Етти кун ичида ҳар 100 минг кишига 200 дан ортиқ касаллик ҳолатлари аниқланадиган туманларда, “ҳаракатланишни яшаш жойидан 15 кмгача — узрли сабабсиз қисқартириш”ни назарда тутадиган чекловлар бошланади. Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркель федерал штатлар бош вазирлари билан қўшма йиғилиш якунида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳар 100 минг кишига юқтириш ҳолатларини 50 тага камайтириш вазифаси қўйилган. Бу янги коронавирус мутациясининг тарқалишини ҳисобга олган ҳолда жуда муҳимдир. 10-январгача амал қиладиган чекловлар, масалан, чакана савдо тармоқлари ва ресторанлар учун уч ҳафта — 31-январга қадар узайтирилди. Учрашувлар битта хонадонда яшамайдиган фақат битта киши ёки бир хонадонга тегишли қариндошлар билан бўлиши мумкин.

Болалар боғчалари ва мактаблар 31 январгача ёпиқ қолади. Агар керак бўлса, болаларни парвариш қилишда шошилинч ёрдам кўрсатиш мумкин, машғулотлар масофавий форматда давом этади. Бундан ташқари, ота-оналар пуллик таътил олиши имконияти мавжуд.

Иккинчи чоракдан бошлаб аҳоли учун мавжуд бўлган вакцина дозалари сонининг кўпайишини кутиш керак, дея огоҳлантирди Меркель. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Германия эмлаш кампанияси доирасида ўз ҳаракатларини бошқа Европа Иттифоқи мамлакатлари билан мувофиқлаштиришни давом эттириши тўғри стратегия.

2020 йил 16 декабрдан бошлаб Германияда қаттиқ чеклов чоралари кучга кирди, бу дастлаб камида 2021 йил 10 январгача давом этиши керак эди. 2020 йил 26 декабрда эса Германияда эмлаш бошланди. Саксония-Анхальт федерал штатидаги қариялар уйининг ўнлаб аҳолиси, шу жумладан 101 ёшли аёл вакцинани олди.