Ушбу далолатнома ёзувлари инсон ҳаётидаги энг муҳим жиҳатларни, туғилиш ва ўлим ўртасидаги фаолиятни қамраб олади. Бу вақт оралиғида қанча воқеалар ва вазиятлар, турли далолатномалари ёзувлари вужудга келадики, уларни қайд этиш, ўзгартириш, тўлдириш ва қўшимчалар киритиш зарурати туғилади.

Оилавий муносабатлар, шахсий номулкий (айрим ҳолатларда мулкий) муносабатлар билан боғлиқ ҳаракатлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи фаолиятида ўз аксини топади ва ушбу органнинг функционал вазифалари билан чамбарчас боғлиқ.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи доирасидаги муносабатларни илмий нуқтаи назардан қарасак, турли фан ихтисосликлари ёки туташ ихтисосликлар, жумладан юриспруденция йўналишида 12 00 02- (конституциявий ҳуқуқ, маъмурий ҳуқуқ, молия ва божхона ҳуқуқи) 12 00 03- (фуқаролик ҳуқуқи, тадбиркорлик ҳуқуқи, оила ҳуқуқи, халқаро хусусий ҳуқуқ), 12 00 04 - (фуқаролик процессуал ҳуқуқи, иқтисодий процессуал ҳуқуқи, ҳакамлик жараёни ва медиация) ва бошқа ихтисосликлар орқали ҳуқуқий тартибга солинади ва ушбу йўналишлардаги долзарб аҳамиятга эга мавзулар асосида мазкур соҳа ривожи учун илмий тадқиқотлар олиб борилиши мумкин. Шу ўринда ФҲДЁ органи раҳбарлари ва инспекторлари илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари, ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги белгиланган.  Келгусида ФҲДЁ органи фаолиятини илмий ўрганиш зарурати мавжуд, ушбу фаолият доирасида ўрганилиши ва тадқиқ этилиши лозим бўлган долзарб аҳамиятга эга бўлган мавзулар базасини шакллантириш талаб этилади. Хаттоки айрим манбаларда ФҲДЁ органи фаолиятини моддий ва процессуал ҳуқуқ соҳасини ўзида ифодалайдиган ҳуқуқ соҳаси, алоҳида фан, алоҳида ихтисослик сифатида белгилаш лозимлиги кўрсатилган. Илмий таҳлиллар шуни кўрсатадики, масалан, “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш”; “Оталикни белгилаш”;” Туғилганликни қайд этиш”; “Фарзандликка олиш: моддий ва процессуал жиҳатлар”; “Никоҳни қайд этиш”; “Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларнинг тааллуқлилиги”; “Ўлимга оид ёзувларни қайд этиш”; “Далолатнома ёзувларини ўзгартириш, тузатиш, тўлдириш”, “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини рақамлаштириш истиқболлари”, “Давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентлари” каби мавзуларни илмий асосда ўрганиш мумкин.

Ўтган йиллар мобайнида ФҲДЁ органи фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.  Ушбу ислоҳотларга кўра, дастлаб 2018 йилнинг 1 июлидан ФҲДЁ органлари шаҳар ва туман ҳокимликлари тасарруфига ўтказилиб, муайян давр мобайнида ҳокимлар ФҲДЁ фаолияти устидан умумий бошқарувни амалга оширган эди.

Эндиликда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги тизимида самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармони  қабул қилиниб, хусусан унинг 23-бандига асосан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функцияларни юклаган ҳолда ФҲДЁ органлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилди.

Аҳолига янада қулайлик яратиш, фуқаролар учун энг зарур бўлган, доимий зарурат сифатида энг кўп мурожаатларни талаб этадиган фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишда функционал масалаларни интенсив ҳал қилиш учун соддалашган тартиб-таомилларни яратиш, ФҲДЁ электрон тизими имкониятларини янада кенгайтириш, соҳани рақамлаштириш, тезкор хизматларни йўлга қўйиш вазифалари белгиланди.

ФҲДЁ соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар: Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси,  Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ва бошқалар билан тартибга солинади.

 Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сон Фармони билан тасдиқланган 2022-2025 йилларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонунчилик тармоқлари бўйича тизимлаштириш дастурининг 32-бандида никоҳ ва оила, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш белгиланганлиги ушбу соҳа ислоҳотларини янада жадаллаштиради.

