Пойтахтимизда бўлиб ўтадиган «UzCharmExpo-2022» 12-халқаро кўргазма-ярмаркасида Германия делегацияси ҳам фаол иштирок этади. Учрашув аввалида Германия компанияси вакилига мамлакатимизда чарм-пойабзал ва мўйначилик саноатини янада ривожлантириш борасида давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар, қонунчилик базаси, хорижий сармоядорларга яратилган шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти, хом ашё базаси тўғрисида атрофлича маълумот тақдим этилди.
«Tutelo GmbH» компанияси вакили «UzCharmExpo-2022» халқаро кўргазма-ярмаркаси маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ва Германия компаниялари ўртасида чарм-пойабзал саноатида келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспорт келишувларига эришишда қулай бизнес-мулоқот майдони саналишини қайд этиб ўтди. Компания вакили айни мақсадда кўргазма доирасида Ўзбекистон корхоналари билан мулоқотлар ва музокаралар ўтказишни мақсад қилганини маълум қилди.
Шунингдек, учрашувда «Tutelo GmbH» компанияси вакили иккита ташаббусни илгари сурди. Қайд этилганидек, Бавариянинг икки компанияси Ўзбекистондан «премиум» сегментидаги пойабзалларни харид қилишни мақсад қилган. Боиси, мамлакатимиз корхоналарининг бу йўналишда ишлаб чиқараётган маҳсулотлари сифат ва нарх уйғунлигига эгадир. Шунингдек, ўрта нархдаги маҳсулотларнинг катта ҳажмдаги партиясини Германия бозорига етказиб бериш бўйича ҳам музокаралар ўтказилди.
Учрашув чоғида томонлар икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича фикр алмашди. Мазкур ҳужжат билан чарм-пойабзал соҳасида икки мамлакат ўртасидаги бизнес алоқалари янада яқинлаштирилади.
Маълумот учун: «Tutelo GmbH» барча турдаги маҳсулотлар дизайнини ишлаб чиқиш ва яратиш билан шуғулланади. Шунингдек, кийим-кечак, пойабзал, ва аксессуарларни тарқатиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиб келади.
Учрашув якунида томонлар билдирилган ташаббусларни атрофлича муҳокама қилиш бўйича «UzCharmExpo-2022» халқаро кўргазма-ярмаркаси доирасида маҳаллий корхоналар билан В2В учрашувларни ташкил этишга келишиб олди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.