Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси давлат геология қўмитасининг ҳукуматлараро кенгашга раислик қилувчи сифатида ўтган даврда бажарилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди. 2023 йилги кенгашга раислик қилиш ваколати Тожикистон Республикаси геология хизматига расман топширилди.

Ушбу сессия йиғилишида ҳукуматлараро кенгашга аъзо 8 давлатнинг геология хизматлари раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 июлдаги “Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси МДҲ давлатларининг Минерал-хомашё ресурсларини ўрганиш, қидириш ва фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш келишувига қўшилиши белгиланган. Мазкур қарорга биноан Давлат геология қўмитаси ушбу келишувда иштирок этиш учун ваколатли орган этиб тайинланган.

Ўтган йили 21 октябрда МДҲ давлатларининг “Ер қаърини қидириш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш” бўйича XXIV сессияси биринчи марта Тошкент шаҳрида ўтказилган ва навбатдаги сессияга қадар ҳукуматлараро кенгашга раислик қилиш ваколати Ўзбекистон давлат геология қўмитасига топширилганди.

Ўтган бир йил мобайнида қўмита қатор ишларни бажарди. Жумладан, ҳукуматлараро кенгашнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган истиқболли режаси тайёрланиб, аниқ лойиҳалар ва тадқиқот дастурлари ишлаб чиқилди.

Ўнта йўналиш бўйича йигирмага яқин халқаро ҳамкорлик лойиҳалари, жумладан, МДҲ давлатлари ҳудудининг кичик ва ўрта кўламдаги рақамли геологик, тектоник хариталарини тузиш ва интеграция қилиш ишлари бошланди.

Геология соҳасида маълумотларни рақамлаштириш, геология фондидаги 30 мингга яқин ҳисоботни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича амалий-тажриба алмашинуви йўлга қўйилди.

Йигирмадан зиёд ёш мутахассис хорижий илмий-ишлаб чиқариш ташкилотларида малака ошириб, фундаментал ва амалий тадқиқотларда қатнашмоқда.

Сессия натижаларига кўра, МДҲ давлатлари геология хизматлари ўртасида яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Жумладан, чегараолди ҳудудлардаги конларни излаш, минералогик баҳолаш, кам ўрганилган майдонларни замонавий усулларда тадқиқ этиш, чуқур геологик-геофизик тадқиқотлар олиб бориш, махсус геологик хариталар тузиш ҳамда ноанъанавий хомашё турларини қидириш ва маъданларни қайта ишлаш технологиялари бўйича янги лойиҳалар муҳокама этилиб, тегишли келишувларга эришилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси давлат геология қўмитаси ахборот хизмати хабарида.