Озиқ-овқат хавфсизлиги, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш бугун дунё халқларини бирдек ўйлантираётган масалалардан бири. Аслида, бозор иқтисодиёти шароитида нарх-навони бозор тамойиллари белгилайди. Яъни, бугун қайси маҳсулот қанчадан сотилишини бир ёки бир неча кун олдин башорат қилишнинг имкони йўқ. Худди шунингдек, маҳсулотга аниқ нарх белгилаб, уни ҳамма сотувчи учун мажбурий қилиш ҳам эркин бозор тамойилларига тўғри келмайди. Фақат бозор нархларини барқарорлаштириш чораларини кўриш мумкин холос.

Мамлакатимизда жорий йил 1 июндан бошлаб дон ва ун маҳсулотларини биржа савдолари орқали эркин нархларда сотиш йўлга қўйилди. Президентимизнинг шу йил 28 майдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиб, ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилди.

Бу фермер ва кластерлар учун ўз маҳсулотларини бозор нархида сотишларига имкон беради. Бошқа томондан, янги тизим ун ва нон маҳсулотлари нархига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Сабаби, энди аввалгидек давлат харажатларнинг бир қисмини ўз бўйнига олиб, тадбиркорга буғдойни арзон нархда бермайди. Ишлаб чиқарувчилар буғдой ва ун маҳсулотларини биржа орқали эркин нархларда сотиб олиб, тайёр маҳсулот нархини ҳам харажатларидан келиб чиққан ҳолда ўзлари белгилайди. Жараёнда айрим тадбиркорлар бундан фойдаланиб, нархларни кескин ошириб юбориши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Шу боис, давлатимиз раҳбари топшириғига асосан янги тизим шаффофлиги, тўлақонли ва адолатли ишлаб кетишини назорат қилувчи Бош прокурор бошчилигидаги Республика штаби тузилган. Ҳозирда 21 та вазирлик-идораларнинг раҳбарларидан иборат штабнинг барча ҳудудларда ҳудудий бўлимлари тўлиқ таркибда иш олиб боряпти. Улар ҳар куни ғаллани сотиб олиш ва сотишда буғдой етиштирувчилар манфаатдорлигини таъминлаш, ички бозорда ун ва дон маҳсулотлари нархининг ўсиши ва тақчиллигининг олдини олиш, муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича ишлар олиб бормоқда. Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Муродилла Абдуҳакимов штаб томонидан бозорда эркин нархларни шакллантириш ва аҳолини дон ҳамда ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.

— Бу йил ғаллани қабул қилиш ва уни сотишда жорий этилган бозор механизмлари, аввало, аҳолимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ғалла етиштирувчиларни иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган. Мазкур тизимнинг барча жараёнлари Республика ва ҳудудий штаблар, дон корхоналарига бириктирилган ишчи гуруҳлар томонидан тўлиқ назоратга олинган. Бизнинг асосий вазифамиз ички бозорни ун ва нон маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат. Яъни, бундан буён бозордаги нарх-навони давлат белгиламайди — буни бозор талабининг ўзи белгилайди. Бутун дунёда бозор тамойиллари шундай ва бозор иқтисодиёти механизмнинг моҳияти ҳам шунда. Бу жараёнда бизнинг вазифамиз таклифни кўпайтириш, бунинг учун тадбиркорларни кўпроқ бозор иқтисодиётида ўз ўрнини топиши, биржа савдоларида иштирок этиб, маҳсулотини эркин сотиши, харажатларини камайтиришга кўмаклашишдан иборат. Чунки бозорда талабга нисбатан таклиф кўп бўлса, нарх барқарорлиги таминланади. Қолаверса, соғлом рақобат муҳити шаклланади.

Шу боис, ҳар куни онлайн тарзда Республика штабининг йиғилиши ўтказилиб, ун маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг биржада сотилиши ва нон ишлаб чиқарувчиларга етказилиши ҳолати муҳокама қилиб борилмоқда. Республикадаги мавжуд 4,5 мингга яқин қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг номма-ном рўйхати шакллантирилди. Уларга фаолиятини тўхтовсиз, тўлиқ қувватда олиб боришлари учун прокуратура, департамент, МИБ ва солиқ идораларининг жами 2 137 нафар ходими бириктирилиб, ташкилий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатиляпти. Коммунал масалалар жойида ҳал этилиб, қаерда узилишлар бўлса, зудлик билан тиклаб бериляпти. Солиқ идораларининг ташаббуси билан қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг солиқдан қарздорлигини тўлаш муддати ҳам номаълум муддатга кечиктирилди.

Албатта, буни рақамлар билан ҳам кўрсатишимиз мумкин. Хусусан, шу ойнинг бошидан буён турли хил сабабларга кўра фаолияти тўхтаб қолган 10 та қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти тикланди. 111 та корхонанинг электр, газ ва сув таъминотидаги муаммолари бартараф қилинди. Масалан, Фарғона вилоятида жорий йилнинг май ойида 3 та қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга табиий газ истеъмоли учун лимит ажратилмагани оқибатида, улар фаолияти тўхтаб қолган. Ёки Оҳангарон туманидаги "Hostes family" МЧЖ қолипли нон ишлаб чиқариш биносининг газ таъминоти босими ва электр энергияси кучланиши ишлаб чиқариш ҳажмидан паст бўлгани сабабли тўлиқ қувватда ишламаган. Прокуратура органлари томонидан юқорида кўрсатилган камчиликлар бартараф қилиниб, уларнинг фаолияти қайта тикланди.

