Кўҳна қитъанинг 20 дан ошиқ давлатидан полвонлар иштирок этган ушбу мусобақада эркаклар +81 килограмм вазн тоифасида, аёллар +63 килограммда умумий мукофот жамғармаси 10 минг евро бўлган турнир ғолиблиги учун кураш олиб борди.
Азалий қадриятларимиз тарғиботи, миллий спортимиз курашнинг халқаро ривожи йўлида муҳим спорт тадбири бўлган ушбу мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Халқаро кураш ассоциацияси, Европа кураш конфедерацияси, Ўзбекистон ва Германия кураш федерацияси вакиллари, Германияда фаолият юритаётган бир қатор давлатларнинг дипломатик корпус вакиллари иштирок этиб, Ўзбек спортининг жозибасидан, кураш усулларидан баҳра олишди, спортчиларга муросасиз беллашувларда омад тилашди.
Нуфузли турнирда кураш Ватани бўлган Ўзбекистон полвонлари беллашувлар якунида совринли ўринлар билан кифояланганлиги Европада ҳам Ўзбек спорти – кураш ҳадисини олган спортчилар сони ортиб бораётганлигини кўрсатди.
- Кураш бўйича хорижий мамлакатларда ўтадиган ҳар бир турнир бу, миллий спортимиз, у орқали анъана ва қадриятларимизнинг тарғиботида, оммавийлашувида муҳим аҳамият касб этади. Германияда ташкил этилган мусобақа жараёнида бир қатор учрашувлар, давра суҳбатлари уюштирилди, ҳакам ва мураббийлар учун семинар ташкил қилинди. Юздан ошиқ ёшларга кураш бўйича мастер-класслар кўрсатилди, - дейди Ўзбекистон кураш федерацияси мутахассиси Сирожиддин Чориев.
Бевосита беллашувлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, +63 килограммли полвон қизлар баҳсида польшалик Сандра Лискин саралашларда рақибларини мағлуб этган ҳолда ярим финалда ҳамюртимиз Гуласал Ҳайдаровани енгиб, финалга йўл олди. Иккинчи ярим финалда эса Латвия вакиласи Гедутите Зубави Сиене руминиялик Лорена Подленискийни мағлуб этиб, ушбу вазнда олтин медалга асосий даъвогар эканлигини кўрсатди. Бироқ, финал курашида польшалик спортчи қиз рақибасига имкон қолдирмади ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қизлар ўртасидаги бош совринига эга чиқди.
Ўғил болалар ўртасидаги мусобақада Сербия, Словакия, Германия ва мамлакатимиз курашчилари ярим финал остонасигача етиб келди. Ҳал қилувчи кураш сербиялик Александр Колобик ва ҳамюртимиз Шоҳрух Усмонов ўртасида ўтди. Тенг курашлар остидаги баҳсда омад Сербия полвони Колобикка кулиб боқди ва у эркаклар ўртасида мусобақанинг бош совринига эга чиқди.
Ўз вазнларида 1-ўринни эгаллаган спортчилар 2500, 2-ўрин соҳиблари 1500 ва 3-ўриндан жой олган курашчилар 500 евро миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланди.
Натижалар эса қўйидагича:
Аёллар +63кг
1. Лискин Сандра (Польша)
2. Гедутите Зубави Сиене (Латвия)
3. Лорена Подлениский (Руминия)
3.Ҳайдарова Гуласал (Ўзбекистон)
+81 кг (эркаклар)
1. Колобик Александра (Сербия)
2. Усмонов Шоҳруҳ (Ўзбекистон)
3. Жоната Мартин (Словакия)
3. Голдҳаммер Жан Никлос (Германия)