Фермер ерга буғдой уруғини қадаб, уни етиштиргунча озмунча меҳнат қилмайди. Уруғ униб чиқиб, ҳосилга киргунча неча тунларни тонгга улайди. Экинни ҳар-хил об-ҳаво шароитида суғоради, ўсимликни зараркунандалардан асрайди, серҳосил бўлсин, дея ўз вақтида агротадбирларни олиб боради. Ниҳоят, пишиб етилган ғалла ҳосилидан даромад кўраман, деганида, давлатга бозор нархидан икки баробар арзонга сотишига тўғри келарди.
Юртимизда яқин вақтгача амал қилган бу тизим кўплаб фермерларнинг зиён кўришига, ҳатто, ғалла етиштиришдан ҳафсаласи пир бўлишига олиб келди. Ички бозорни арзон ун ва нон билан таъминлаш мақсадида буғдой харид нархларини давлат томонидан бозор тамойилларига риоя этмасдан белгилаш фермернинг чўнтагига зиён қилаётганди.
Шу боис, қанчалик мураккаб бўлмасин юртимиз қишлоқ хўжалигида эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларига ўтиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу борадаги ислоҳотлар бир неча йил олдин бошланган эди ва ниҳоят, ғалла бозорини эркинлаштириш йўлидаги муҳим қадам ҳам ташланди. Жорий йил 28 май куни Президентимизнинг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий қарори қабул қилинди. Бу билан шу йил 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиб, ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилмоқда.
Бозор нархи қандай?
Қарор билан давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилди. Бундан ташқари, июль-август ойларида шаклланган биржадаги буғдой нархларидан келиб чиқиб, ушбу буғдой учун сентябрь ойида қайта ҳисоб-китоб қилинади. Мисол учун, июль-август ойларида буғдойнинг ўртача биржа нархи тоннасига 3,7 миллион сўм бўладиган бўлса, буғдой етиштирувчиларга яна тоннасига 700 минг сўмдан тўлаб берилади.
Бу қишлоқ хўжалиги соҳасини эркинлаштириш, фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш йўлидаги яна бир катта қадам. Энди, деҳқон, фермер, кластерлар ўзи етиштирган маҳсулотни бозор нархида сотиб, ҳақиқий даромад кўради. Аммо масаланинг бошқа — кўпчилик аҳолини ўйлантираётган томони ҳам бор. Яъни, буғдой нархларининг биржа орқали эркин сотилиши ва давлат сотиб оладиган нархнинг оширилиши ун ва нон маҳсулотлари нархига қандай таъсир кўрсатади? Ички бозордаги нархлар барқарорлиги, аҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини қоплаш масаласи қандай ҳал этилади? Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида мутасаддилар шу каби саволларга жавоб берди.
Тўлқин МИРЗАЕВ,
Молия вазирлиги департаменти мудири:
— Келинг, бу масалани статистик маълумотларга таянган ҳолда таҳлил қилиб кўрсак. Ўзбекистонда аҳоли ва корхоналарнинг ун маҳсулотига бўлган йиллик талаби ўртача 3 миллион тоннани ташкил этади, шундан аҳоли эҳтиёжи тахминан 2,4 миллион тоннага тенг. 2021 йилда республикамизда 3,5 миллион тонна ун маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Бу республика эҳтиёжи ички ишлаб чиқариш ҳисобидан таъминланади, дегани. Бир йилда давлат ресурсларига ҳарид қилинган буғдой ҳисобидан ишлаб чиқарилган уннинг 1 миллион тоннаси марказлашган ҳолда етказиб берилса, жами ресублика эҳтиёжининг тахминан 30 фоизини ташкил этади. Бозорнинг қолган 70 фоизида эса нархлар эркин бозор тамойиллари асосида шаклланади. Яъни, ҳозир ҳам бозордаги ун нархининг асосий қисми талаб ва таклиф асосида шаклланган нарх ҳисобаланади. Шунинг учун, ғалла нархининг эркинлаштирилиши ун нархининг ошишига олиб келмайди. Чунки бозор ва дўконларда ун ва ун маҳсулотлари бозор нархларида сотилмоқда. Қолипли нон нархи ҳам Тошкент шаҳридагина бир тизимда ушлаб турилибди, қолган ҳудудларда эркин нархларда сотиляпти.
Аслида, ун нархининг ошиши бу глобал масштабга эга бўлиб, дунёда турли вазиятлар сабаб буғдой ва ун нархининг кўтарилиши кузатилмоқда. Масалан, май ойида жаҳон биржаларида буғдойнинг бир тоннаси 400—458 долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47—58 фоизгача ошган.
