“Дунё” АА қайд этишича, унда мамлакатимизнинг бой сайёҳлик салоҳияти ҳақида сўз юритилган.
«Pieschen Aktuell» – электрон журнал бўлиб, нашрга 2002 йил Дрезден шаҳрида асос солинган. Журнал саҳифаларида Германия ва дунёда иқтисодиёт, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда рўй бераётган сўнгги янгиликлар ёритиб борилади. Веб-саҳифага ҳар куни 100 минг нафардан зиёд ўқувчи киради.
Мақола «Pieschen Aktuell» мухбирининг фотограф Катрин Томински билан у ташкил этган «Ўзбекистон: минг бир кеча» кўргазмаси доирасидаги суҳбати асосида ёзилган. Катрин Томински Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси кўмагида 2019 йилда мамлакатимизга сафар қилган.
Немис сайёҳининг таъкидлашича, Ўзбекистон хорижлик сайёҳлар учун ёрқин таассуротлар ва илиқ хотиралар қолдирадиган жуда гўзал мамлакат. «Республиканинг қадимий шаҳарларининг бетакрор чиройи билан бир қаторда, ўзбек халқининг ўзига хос анъаналари, урф-одатлари ва меҳмондўстлиги ҳам менда катта таассурот қолдирди», - дейди германиялик фотограф.
Ўзбек халқининг очиқкўнгиллиги ва бағрикенглиги ҳақида гапирар экан, Катрин Томински шундай дейди: «Мен шу пайтгача ҳеч бир мамлакатда бундай чинакам камтарин ва хушфеъл кишиларни учратмаганман. Ҳатто катталар ҳам дунёга беғубор болалар каби қарашади – қувноқ, шодон, хушчақчақ ва мутлақо самимий».
Бухорони таърифлай туриб, муаллиф уни дунёга машҳур шаҳарлардан бири сифатида қайд этади. Бу ерда у ҳақиқий капучино қаҳвасини ичиш ва маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганини маълум қилади.
К.Томински шунингдек, бугунги кунда Германия ва Ўзбекистон халқлари ўртасида дўстона муносабатлар мустаҳкамланаётгани, икки давлат алоқалари барча соҳа ва йўналишларда яхши ривожланиш суръатига эгалигини мамнуният билан қайд этади.
Суҳбат якунида Катрин Томински «Pieschen Aktuell» электрон журналининг барча ўқувчиларини фотокўргазмадан олган таассуротларини янада бойитиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этади.