Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан “Е-патруль” тизими босқичма-босқич жорий этилади ва фуқарони шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади. 

Барча маълумотлар электрон текширилади ва патруль-пост ходими фаолияти “бодикамера”га тасвирга олинади.

Низомга кўра, ходимлар қуйидаги ҳолларда фуқарони тўхтатиши ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки “Е-патруль” тизими орқали уларнинг шахсини аниқлаши мумкин:

▫️шахс жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд қидирувда деб гумон қилишга асос бўлса;
▫️шахсни содир этилган жиноят ёки ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлса;
▫️шахсни ушлаб туришга бошқа қонуний асослар бўлса.

Ходим шахсни тўхтатганда уни тўхтатганлик сабаблари ва асосларини тушунтириши шарт.

Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган фуқаро қуйидаги ҳолларда ички ишлар органига олиб борилади:

▫️унинг шахсини планшет орқали аниқлаш имкони бўлмаганда;
▫️қидирувда бўлган ёки бедарак йўқолган шахслар аниқланганда;
▫️шахсига аниқлик киритиш жараёнида қаршилик кўрсатганда;
▫️жамоат жойида ҳуқуқбузарлик содир этиш вақтида ушланганда.