9-10 январь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Россиянинг Европа қисмининг шимолий ҳудудлари устида шаклланган жуда совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланди.
Бугун кундуз куни республика ҳудудининг катта қисмида қор ёғади, республикамизнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларини баъзи жойларида кучли бўлади.
11 январда фақат республикамизнинг марказий ва шарқий ҳудудларида жадаллиги асосан бироз бўлган қор ёғиши сақланиб туради.
Кейинчалик ҳафта охиригача Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
10-11 январь кунлари Сурхондарё вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг айрим жойларида шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида эса 23-25 м/с гача кучайиши мумкин.
Совуқ ҳавонинг кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳароратнинг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлади.
Ҳафтанинг ўртасига келиб, ҳарорат кечалари 12-17 даража совуқгача, баъзи жойларда 20 даража совуқгача, кундуз кунлари 5-10 даража совуқгача, баъзи жойларда 12 даража совуқгача пасаяди. Энг кучли совуқ республика шимолида - кечалари 20-25осовуқгача, Устюртда ва Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида 27-30 даража совуқгача, кундуз кунлари 7-12 даража совуқгача бўлиши кутилмоқда.
Ушбу ҳафтанинг охиригача аномал (ғайритабиий) совуқ об-ҳаво сақланиб туради.
Ўзбекистон бўйича энг паст ҳарорат қийматлари сўнги марта 2008 йилнинг январь ойида кузатилган. Республика ҳудуди бўйича ҳарорат 17-22 даража совуқгача, баъзи жойларда 24-26 даража совуқгача, Қорақалпоғистон Республикаси ва чўл ҳудудларда 30-33 даража совуқгача пасайиши қайд этилган. Ўша йилда Тошкентда минимал ҳарорат 17,4о совуқни ташкил этган.
1972, 1973, 1974 ва 1977 йилларда республика бўйича баъзи жойларда янада қаттиқ совуқлар кузатилган. Шимолда ва чўл ҳудудларда бу йилларда ҳарорат 33-38о совуқга етган. Тошкентда 1974 йилнинг январь ойида ҳаво ҳарорати 18,6о совуқгача пасайиши қайд этилган.