Малакали тиббий хизмат кўрсатиш менежментига бағишланган ушбу тадбирда дастлаб Германиянинг Гамбург ҳарбий госпитали бўлим бошлиғи тиббий хизмат катта лейтенанти Флориан Вогель, Берлин ҳарбий госпитали бўлим бошлиғи Ҳеике Лосен Германияда ҳарбий хизматчиларга тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари ва ўзига хосликлари ҳақида маълумот берди.
Маърузачилар ўз тақдимотида дала шароитида ҳарбий хизматчиларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш, тор ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиб-таомилларини намойиш этди.
– Ушбу ҳамкорликдан кўзланган мақсад икки давлат ҳарбий шифокорлари ўртасида ҳарбий тиббиёт йўналишидаги сўнгги янгиликлар билан ўртоқлашиш, илғор тажриба ва фикр алмашишдан иборат, – дейди тиббий хизмат катта лейтенанти Флориан Вогель. – Мамлакатимиздаги ҳарбий госпиталлар унга яқин ҳудуддаги шифохоналар билан узвий алоқа ўрнатган. Сув ости, қуруқликдаги ва Ҳарбий ҳаво кучлари шахсий таркиби учун алоҳида тиббий хизмат кўрсатилади. Ўз навбатида, ҳарбий тиббиёт ходимлари парашютдан сакраш каби синовлардан ўтказилади. Юртингиздаги замонавий, юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўтказиш имкониятига эга бўлган ҳарбий клиник госпиталь фаолияти бизда катта таассурот қолдирди. Ишонаманки, соҳадаги халқаро ҳамкорлик келгусида ўзининг истиқболли натижаларини беради.
Лейтенант Дилшод Рўзиқулов,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти.