамда шуни инобатга олиб, мутасаддилар олдига қисқа муддатларда ушбу касалликка чалинганларни даволаш учун яратилган қўшимча ўрин-жойлар сони, биринчи навбатда, олий ўқув юртлари ётоқхоналари, ёпиқ спорт майдонлари ва бошқа сиғими катта бино-иншоотлар ҳисобига камида икки-уч баробар оширилишини таъминлаш вазифасини қўйди.
Шунингдек, чет давлатларда ўпкаси яллиғланган ҳар бир беморга зудлик билан кислород концентраторлари ёрдамида ҳаво олиши енгиллаштирилиб, қўлига пульсоксиметр тақилаётгани, бу билан унинг нафас етишмовчилиги бартараф қилинаётгани айтилиб, ҳукумат раҳбарига мазкур тиббиёт жиҳозларини имкон қадар қисқа муддатларда мамлакатимизга етказиш топшириғи берилди.
Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди.
Афсуски, фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамай, касаллик тарқалиши ва ўлим ҳолатлари кўпаймоқда. Бу эса жойларда амалга оширилаётган ишлар тизимли тартибга солинмагани, қатор камчиликларга йўл қўйилаётганидан далолат беради.
Биринчидан, бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимидаги муаммолар бугунги мушкул вазиятда рўйи рост бўй кўрсатди. Яъни коронавирус касаллигига гумонланган шахсларни даволаш ва назоратни олиб боришда бирламчи тиббиёт ходимларининг профессионал малакаси ва тажрибаси камлиги, бу соҳада кадрлар етишмовчилиги юзага чиқиб, ўз навбатида, бу келгусида бирламчи тиббиёт ходимлари сонини кўпайтириш, уларнинг билим ва малакаларини ошириш мақсадида амалий ўқув машғулотлари ўтказиш, ушбу тизим яхлит бир механизм сифатида фаолият юритиши учун эпидемиологлар томонидан аниқ чоралар белгиланишини тақозо этади.
Иккинчидан, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси томонидан COVID-19 инфекцияси енгил кечаётган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик клиник кўрсатмалар ишлаб чиқилган. Эндиликда бугунги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб, тиббий мутахассислар томонидан ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларида бажариладиган ҳаракатлар алгоритмлари ва стандартларини ҳам ишлаб чиқиш ҳамда шифокорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатлари шунга асосланиши мақсадга мувофиқ. Қолаверса, тест ўтказувчи энг замонавий ускуналарни мамлакатга олиб келиш ва сифатли лабораторияларни кўпайтириш зарур.
Шунингдек, ЖССТ тавсияси ҳамда ривожланган давлатларнинг пандемияга қарши кураш бўйича самарали тажрибасидан келиб чиқиб, коронавирусга ПЗР таҳлили (инфекцияни аниқлашда юқори сезгирликка эга бўлган текшириш усули) олиш тизимини мукаммаллаштириш ва аҳолини тестдан ўтказишни кескин кўпайтириш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Учинчидан, бугунги кундаги статистика ҳар куни коронавирус юқтириб олаётганларнинг қарийб 70 фоизи аҳоли орасида аниқланаётганидан далолат бермоқда. Аммо одамлар орасида клиник белгиларсиз касаллик тарқатувчига айланиб қолиш эҳтимоли борлиги кўпчиликнинг парвосига ҳам келаётгани йўқ.
Шу боис, айниқса, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига қараганда пойтахтимизда вазият оғирлигини инобатга олиб, касаллик занжирини узиш учун зарурат бўлмаганида бошқалар билан мулоқотга киришмаслик, аҳоли гавжум жойларда карантин тартибларига сўзсиз итоат этиш, бемақсад тўпланмаслик юзасидан амалий чоралар кўриш, ҳар бир одамнинг шахсий масъулияти ҳақидаги тарғибот ишларини кучайтириш, шу жумладан, коронавирус инфекциясига қарши кураш самарадорлигини ошириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш талаб этилади.
Тўртинчидан, бугун, айниқса, юзага келган айрим камчиликларни ижтимоий тармоқлар орқали бўрттириб кўрсатиш, масаланинг туб моҳиятини англаб етмасдан ўринсиз иддаолар қилиш, бир томонлама ва нохолис хабарлар тарқатиш «урф»га айланиб бормоқда. Бу каби ҳолатлар одамларни чалғитишга, уларда норозилик кайфияти уйғонишига сабаб бўлиши мумкин. Ваҳоланки, дунёнинг манаман деган давлатлари ҳам кўринмас бало олдида боши берк кўчага кириб қолаётган бир вақтда иш бор жойда учраши табиий бўлган камчиликларни шунчаки санаб бериш эмас, балки уларни тугатишга қўлимиздан келганича амалий ҳисса қўшсак, мақсадга мувофиқ бўларди.
Бешинчидан, бугун бизга COVID-19 бераётган аччиқ сабоқлардан хулоса чиқариб, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунлар ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта инвентаризациядан ўтказиш ва илғор халқаро амалиёт, бугунги замон талабларини эътиборда тутиб такомиллаштирган ҳолда янги таҳрирларда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим.
Умуман, кўринмас балога қарши курашда барча соҳа вакиллари ҳамжиҳат бўлиши, ўзаро ҳамкорликда якдил ҳаракат қилиши, пандемияга қарши кураш стратегиясини тубдан ўзгартирган ҳолда ҳозирги мураккаб шароитга мос энг кучли, энг таъсирчан воситаларни ишга солиш, давлат ва хусусий тиббиёт тизими, барча идораларнинг доимо сафарбар ҳолатда бўлиши ва самарали ишлаши, шифокорларнинг фидойилиги, халқимизнинг онглилиги бизнинг асосий қуролимиз бўлиши муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида алоҳида қайд этганидек: «Ҳар бир раҳбар бугунги кунда фуқароларимизнинг соғлиғини сақлаб қолишдан муҳим вазифаси йўқлигини англаши шарт».
Дилором ТОШМУҲАМEДОВА,
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари