Яъни, хотин-қизларга бўлган муносабат мамлакатнинг демократик тамойилларидан келиб чиқиб белгиланади. Бу сўнгги йилларда фаол қўлланилаётган гендер тенгликнинг бир қисми.
Аслида, гендер паритети сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, шахслараро муносабатларнинг ривожига хизмат қиладиган ижтимоий адолат тамойиллари асосида жамият ҳаётини ташкил этишнинг долзарб муаммоси ҳисобланади. У жамият ҳаётининг муҳим таркибий қисми ва тўғридан-тўғри мавжуд маданият, ижтимоий муносабатларга таъсир қилувчи омилдир.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида гендер тенглиги, аёллар ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, бошқа мақсадлар доирасида ижтимоий тенглик масалаларини таъминлаш етакчилик қилишини кўришимиз мумкин. Ўзбекистон кўплаб давлатлар қатори Барқарор ривожланиш мақсадларининг фаол тарафдорларидан ҳисобланади ва уларни 2030 йилгача амалга ошириш бўйича Миллий индикаторлар тизимини ишлаб чиққан. Бу хотин-қизларга таълим олиш, меҳнат фаолияти ва бошқа ҳар қандай ҳаракатларда эркаклар билан тенг имкониятлар яратиб беришнинг жаҳон талабларига мос, шу билан бирга, ўзимизгагина хос бўлган чора-тадбирларини назарда тутади.
Тафовут ҳамон сезиларли даражада
Гендер тенглик ҳақида сўз борганда, аввало, унинг мазмун-моҳиятини тушуниб олиш тўғри бўлади. Масалан, биологик жинс инсон табиатининг туб жиҳати сифатида эркак ва аёлни ажратиб турадиган генетик, соматик, биофизиологик хусусиятларни англатса, гендер биологик жинс тушунчасидан фарқли равишда, жинсга оид ижтимоий хусусиятларни кўзда тутади. Яъни, гендер ижтимоий-маданий конструкт, эркаклар ва аёлларнинг ижтимоийлашув жараёнида орттирилган, жамият томонидан моделлаштирилган ва ижтимоий институтлар томонидан қўллаб-қувватланадиган хулқ-атвор хусусиятлари, турмуш тарзи меъёрлари тизимидир. У маданиятлар бўйича фарқ қилади ва вақт ўтиши билан ўзгариши мумкин.
Биологик жинс ва ижтимоий жинс дифференциясини биринчилардан бўлиб америкалик антрополог Маргарет Мид 1935 йилда таҳлил қилган. Гендер тушунчаси эса америкалик психоаналитик, социолог Роберт Столлер томонидан атама сифатида қўлланила бошлаган. Айнан Столлер биринчи бўлиб биологик жинс ва социомаданий жинс (gender) тушунчаларини ажратиб кўрсатди.
Гендер тенглик, эркаклар ва аёллар хуқуқи муаммолари узоқ тарихий трансформацияни бошдан кечирди. Бу жараён Ғарб ва Шарқ тамаддунининг ривожланиш тенденцияси, илмий-когнитив, ижтимоий-фалсафий тафаккурида ўз аксини топган. Машҳур файласуф Платон ушбу ижтимоий ҳолатга нисбатан ўз қарашларини билдириб, “Идеал давлат” асарида эркак ва аёл табиати ўртасидаги фарқ нисбий ва фақат репродуктив соҳага тааллуқли, деган хулосага келади. У ўз даврида анъана, урф-одатларнинг кучли ва узоқ муддатли таъсири натижасида “шўрва пишириш” ва “энагалик қилиш”га маҳкум бўлган хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, муаммонинг ижтимоий илдизларини очиб беради. Немис психологи, социолог, неофрейдизм асосчиларидан бири Эрих Зелигман Фромм эса “Эркак ва аёл” номли асарида “Ҳар бир инсон ўз турининг вакили сифатида индивидуал хусусиятларини, ўзига хослигини ривожлантириш эркинлигига эга бўлиши керак”, деб ёзади.