Бундан ташқари, 763 та корхонага биржа савдоларида иштирок этиб, ун сотиб олиш учун рўйхатдан ўтказилишига кўмаклашилди. Айланма маблағни шакллантириш учун 1 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди. Прокуратура органлари томонидан ун ва нон маҳсулотлари етказилишига масъул бўлган 358 нафар мансабдор шахслар қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида расман огоҳлантирилди.

Амалга оширилган ишлар ва кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида июнь ойининг бошидан буён 47,6 минг тонна ун биржа савдоларига   чиқарилди. 7 мингдан ортиқ тадбиркорлар томонидан 43,7 минг тонна ун сотилди. Бу ҳам бозор механизми ишлаётганидан далолат. Тадбиркорлар исталган дон корхонасидан исталган миқдорда ун маҳсулотлари сотиб олиши мумкин. Бу борада ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.

Биржа савдоларига ҳар куни етарли миқдорда ун қўйиляпти. Талаб ортиб кетган ҳолатларда куннинг иккинчи ярмида ҳам қўшимча ун маҳсулоти савдоларга чиқарилмоқда. Умуман, жорий йилнинг июнь ойида 170 минг тонна ун биржа савдолари орқали сотилиши режалаштирилган. Талаб мавжуд бўладиган тақдирда, ушбу миқдорни янада ошириш имконияти ҳисоб-китоб   қилинган. Бунинг учун дон корхоналаримизда захира ҳам, қувват ҳам етарли. Мамлакатимизда дон ва ун тақчиллиги кузатилишига ҳеч қандай асос йўқ.

Биржа савдолари барча учун очиқ

Республика штаби ва ҳудудий штабларнинг асосий вазифаларидан яна бири ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиниши ҳамда режадаги ғаллани даладан дон қабул қилиш шохобчаларига олиб келинишини таъминлашдан иборат. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари барча вилоятларда ғалла ўрими бошланган. Жорий йил мамлакатимизда 1 миллион 32 минг гектар майдонда 7,5 миллион тоннадан ортиқ буғдой етиштирилиши кутилмоқда. Ушбу кўрстакич ўтган йилга нисбатан 1,5 миллион тоннага кўп.

— Ўрим бошланганига қисқа муддат бўлган бўлсада, ҳозирга қадар 200 минг тоннадан ортиқ ғалла дон корхоналарига топширилди, — давом этди  Муродилла Абдуҳакимов. — Яратилган янги тизимга кўра, ғалланинг бир килограмми дастлабки нарх сифатида 3 минг сўмдан қабул қилинаётгани ҳамда келгусида биржа нархларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу нархга яна қўшимча ҳақ тўлаб берилиши барча деҳқон, фермерлар ҳамда кластерлар томонидан кўтарингки руҳда қабул қилиняпти.

Ҳозирда барча дон корхоналари ва уларга қарашли 174 та шахобчаларга мутасадди идораларнинг 1800 га яқин ходимлари бириктирилиб, соҳа вакиллари билан биргаликда ишлар олиб борилмоқда. Янги тизимга кўра, қабул қилинган дон учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш ишлари бошланган бўлиб, ҳозирга қадар ғалла етиштирувчиларга 146 миллиард сўмлик маблағлар тўлаб берилиши таъминланди. Ғалла етиштирувчилардан режадан ташқари ортиқча дон талаб қилинишига тўлиқ чек қўйилиб, ушбу жараён прокуратура ходимлари томонидан назоратга олингани ҳам фермерларда ишонч руҳини оширган. 

Умуман, бу йилги ғалла ҳосилидан кўнглимиз тўқ. Режани ортиғи билан бажариб, халқимизни дон ва ун маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш кутилмоқда. Режадан ташқари ҳосил эса фермер ва кластерларнинг ўзида қолади. Давлат янада қулайлик яратиш мақсадида фермер ёки кластерга тегишли дон маҳсулотини дон корхоналарида бепул сақлаб бериш вазифасини ҳам зиммасига оляпти. Яъни, дон корхонаси бугун маҳсулотини биржа орқали сота олмаса, то сотгунича бемалол дон корхонасида сақлаб тураверади ва исталган вақтда маҳсулотини биржа орқали сотиши мумкин.

Биржа савдолари кўплаб фермерлар учун янги тизим. Қолаверса, ўзимизда ишлаб чиқарилган ун маҳсулотлари аввал биржада сотилмаган. Шу боис, ушбу жараёнларни ташкиллаштиришда ҳам уларга кўмак бериляпти. Ҳудудларда турли тарғибот тадбирлари ташкил этиляпти. Асосийси, биржада иштирок этиш тўловлари бекор қилинган. Ҳозир исталган киши биржа савдоларида қатнаша олади.

Бу имкониятлар бозор механизмига ўтишни фаоллаштириб, сотувчи ва харидорларга қулайликлар яратади. Бозор нарх-навони белгилаши асносида талабга яраша таклиф ортиб бораверади. Рақобат муҳитининг шаклланиши эса озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Ирода ТОШМАТОВА ёзиб олди.

(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 7.06.22, 112-сонида эълон қилинган)