Маълум қилинишича, 2021 йил 23 декабрь куни соат 23:30 ларда Конимех тумани Караката ОФЙнинг чўл ҳудудидаги «Лолазор» номи билан аталувчи конида таркибида олтин зарралари бўлиши мумкин бўлган кумларни ноқонуний кавлаб олиш билан шуғулланувчи бир гуруҳ фуқароларни тош-қум массаси босиб қолган.
Зудлик билан воқеа жойига вилоят ФВБнинг куч ва воситалари ҳамда ФВДТга кирувчи хизматлар етиб борган. Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида Бухоро вилоятидан бўлган 5 нафар фуқаронинг жасадлари топилган ва суд-тиббий экспертизасини ўтказиш мақсадида, Зарафшон шаҳар Тиббиёт бирлашмасига юборилган.
Таъкидланишича, ушбу ҳодиса оқибатларини бартараф этишга 5 та техника ва 63 нафар ходим ҳамда ишчи-хизматчи жалб этилган.
Содир бўлган фавқулодда вазият бўйича суриштирув ишларини амалга ошириш учун Навоий вилояти ИИБ ва Конимех туман ИИБ ТТГ ходимлари ҳамда Конимех тумани прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.