«Südthüringer Zeitung» – Тюрингия федерал ўлкасининг минтақавий кундалик газетаси. Нашр саҳифаларида таҳлилий материаллар, мақолалар, репортажлар, таниқли сиёсатчи ва тадбиркорларнинг интервьюлари чоп этилади.
Нашрнинг қайд этишича, Вернау шаҳридаги таълим соҳасига ихтисослашган компания Ўзбекистонни ўзи учун кашф этмоқда. Шу ўринда, мамлакат аҳоли ўсиш жараёнида эканига эътибор қаратилган.
“Ўзбекистонлик Алишер Эшонов ва Хонгелди Ибрагимов Штайнбах-Ҳалленберг шаҳридаги «Hehnke GmbH» компаниясида амалиёт ўташга қарор қилди, - дейилади мақолада. – Кўп йиллар давомида Жанубий Тюрингияда чет элдан малакали ишчиларни жалб қилиш бўйича турли лойиҳалар мавжуд. Бу жараёнда доимо тил билиш билан боғлиқ тўсиққа дуч келинади, баъзида режалаштирилган лойиҳани амалга ошириш учун етарлича ёшларни топиш қийин кечади. Эндиликда «Hehnke GmbH» компанияси янги ёндашувдан фойдаланмоқда”.
“Ўзбекистон ёшлари жуда меҳнасевар, илмга чанқоқ, янги билимларни тез ўзлаштиришга ҳаракат қилади, - дейди «Hehnke GmbH» директори Роймшюссель. – Биз уларни ўқитишимиз ва малакали мутахассислар қилиб тайёрлашимиз керак”.
Бу нафақат вазифа, балки имконият ҳамдир. Мақсад - аввалги дастурларнинг камчиликларидан хулоса чиқариш. Номзодлар билан батафсил суҳбатлар ўтказилади, аммо мулоқотдан сўнг ҳам ёшлар ёлғиз қолмайди. Германияда ўқиш пайтида ҳам уларга ҳамроҳлик қилишда давом этилади, дейилади мақолада.
“Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти ҳам бундай ҳамкорликдан манфаатдор. Мамлакат бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Бу эса ҳамкорликка “яшил чироқ” берилди деганидир”, - дея хулоса қилади «Südthüringer Zeitung».