Бу борада республикамизда Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳ, оила ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш тўғрисида ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, соҳага оид қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан иш юритиш ҳужжатлари янгиланди. Жумладан:

  • Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисидаги низом;
  • Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ходимларининг сонини белгилаш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари;
  • Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
  • Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти кабилар қабул қилинди.

ФҲДЁ органларининг ташкилий тузилмасига туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари; Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ФҲДЁ архивлари киради

 Ташкилий-ҳуқуқий тузилмаси жиҳатидан ФҲДЁ органлари ҳудудий адлия органлари тизимига киради ва уларнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

ФҲДЁ органлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.

ФҲДЁ органи раҳбари лавозимига Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга эга ёки Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги диплом олган, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик, шу жумладан ФҲДЁ органида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган, қоида тариқасида, ФҲДЁ органи раҳбарлигига захирада турган шахслар тавсия этилади. ФҲДЁ органи раҳбари ҳудудий адлия органлари раҳбарлари томонидан Вазирлик билан келишилган ҳолда тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

 ФҲДЁ органи “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисида”ги Низом асосида фаолият юритади. ФҲДЁ бўлимларида — мудир ва 1-тоифали инспектор; хизмат кўрсатиладиган туман ва шаҳар ҳудудидаги аҳоли сонига қараб инспекторлар шатат бирлиги ўзгаради.  Бунда, хизмат кўрсатиладиган ҳудуд аҳолиси сони 50 минг кишидан 100 минг кишигача бўлганда - 1 нафар инспектор, 100 минг кишидан 150 минг кишигача бўлганда - 2 нафар инспектор, 150 минг кишидан 200 минг кишигача бўлганда - 3 нафар инспектор ва 200 минг ва ундан ортиқ киши бўлганда - 4 нафар инспектор лавозими жорий этилади. ФҲДЁ органида 3 нафар ва ундан ортиқ инспектор мавжуд бўлганда иш юритувчи лавозими жорий этилади.

ФҲДЁ органларининг вазифаси жисмоний ва юридик шахсларга фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини қайд этиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишдир.

ФҲДЁ органлари қуйидаги функцияларни амалга оширади:

  • фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритади;
  • фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг ҳисобини юритади;
  • фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини ва қонунда белгиланган бошқа ҳужжатларни сақланишини таъминлайди;
  • фуқароларга (ўзларига нисбатан тузилган далолатнома ёзувлари бўйича) фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари қайд қилинганлиги ҳақида гувоҳномалар, зарур ҳолларда такрорий гувоҳномалар ва маълумотномалар беради;
  • Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги консуллик муассасаларининг ёзма сўровномаларига биноан далолатнома ёзувларидан нусхалар ёки улардан кўчирмалар ва маълумотномалар беради;
  • фуқаролик ҳолати далолатномалари (туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш ва ўлим)ни қайд этади, шунингдек оталикни белгилаш, фарзандликка олиш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳаракатларини амалга оширади;
  • фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини тиклайди ва бекор қилади;
  • шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғини раисларининг ўлимни қайд этишдаги ишларини мувофиқлаштиради ва уларга амалий ёрдам кўрсатади, гербли гувоҳномаларнинг талаб даражаси сақланиши ва сарфланишининг чораларини кўради.

 Шу билан бирга,  фуқароларнинг хоҳишига кўра, никоҳни ва туғилганликни тантанали равишда қайд этади. ФҲДЁ архивлари бошқа функциялардан ташқари ФҲДЁ бўлимларининг хабарномаларига асосан далолатнома ёзувларининг иккинчи нусхаларига тегишли ўзгартириш ва белгилар киритади ҳамда уларни бекор қилади.

Далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси мавжуд бўлмаган тақдирда, унинг иккинчи нусхасига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органлар сифатида ФҲДЁ бўлими, фуқаролар йиғини раислари, консуллик муассасаси ваколатли ҳисобланади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш туман ва шаҳарларда ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилади, ўлим эса шаҳарча, қишлоқ ва овулларда фуқаролар йиғинлари раислари томонидан ҳам қайд этилиши мумкин.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўлимни қайд этиш борасидаги ҳаракатлари ўзлари турадиган ҳудудлардаги тегишли ФҲДЁ органларининг назорати остида бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг чет элда доимий ёки вақтинча яшовчи фуқароларининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш консул томонидан, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Консул вақтинча бўлмаганда фуқаролик ҳолати далолатномалари консул томонидан тайинланган консулликнинг мансабдор шахси томонидан қайд этилади.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари бўлмаган хорижий давлатларда фуқаролик ҳолати далолатномалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланган бошқа хорижий давлатдаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан қайд этилади.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари бўлмаган хорижий давлатларда фуқаролик ҳолати далолатномалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланган бошқа хорижий давлатдаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан қайд этилади.