Чиндан ҳам, эркак ва аёлнинг жамиятдаги вазифалари кўпинча урф-одат ва қадриятлар асосида келиб чиқади. Эркак пул топиши керак, хотин-қизлар эса уйда ўтириб, рўзғор юмушлари, бола парвариши билан шуғулланиши зарур, деган тушунчалар аксарият халқларда азалдан шаклланиб келган. Ваҳоланки, хотин-қизлар ҳам турли соҳаларда алоҳида қобилият, иқтидорга эга ва улар буни намоён этиш, нафақат оила, балки жамиятда ўз ўрнини топишга ҳақли. Гендер тенглиги тамойиллари айни шу жиҳатларни назарда тутади ва унинг асоси ҳар бир инсоннинг шахс сифатида намоён бўлиши учун ижтимоий тўсиқлар ҳамда стереотипларни бартараф этиш, барча соҳаларда эркаклар ва аёллар учун тенг ижтимоий имкониятларни яратишдан иборат.
Гендерга оид стереотиплар хулқ-атвор, ижтимоий роллар, дунёқараш, мафкура, эмоционал интеллект шаклини белгилайдиган барқарор образлар, шаблонлар, ижтимоий кутишлар, фаолият мажмуини англатади. Масалан, оилада аёллар ва эркаклар ижтимоий ролларининг тақсимланишига оид гендер тенгсизлик тарихий илдизлар билан узвий боғлиқ бўлиб, консерватив стереотипларни шакллантирди. Бундай стереотиплар ижтимоийлашув жараёнида ўғил ва қиз болаларнинг ҳаётий амбициялари, истеъдоди ва қизиқишларини тўлиқ аниқлашда чеклашларни келтириб чиқариши, қарама-қаршиликларга, зиддиятларга, психологик муаммоларга олиб келиши ва ушбу стереотипларга жавоб беришни истамаслик бошқа одамларнинг таъқиб қилинишига сабаб бўлиши мумкин.
Афсуски, бундай ҳолатлар бизнинг давримизда ҳам тез-тез учраб туради. Ижтимоий ҳаётнинг айрим соҳаларида аёллар ва эркаклар тенгсизлиги ҳамон сақланиб қолмоқда. Масалан, давлат бошқаруви, сиёсий қарорлар қабул қилиш, йирик ва ўрта бизнес соҳасида эркакларнинг устунлик қилиши, уй юмушлари асосан аёлларнинг зиммасида эканини инкор этиб бўлмайди.
Хотин-қизлар сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этса-да, миллий парламентларнинг атиги 18,4 фоизини аёллар ташкил этади. Иш билан таъминланиш, карьера, ойлик маош миқдори, раҳбарлик лавозимларига тайинланиш масалаларида гендер билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Жинс бўйича иш ҳақидаги тафовут дунё миқёсида 23 фоиз, қишлоқ жойларида 40 фоизгача етган. Гендер тенглик айрим соҳаларда кузатилса-да, илм-фан, кибернетика, инженерия йўналишларида аёллар иштирокини талаб даражасида деб бўлмайди.
Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик эса гендерга асосланган зўравонликнинг энг жиддий шаклларидан биридир. БМТ маълумотларига кўра, жаҳондаги ҳар бешинчи аёл жисмоний ёки жинсий зўравонликка учрайди. Афсуски, бу аксарият жамиятларда сақланиб қолмоқда ва барча ижтимоий гуруҳларга таъсир кўрсатяпти.
Билим ва таълим — нажот
Бу ҳолатларнинг туб илдизи илмсизлик, таълим олмасликка бориб тақалиши ҳам рост. Шу жиҳатдан, гендер сенситивлик (гендер сезгирлик) бугунги давр таълим тизимида муҳим ўрин эгаллайди. У шахснинг гендер стереотиплари намоён бўлиши мумкин бўлган турли хил ҳаётий, касбий ва ижтимоий вазиятларни ҳал қилишга тайёрлигига оид назарий-прагматик ва гендер маърифати соҳасидаги билимлар асосида шаклланади. БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 4-мақсади ҳам умумқамровли ва адолатли, сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага ҳаёт давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш муаммоларига қаратилган.
Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда тараққиёт ва маърифатга эришиш, аввало, илм-фан, таълим ривожи билан боғланаётгани бежиз эмас. Ислоҳотлар аввалида, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг устунлиги, хусусан, эркак ва аёл ҳуқуқларининг ҳимояси, жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларига аҳамият масалалари кенг ўрин олган. Бу борада ҳуқуқий кафолатлар ҳам яратиляпти. 2019 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналиш ва механизмлари белгиланиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.