Шунингдек, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари нархларининг кескин ошиши ҳам нархлар ўсишининг асосий омили ҳисобланади. Бу ўз навбатида, транспорт ҳаражатларининг ортиши ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилишига сабаб бўляпти.
Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг ажралмас қисми бўлгани ҳолда, интеграцион жараёнларнинг чуқурлашуви шароитида халқаро бозорларда кузатилаётган салбий тенденциялар ички бозорда ҳам нархларга салбий таъсирини кўрсатмоқда. Лекин мазкур салбий кутилмаларнинг олдини олиш бўйича барча зарурий чоралар кўриляпти. Агар ун нархи ошган тақдирда ҳам ушбу ўсиш ички омиллар ҳисобига эмас, фақат ташқи бозордаги ўзгаришларга боғлиқ равишда содир бўлиши мумкин.
Юқоридаги қарорнинг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад буғдой ва ун маҳсулотларини ҳақиқий бозор баҳосида сотишдан иборат. Уларни биржа савдоларига чиқаришдан ваҳимага тушишга асос йўқ. Бизда бу маҳсулотларнинг етарли миқдорда захиралари мавжуд. Ҳозир ички бозорга бир ойда ўртача 130 минг тонна атрофида ун чиқарилаётган бўлса, унга қўшимча 50 минг тоннадан ортиқ захира яратилган. Зарур ҳолларда бозордаги талабни қондириш учун ушбу ун савдога чиқарилади.
Ғалла бозорини эркинлаштириш — бу бозордаги нархларни тан олишимиз дегани. Бу ғалла олди-соттисида коррупциянниг олдини олишда ҳам энг самарали йўлдир. Яъни, фермер етиштирган ғалласини эркин бозор нархида, биржа орқали сотса, бунга ҳеч ким аралаша олмайди, воситачиларга эҳтиёж йўқолади. Ана шу тизимни очиқ-ошкора, шаффоф олиб бориш мақсадида Республика ишчи гуруҳи ташкил этилган бўлиб, бозордаги нарх-навони назорат қилиб боради. Шунингдек, барча ҳукумат ва маҳаллий хокимият органлари томонидан ички бозорда, хусусан, шаҳар ва туманларнинг ҳар бир савдо дўконида ун ва нон маҳсулотларининг доимий мавжуд бўлишини таъминлаш бўйича мониторинг ўрнатилган.
Фермер бой бўлса, халқ бой бўлади
Ушбу сўзларнинг тасдиғини амалда янада яққолроқ кўрадиган вақт яқин. Жорий йил 1 июндан фермерлар буғдойни бозор нархида сотиши ортидан моддий манфаатдорлиги ортиб, соҳанинг инвестициявий жозибадорлиги янада ошади. Ушбу йўналишда ишлайман, деган одамлар сони кўпаяди. Бу эса ғалла ҳосилдорлиги ва ялпи ҳосил етиштириш ҳажмларини кескин ошириш, ички бозорни буғдой ва ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга замин яратади.
Шуҳрат МИРЗАЕВ,
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари:
— Ҳар биримиз ўзимизга савол бериб кўришимиз лозим, нима учун шунча ўтган вақт давомида фермерлар ерга инвестиция қиритмаган, нима учун улар доим ё банкдан, ё давлатдан қарз бўлган, нима учун ернинг унумдорлигини оширишга, шўрланишини камайтиришга ҳаракат қилмаган. Бунинг асосий сабаби — уларда моддий манфаатдорлик йўқ эди. Ғалла бозорини эркинлаштириш фермерлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Қарор бўйича суғориладиган ернинг ҳар бир гектаридан 2,5 минг тоннадан буғдойни биржа орқали сотувга чиқаради, қолганини фермер, кластерлар эркин бозор нархларида сотади. Юртимизда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 44 фоизи қишлоқ хўжалигида фаолият олиб боришини инобатга олсак, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги ошиши мазкур тармоқда меҳнат қилаётган аҳолининг фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Бугунги кунда Сурхондарё, Қашқадарё ва бошқа кўпгина вилоятларда ғалла ўрими бошланди. Жорий йил мамлакатимизда 1 миллион 32 минг гектар майдонда 7,5 миллион тоннадан ортиқ буғдой етиштирилиши кутилмоқда. Ушбу кўрстакич ўтган йилга нисбатан 1,5 миллион тоннага кўп. Қолаверса, бу йилдан ғалла бозори эркинлаштирилди. Бу кўплаб фермерлар ҳосилдан яхши даромад олади, дегани.