Ишларнинг тааллуқлилиги қоидаларига кўра, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалар маъмурий судлар томонидан кўриб ҳал қилинади. 

Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар  киритишга оид ҳуқуқ тўғрисидаги даъво талаблари фуқаролик судлари ваколатига тегишли.

Фуқаролик судлари фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларидаги хатоликларни белгилаш тўғрисидаги аризаларни алоҳида иш юритиш тартибида кўради. Суд фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлайди. Масалан, Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасига кўра, оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақти; фарзандликка олишни, никоҳни, никоҳдан ажратишни ва ўлимни қайд этилганлиги; эр-хотиндан бири вафот этганлиги оқибатида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлмай қолса, қонунда белгиланган ҳолларда уларнинг ҳақиқатда никоҳ муносабатларида бўлганлигига оид ишлар юридик аҳамиятга эга бўлган факт сифатида алоҳида тартибда кўриб ҳал қилинади.

Агар ишни алоҳида иш юритиш тартибида кўриш вақтида судга тааллуқли бўлган ҳуқуқ тўғрисида низо мавжудлиги аниқланадиган бўлса, (мерос, мулк ҳуқуқи ва бошқалар), судья аризани қабул қилишни рад этади ёки аризани кўрмасдан қолдиради ва манфаатдор шахсларга умумий асосларда даъво тақдим этишга ҳақли эканликларини тушунтиради.

Бундай ҳолларда фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларидаги хатоликларни тузатиш ва ўзгартишлар ёки қўшимчалар киритиш масаласи суд томонидан даъво ишини юргизиш тартибида даъво аризаси билан бирга ҳал этилади.

Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш бунинг учун етарли асослар мавжуд бўлиб, манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаганда ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. Бироқ вафот этган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига тузатиш ва қўшимчалар суд қарорига асосан ФҲДЁ органи томонидан киритилади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг далолатнома ёзувларига ўзгартиш, тузатиш ва қўшимчалар киритишни рад этиш тўғрисидаги хулосаси устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Шунингдек, қонунда белгиланган тартибда фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини бекор қилиш ваколати судлар томонидан амалга оширилади. ФҲДЁ органлари ҳам ўз ваколатига кирмайдиган, фақатгина суд қарорига асосан амалга ошириладиган ҳаракатлар (вафот этган шахсларнинг туғилиш, никоҳ, ажралиш далолатнома ёзувларига тузатиш киритиш, жиддий тафовут бўлганда далолатнома ёзувини бекор қилиш, ота ҳақидаги маълумотларни ўзгартириш) га оид талаблар айнан фуқаролик ишлари бўйича судлар ваколатига тегишли.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг далолатнома ёзувларига ўзгартиш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш ваколати доираси ва асослари соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатларда аниқ белгилаб қўйилиши лозим.

Ўзгартиш киритиш – фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини ёки айримларини тубдан фарқланувчи бошқа ёзувга ўзгартириш;

Тузатиш киритиш – мавжуд далолатнома ёзувидаги хатоликларни тузатиш;

Қўшимча киритиш – мавжуд далолатнома ёзувига мазмунини ўзгартирмаган ҳолда қўшимча киритиш тушунилади.

Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини тиклаш ва қайта тиклаш ҳаракатлари ҳам ФҲДЁ органлари ваколатига тааллуқли.

Тикланган ёки қайта киритилган ёзувлар, биринчи ёзувлар аниқланган тақдирда, суд ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан амалдаги қонунда белгиланган тартибда бекор қилинади. Агар ёзувларни бекор қилиш ҳуқуқ тўғрисидаги низо билан боғлиқ бўлса, иш даъво ишини юритиш тартибида суд томонидан кўрилади.

Келгусида  моддий ва процессуал – ҳуқуқий  муносабатларда ишларнинг қайси орган ваколатларига тегишлилиги ҳамда низоли ёки низосиз эканлиги, фуқаролик ишларининг янги тоифаларининг янада кўпайиб бориши, низоларни судга қадар ҳал қилиш имкониятларининг таъминланиши каби масалалар илмий тадқиқ этишга муҳтож.

Замира ЭСАНОВА,
ТДЮУ профессори