Мутассаддилар маълум қилишича, қуёш уриши асосан очиқ ҳавода қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушганда рўй беради. Бироқ унинг таъсири 6-8 соатдан кейин ҳам кузатилиши мумкин.

Шу боис аҳолига қуйидаги тавсиялар берилади:

  • Иложи борича соат 10:00 дан 17:00 гача қуёш тўғридан-тўғри тушадиган жойларда юрманг.
  • Фақат табиий матодан — пахта, кендир каби матолардан тайёрланган енгил кийимлар кийинг.
  • Ёрқин рангли, енгил бош кийим ва қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақинг.
  • Сув ичишда меъёрга риоя қилинг — кўп сувни бирданига ичиш юракка ортиқча юклама беради. Тавсия этиладиган ичимликлар: дамланган чой, турли шарбатлар, минерал сув. Албатта, уйдан чиққанда сувни ўзингиз билан олиб юринг.
  • Қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан фойдаланинг.
  • Қуёшда бўлиб қайтгач, албатта душ қабул қилинг ёки ҳўл сочиқ билан артинг.
  • Оч қоринга ёки овқат еб бўлгандан сўнг дарҳол қуёш остида қолманг.

Қуёш ёки иссиқ уриши белгилари:

  • Дармонсизлик, чарчоқ, бош оғриғи ва қаттиқ чанқаш.
  • Бош айланиши, қулоқларда шовқин, бутун танада оғриқ, юрак уриши ва нафас олиш тезлашиши.
  • Баъзида кўнгил айниши, қайт қилиш, ортиқча терлаш ёки аксинча, тер чиқмаслиги.
  • Оғир ҳолатларда ҳушдан кетиш, тутқаноқ ёки галлюцинация кузатилиши мумкин.

Қуёш ёки иссиқ урганда биринчи ёрдам:

  • Беморни дарҳол соя ёки салқин жойга олиб ўтиб, чалқанча ётқизинг, бошини бироз кўтаринг.
  • Кийимини енгил қилинг, ҳаво айланиши учун шароит яратинг.
  • Агар ҳушида бўлса, оз-оздан совуқ сув ёки дамланган чой ичиринг (сувга ярим литрга ярим чай қошиқ туз солиш мумкин).
  • Бошига ёки тана қисмига совуқ нам сочиқ қўйинг.
  • Қўлтиқ ости, чов ёки тизза орқасига муз ёки совуқ сув тўлдирилган идиш қўйиш мумкин.
  • Оғир ҳолатларда беморни яқин шифохонага олиб бориш ёки тез ёрдам чақириш зарур.

Мутасаддилар эслатади: қуёш уришида ёрдамни ўз вақтида ва тўғри кўрсатиш инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.