Учрашувда томонлар Ўзбекистонда транспорт соҳасини ривожлантиришда амалга оширилаётган ишларнинг фаоллаштирганини алоҳида таъкидладилар ва бажарилаётган ишларда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Германиянинг «Deutsche Bahn AG» темир йўл стратегик ҳамкорлиги жуда муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖни Германия темир йўлларининг илғор тажрибасига асосланган ҳолда такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

–Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Deutsche Bahn AG» компаниясининг консалтинг бўлими мутахассисларининг қўшма ишчи гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасида таркибий ислоҳотлар тўғрисида»ги қарори лойиҳасини тайёрлади, – деди Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов. – Айни пайтда, германиялик мутахассислари билан тайёрланган тавсияларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган. Рақамлаштириш соҳасидаги қарорларни жорий этиш орқали бизнес жараёнларининг самарадорлиги оширилади ва Ўзбекистон Республикаси темир йўл соҳасида Германия тажрибаси асосида мувофиқликни назорат қилиш тизимини яратиш қарор қабул қилишда инсон омилини камайтиради.

Видеоконференция доирасида Ўзбекистон Республикаси темир йўл тармоғини ислоҳ қилиш соҳасида амалга оширилган қўшма ишлар тўғрисидаги ҳисобот тингланди.

– «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Германия темир йўллари «Deutsche Bahn AG» компанияси билан стратегик ҳамкорлиги 2013 йилдан буён муваффақиятли давом этиб келмоқда, – дейди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари в.б. Хайитбай Омонов. – Германиялик экспертлар 19,2 километр узунликдаги «Қамчиқ» темир йўл тунели қурилиши, Қарши – Термиз темир йўл линиясини электрлаштириш, шунингдек, Тошкент метрополитени Сергели ва Юнусобод йўналишларини қуриш каби стратегик муҳим лойиҳалар устида иш олиб бордилар. Айни пайтда германиялик мутахассислар билан ҳамкорликда темир йўлларнинг ташкилий тузилмаси ва бошқарувини такомиллаштириш, молиявий барқарорликни ошириш, логистика салоҳиятини ва транзит йўлакларини ривожлантириш, рақамлаштириш, шунингдек, темир йўл транспортининг рақобатбардошлигини оширишда тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

Мамлакатларимизни нафақат ҳамкорлик муносабатлари, балки дўстона муносабатлар ҳам боғлаб туради, – деди Б.Яних, Германия Федерал транспорт ва рақамли инфратузилма вазирлиги халқаро алоқалар ва ташқи иқтисодий алоқалар рефератининг раҳбари. – Германияда мамлакатнинг бутун иқтисодиёти темир йўл транспортига асосланган. Бундан ташқари, ҳозирги кунда дунёдаги барча темир йўллар қайта тикланиш (ренесанс) даврини бошдан кечирмоқда. Бу, айниқса, пандемия шароитида яққол намоён бўлди ва барчамиз темир йўл транспортининг нақадар муҳимлигини англаб етдик. Шу сабабли, замонавий шароитда ушбу соҳани муваффақиятли шаклланиш даражасида ривожлантириш зарур ва шу нуқтаи назардан биз Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигимизни билдирамиз.

Учрашувда, шунингдек, йўловчилар ва сайёҳларни ташишда мультимодал усулидан фойдаланган ҳолда йўловчилар иқтисодиётини яхшилаш бўйича, режалаштирилган қўшма чора-тадбирлар, йўловчилар сонини кўпайтириш ва уларга хизмат кўрсатишда замонавий усуллардан фойдаланиш учун вокзаллар ва станциялар мажмуаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Дунёда авж олган коронавирус пандемияси туфайли ўзаро мутахассислар билан тажриба алмашиш, темир йўл соҳаси ходимлари учун амалиёт ўташ ва талабаларимизни «Deutsche Bahn AG» компаниясида ўқитиш бўйича мавжуд келишувларни амалга оширишнинг ҳозирча имкони йўқ. Аммо, эпидемиологик вазият барқарорлашиб бориши билан Германиянинг илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда темир йўл транспорти соҳасида малакасини ошириш ва ўқитиш бўйича лойиҳаларни тўлиқ амалга оширишни бошлаш режалаштирилмоқда.

Учрашув якунида транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида Германия билан алоқаларни кенгайтиришга келишиб олинди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.