Тадбирдан кўзланган мақсад Германиядаги ўзбекистонлик ёшларни уюштириш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳияти ривожланишига кўмаклашиш, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларга фаол жалб этиш билан изоҳланади.
Юртдошларимиз Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси»нинг мазмун-моҳияти билан танишдилар. Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мамлакатимиз ёшлари жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар бўлиб вояга етишларига катта эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, ёш ватандошларимиз ўқишни тамомлаганларидан сўнг Ватанимиз равнақи учун хизмат қилишни дилларига тугиб қўйишганини айтишди.
Шу билан бирга, давра суҳбати давомида ўзбекистонлик ёшларнинг ўқиш ва ишлаш шароитлари, келажакда кўзлаган мақсадлари, ватандошларимиз рўпара бўлаётган айрим муаммолар ҳамда уларнинг ҳал этилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Давра суҳбати интиҳосида ана шундай масалаларни биргаликда ҳал этиш, ватандош-талабаларнинг ишга жойлашишларига кўмак кўрсатиш, турли тадбирлар ва танловлар ўтказиш масалаларини мунтазам муҳокама қилишга даъват этилган Германиядаги «Ўзбекистонлик ёшлар клуби»ни ҳамда клубнинг Интернет тармоғидаги саҳифасини ташкил этишга келишиб олинди.
Тадбирдан сўнг айрим ўзбекистонлик ёшлар ўзларининг қуйидаги фикр-мулоҳазаларини билдиришди:
Дилшод Умиров, Германиянинг «Reisebank AG» компанияси ходими:
-Ўзбекистон Президенти томонидан ёшларга кўрсатилаётган эътиборни ҳар қадамда ҳис қиламан. Ана шундай табаррук заминда туғилиб ўсганим, шу азиз Ватан фарзанди эканлигимдан бахтиёрман. Зотан, кейинги йиллар давомида юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашга йўналтирилган эзгу ва катта эътиборга молик ишлар, туб ислоҳотларнинг кўлами тобора кенгаймоқда. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунини алоҳида таъкидлаш жоиз, деб ҳисоблайман. Чунки ушбу ҳужжат мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрликни янги босқичга олиб чиқди.
Абдулбоситхон Анвархонов, Гёте институти талабаси:
- Бош консулхона томонидан ташкил этилган бугунги тадбир тарихга муҳрланди. Чунки бугун Германияда илк бор «Ўзбекистонлик ёшлар клуби» тузилди ва унинг истиқболдаги вазифлари келишиб олинди. Давра суҳбати қизиқарли мулоқот ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Бундан биз жуда катта таассурот олдик.
Германияда таълим олаётган ва ишлаётган ёшларга бўлган бундай эътибор, шубҳасиз, бизни икки карра кўпроқ тиришқоқлик билан ўқиш ва изланишга, астойдил меҳнат қилишга, жонажон Ўзбекистонимиз равнақи йўлида ишлаб толмасликка ундайди.
Рухсора Толибжонова, Гёте институт талабаси:
- Бош консулхона томонидан Германияда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган «Ўзбекистонлик ёшлар клуби» ҳамда Интернет тармоғида махсус платформа ташкил этилишини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Энди Германияда яшаётган биз ватандошлар ушбу клуб атрофида бирлашиб, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатмиз равнақига ўзимизнинг камтарин ҳиссамизни қўшамиз.