Бунинг натижасида жамиятда хотин-қизларнинг роли, фаолиятига нисбатан қарашлар том маънода ўзгармоқда. Энди аёлга фақат уй бекаси сифатида эмас, балки маълум бир касб эгаси, тадбиркор, раҳбар сифатида қараш одатий ҳолга айланди. Бугун мамлакатимиздаги ҳар бир аёл ўзи истаган соҳада ўқиб-ўрганиш, ишлашдан иккиланмаяпти, барча имтиёзлардан фойдаланган ҳолда дадил қадам ташламоқда. Буни турли соҳаларда аёллар фаоллиги ошиб, гендер тенглик кўрсаткичлари сезиларли ўсаётганида ҳам кўриш мумкин. Зеро, давлатимиз раҳбари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқида “Биз гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирамиз”, дея таъкидлаган эди.
Бунда асосий вазифалар таълим тизими зиммасига юклатилади. Бугунги замондаги таълим глобаллашаётган дунёнинг муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш, жамият ва шахснинг ахлоқий, этник, диний, гендер ва ижтимоий масалаларни англашга эришиш, ахборот ва билимлар жамияти дефинициялари дискурсида барча ижтимоий муносабатлар ва институтлар трансформацияси шароитида фаолият олиб бориш, инсонларнинг демократик жамиятда яшаш кўникмалари, фаол фуқаролик позицияси, инсон ҳуқуқларига ҳурмат туйғуларини шакллантириш вазифаларида етакчилик қилиши лозим.
Бошқа томондан, миллий тафаккурда аёлларнинг ижтимоий мавқеи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Араб тарихчиси, географ Шамсуддин Абу Абдуллоҳ ибн Баттута ўзининг “Саёҳатнома” асарида қайд этишича, турк хоқонлари имзо чекаётганда “султон ва унинг хотунининг амри билан”, деб ёзганлар. Туркийларнинг қадим ижтимоий-диний, маданий, космогоник ҳаётий тасаввурларида мавжуд Умай она, Момо Ҳаво, Чир Ине, Аёз момо, Момоқалдироқ каби дефинициялар ҳам туркий халқларнинг лисоний-когнитив тафаккуридаги аёлга бўлган экзистенциал муносабатидан дарак беради. Абу Райҳон Беруний ўз ижтимоий-педагогик қарашларида оила тинчи бевосита ақлли, фаросатли, тарбияли аёллар қўлида эканига алоҳида эътибор қаратган. Ислом таълимоти жоҳилият анъаналарини инкор этган ҳолда, хотин-қизларнинг ижтимоий даражасини оширди, аёлнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилди, таълим олиш ва мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқлади.
Гендер тенглик XXI аср кўникмалари ва универсал компетенцияларнинг муҳим таркибий қисми сифатида ҳам замонавий жамиятларда инсон ҳуқуқлари, конструктив гендер муносабатлари, ижтимоий бағрикенглик, маданиятлараро мулоқот ва ҳамкорлик тамойилларини ўрнатишда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада шахснинг билим ва компетенцияларини ривожлантириш долзарб масала бўлиб, уни амалга оширишга доир қатор таклифларни илгари суриш мумкин.
Хусусан, жамиятда гендер тенглиги маданиятини шакллантириш, гендер тенглигига оид меъёрлар ва қадриятларни етказиш жараёнини таъминлайдиган ўқув дастурларини яратиш, барча турдаги таълим дастурларига гендер тенглиги проблематикасига оид мавзулар ва асосий тушунчаларни киритиш, гендер соҳасида илмий изланишлар, тадқиқотларни рағбатлантириш кабилар муҳим вазифалардир. Қолаверса, умумий ўрта таълим дастурларига гендер тенглигига оид бир қатор мавзуларни қўшиш ҳам зарар қилмайди.
Боиси, бу борадаги тушунчаларни болаликдан тушунтириб бориш лозим. Унинг таълим билан боғлиқ ҳолда ўргатилиши эса жамиятда гендер тенгликка оид стереотипларнинг пайдо бўлишига йўл бермайди. Зеро, билимга асосланган ҳар қандай фикр ва тафаккур шахсий хулосаларнинг омманикидан фарқ қилиши, янгича ёндашувларга хизмат қилади.
Моҳира ХОЛИҚОВА,
Тошкент шаҳар педагогларни янги методикаларга ўргатиш
миллий маркази директори, доцент