Ғаллага давлат буюртмаси босқичма-босқич бекор қилиняпти. Тизимда бозор механизмларининг жорий этилиши 2 та муҳим йўналишда катта ўзгаришларга йўл очяпти. Биринчиси, фермер ва кластерлар манфаатдорлиги ошиб, ўз-ўзидан ғаллага инновацион илмлар, замонавий техникаларни олиб келиб, қўллаш бўйича қизиқишлари ортиб боряпти. Иккинчиси, бевосита ғаллани қайта ишлаш билан боғлиқ. Авваллари 43 та дон корхоналари билан ишланган бўлса, охирги 3 йилда буғдойни қайта ишлаш бўйича соҳага 160 дан ортиқ хусусий сектор кириб келди.
Ҳар йили жаҳон бозори, биржа нархларидан келиб чиқиб ғаллага тавсиявий нарх ишлаб чиқилади. Ҳозир белгиланган 3 миллион сўм якуний нарх эмас, у ўзгариб боради. Аммо асосийси, фермерлар аста-секин эркин савдога кириб боради. Ҳудудларда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ишчи гуруҳлари тузилиб, уларга буғалтерия марказлари ходимлари киритилди. Мутахассислар фермерларга ғаллани биржага чиқаришдан тортиб, зарур шартномаларни тузишгача кўмаклашади. Уларга ҳуқуқий ва амалий ёрдамлар кўрсатилади.
Дон корхоналари истиқболи қандай?
Ғаллачиликда жорий этилаётган янги тизим бевосита ун ишлаб чиқариш кўрсаткичларига ҳам таъсир кўрсатади. Ун ишлаб чиқарувчи барча корхоналар буғдойни биржада сотиб олади ва ишлаб чиқарилган ун маҳсулотини биржада сотади. Истеъмолчи эса сифатли ва арзон маҳсулотга харидор бўлади. Бу рақобат муҳитини шакллантириб, эскича ишлаб келаётган дон корхоналарини замонавий тизимга мослашиш, янгича ишлашга ўтишга мажбур этади.
Фахриддин МУСАЕВ,
“Ўздонмаҳсулот” АК бошқарув раисининг ўринбосари:
— Бугунги кунда компаниямиз таркибида 43 та дон корхоналари фаолият юртиб келмоқда. Соҳада хусусий секторга кенг йўл очилгани, эркин бозор тамойилларининг жорий этилаётгани корхоналаримизни тубдан ислоҳ қилиш, бозор шароитида хусусий сектор билан тенг рақобат қила оладиган даражага олиб чиқишимиз зарурлигини кўрсатади. Бу борада аниқ вазифаларни белгилаб, “Йўл харитаси” ишлаб чиққанмиз. Бунда асосий эъьтибор маҳсулот тан нархини қисқартириш, хомашёдан самарали фойдаланиш ҳамда ишлаб чиқариш хажмларини оширишга қаратилади.
Буғдой нархи биржа савдоларида шакллангани каби ун маҳсулотлари нархи ҳам бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда шаклланади. Бу эса дон корхоналаридан сифат ва нарх бўйича рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни талаб этади. Бу ун ҳажмлари билан ҳам боғлиқ. Корхоналаримизда ун ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтирмаслик чоралари кўриляпти. Ҳозирги кунда “Ўздонмаҳсулот” АК таркибида фаолият юритаётган 43 та дон корхоналарида йиллик сақлаш қуввати 4 миллион тонна ғалла сиғимлари, ишлаб чиқариш қуввати 2 миллион 233 минг тонна бўлган 53 та ун тегирмонлари, йиллик қуввати 1 миллион 415 минг тонна бўлган 48 та омухта ем ишлаб чиқариш цехлари ҳамда қуввати 9 минг 400 тонналик уруғлик дон тайёрлаш цехлари мавжуд.
Ҳозирда мавжуд дон корхоналари замонавий иш тизимига ўтказиляпти. Уларнинг барчаси оптик тола алоқа линиялари ва замонавий компьютер жиҳозлари билан тўлиқ таъминланиб, ягона марказлашган ҳисоботларни юритиш тизими жорий этилди.
Ички бозорни ун, нон ва нон маҳсулотлари билан бир маромда таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириқлари билан 2022 йил ҳосилидан бошлаб дон корхоналарига қўшимча маблағлар ажратиляпти. Хусусан, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан “Ўздонмаҳсулот” компанияси тизими корхоналарининг биржа савдоларидан дон харид қилиш харажатларини қоплашга 800 миллиард сўмгача кредит ресурсларини тижорат банкларига Марказий банкнинг асосий ставкасида жойлаштириш топширилган. Бу ишлаб чиқарувчилар учун катта имконият бўлиш билан бирга, бозорлардаги нарх барқарорлигини таъминлашга замин яратади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири